27.02.2018

МЕҲНАТ ҲУҚУҚИ — МУҚАДДАС ҲУҚУҚ

Аҳолини иш билан таъминлаш масаласи тубдан қайта кўриб чиқилмоқда

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига 2018 йил учун 714 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ўтган йили бу кўрсаткич 84 миллиардни ташкил қилган эди.

Жорий йилда 346,7 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

 

Миллий матбуот марказида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ва бошқа масалалар бўйича ўтган йилда амалга оширилган ишлар, бу йилги вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Таъкидландики, 2017 йилда асосан иш ўринлари сонига эмас, сифатига эътибор қаратилган. Ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан 230 мингга яқин фуқаро ишга жойлашиши таъминланган. 27 минг ҳамюртимиз жамоат ишларига жалб қилинган бўлса, 6,6 минг киши касбга ўқитилган. 10,4 минг нафар фуқарога ишсизлик нафақаси та­йинланган.

Иш ўринлари ҳақида ҳаққоний маълумотлар бўлишини таъминлаш, бар­қарор иш жойлари ташкил этиш зарур, — деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов. — Доимий иш асосан саноат корхоналари қурилиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш ҳисобига ташкил этилади. Бизнинг асосий вазифаларимиздан бири бандликка кўмаклашиш бўйича махсус тизим яратишдан иборат. Шундан келиб чиқиб, ҳудудий банд­ликка кўмаклашиш марказлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқяпмиз. Биринчи галда иш услубини ўзгартирдик. Яъни ишсизлик миқдорини, тугатилган иш ўринларини аниқлаш ва бошқа масалаларда янгича ёндашув қўллаяпмиз. Албатта, бунда ишсизлик кўрсаткичи ортиши мумкин. Лекин ҳақиқий аҳволни ўрганамиз.

Масалан, биринчи ва иккинчи чоракда ҳар бир хонадонга кириб бориш режалашаштирилган. Бандликни таъминлаш билан боғлиқ маълумотлар таҳлилий ўрганилади. Натижага қараб ишга жойлаштириш чоралари кўрилади. Биламизки, вакант ўринларга ишга жойлашиш учун айрим фуқароларнинг маҳорати етишмайди ёки касби тўғри келмайди. Шуни инобатга олган ҳолда, қайта ўқитиш бўйича дастур устида иш олиб борил­япти. Даст­лаб камида 25 минг кишини қайта ўқитиш режа­лаштирил­япти.

Ўз ўрнида кимлар ўқитилади, деган савол туғилади. Қайд этилдики, биринчи навбатда, ўтган йил ноябрь ­ойидаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Президент фармони асосида вазирликка бириктирилган 16 та касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўқийди.

Самарқанд, Тошкент шаҳарларида Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни мослаштириш ва ўқитиш маркази очилган, жорий йилда худди шундай марказни Фарғона шаҳрида очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитадиган марказларни ҳар бир ҳудудда ташкил қилиш, Корея ва Россия давлатларида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агент­лиги ваколатхоналарини очиш режалаштирилган.

Анжуманда вазирликнинг банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштиришни ташкил қилиш бошқармаси бошлиғи Фахриддин Суюнов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Равшан ­Ибрагимов ва бошқалар тизимда олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Журналистлар ва вазирлик мутасаддилари ўртасида қизғин савол-жавоб бўлиб ўтди.

САВОЛ:

Ташқи миграция агентлиги 2018 йил учун Корея Республикаси билан чора-тадбирлар режаси тузганми ва мазкур мамлакатда ўзбекистонлик мигрантларнинг имиджини, рақобатбардошлилигини ошириш учун қандай ишлар олиб борилмоқда?

ЖАВОБ:

Албатта, жорий йилда ҳам квоталар ажратилган. Махсус дастуримиз бор, бу ҳақда тез орада сайтимизда эълон қиламиз. Рақобатбардошлилик биринчи галда ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Лекин биз ҳам қараб турмаймиз. Ишсиз ёшларнинг меҳнат бозорида фаоллигини оширишга хизмат қиладиган махсус марказлар ишга туширилади. Бунинг учун бизда имкониятлар етарли.

