Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
22.02.2018

«ЭЛИМИЗГА НУР КЕЛАДИ»

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Ҳазрати имом мажмуасида диний уламолар, жамоат бирлашмалари вакиллари билан учрашуви чоғида Қуръони каримни тўғри ва гўзал ўқиш бўйича кўп босқичли мусобақа ўтказиш фикрини илгари сурган эди.

Айни пайтда мамлакатимизнинг барча туман, шаҳар ва вилоятларида уч бос­қичли Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичлари ўтказилмоқда. Бунинг учун қироат билимдонларига марказий масжидлар ҳамда муҳташам кошоналар ажратилди.

Тошкент шаҳридаги «Мумтоз» кошонасида ўтказилган Қуръон мусобақасининг Шайхонтоҳур туман босқичига йиғилганлар, қироатлардан баҳраманд бўлишни истаган томошабинлар билан гавжум бўлди. Кошона ичида ва таш­қарисидаги улкан саҳналарга мониторлар ўрнатилиб, ҳар бир қори ва қорияларнинг мусобақада иштироки намойиш этиб турилди.

— Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади, — деган эди Президентимиз, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръон мусобақаси ҳайъати ­раиси Абдулҳаким Матқулов. — Чиндан ҳам бу файзли давралар Қуръон каломларидан ёришаяпти, кўнгилларга нур ёғилаяпти. Муқаддас оятларга ташна халқимиз мусобақа ўтаётган жойларга оқиб келяпти. Мўъжизавий каломга қулоқ тутиш истагида узоқ-яқиндан келган одамларнинг охири кўринмайди.

Қуръони карим қироати бўйича иқтидори бўлган 18-40 ёшдаги эркак ва аёллар ҳифз ва тиловат йўналишларида иштирок этишди. Ҳифз йўналишида Қуръони каримни тўла ёд олган қори ва қориялар, тиловат йўналишида эса Қуръонни гўзал тарзда тиловат қила оладиган фуқаролар қатнашишди.

Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг қобилияти ва ҳифз — Қуръонни пухта ва хатосиз ёд олганлиги, тажвид қоидаларига тўла амал қилган ҳолда ўқиши, овоз имкониятлари ва тараннум-оҳангдорлик маҳорати билан ўқишига кўра баҳо бериб бордилар.

«Кўкча» жомеъ масжидида ўтказилган мусобақада ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, 18-25 ёшли қорилар ўртасида тиловат йўналиши бўйича Баҳромов Баҳром Бахтиёр ўғли, ҳифз йўналиши бўйича Абдуллаев Абдулбосит Акбаржон ўғли биринчи ўринни эгалладилар.

«Мумтоз» кошонасида тиловат йўналишида 18-40 ёшли аёллар ўртасида ўтказилган мусобақада биринчи ўрин Муслимахон Қудратова ҳамда Наргизахон Тешабоевага насиб этди.

— Қуръон Аллоҳнинг энг буюк