Масаланинг яна бир томонига алоҳида эътибор қаратишимиз керак. ­Йилдан-йилга Корея томонидан ажратилаётган квота сони камайиб бормоқда. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Мигрантларнинг тил билмаслиги у ерга борганда маълум бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, шартномани бузиш ёки шартнома муддати тугагач, Ўзбекистонга қайтмасдан, Кореяда қолиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ўйлайманки, келажакда мана шу муаммоларга ечим топилса, ишчи кучларига талаб яна ортади.

САВОЛ:

Январь ойида Тошкент шаҳридаги вақтинча ишларни ташкил этиш бюроларини кузатдим ва уларнинг айримларида раҳбарлар вазифасига масъулият билан ёндашмаётганига гувоҳ бўлдим. Хусусан, «Қўй­лиқ» бозори атрофида фуқаронинг қўлида бюро берган рухсатнома бўла туриб, ички ишлар ходимлари томонидан жаримага тортилди. Бу қанчалар тўғри? ­Вазирлик томонидан ушбу тизимда қандай қўшимча чоралар кўрилмоқда?

ЖАВОБ:

Мардикор бозорлари бўйича ­муаммолар босқичма-босқич ҳал этиб келинмоқда. Масаланинг объектив ва субъектив томонлари бор. Иш берувчиларнинг аксарият қисми жисмоний шахслардан иборат бўлгани учун шарт­нома тузишда муаммолар юзага келмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, ­бюронинг ишини такомиллаштириш бўйича дастур тайёрланяпти.

Янги услубларни йўлга қўямиз. Масалан, фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида арзон нархда иш қуролларини ижарага бериш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, айнан «Қўйлиқ» бозори атрофида хотин-қизлар учун алоҳида бюро ташкил этилади ва у тез орада фаолиятини бошлайди. Бюро билан шартнома имзолаган шахс­лар 6 ойгача Тошкент шаҳрида яшаш ва ишлаш учун рўйхатдан ўтиш имконига эга бўлади.

Яна бир нарсани ҳам унутмаслик керак. Бюрода рўйхатдан ўтганликнинг ўзига хос афзалликлари бор. Яъни жароҳат олиш, иш ҳақини бермай қўйиш ёки алданиб қолиш каби ҳолатларни назорат қилиш имкони юзага келади.

Иккинчидан, ички ишлар ходимлари ҳукумат қарори асосида бюрога бириктирилади. Тартиб қоидаларни бузганлар жаримага тортилиши ҳам мумкин. Чунки бюро томонидан берилган гувоҳнома вақтинчалик ёки доимий рўйхатдан ўтган, дейиш учун асос бўла олмайди. Бюро фуқаронинг иш билан боғлиқ манфаатларини ҳимоя қилишга масъул ҳисобланади.

САВОЛ:

Ногиронлиги бўлган шахс­ларни иш билан таъминлаш масаласи долзарблигича қолмоқда. Улар учун иш ўринлари яратиш борасида қандай чоралар кўрилмоқда?

ЖАВОБ:

Президентнинг 2017 йилнинг 1 декабридаги фармони асосида 51 банддан иборат комплекс чора-тадбирлар дас­тури ишлаб чиқилмоқда. Мақсад — ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун тўсиқсиз муҳит яратиш.

Масалан, ногиронлиги бўл­ган шахс­лар учун иш ўрни яратган тадбиркорга субсидиялар берилиши ёки уйда тадбиркорлик қилмоқчи бўлган шахс­ларга маблағ ажратилиши назарда тутиляпти.

Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамғармаси, «Ёшлар» иттифоқи билан ҳамкорлик қиляпмиз. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаганларга грант­лар бериш, моддий рағбатлантириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, жорий йилдан ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш тизими йўлга қўйилади.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ногиронлиги бўлган шахс­ларга тиббий хулоса бериш масаласи ҳам тубдан қайта кўриб чиқиляпти. «Меҳнатга лаёқатсиз» тушунчаси шахсга нисбатан камситиш, деб баҳоланмоқда. Яъни 1-, 2- ёки 3-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий экспертиза хулосаси беришда бутунлай янги, айтиш мумкинки, инсонпарвар ёндашувлар жорий қилиниши кўзда тутилмоқда.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.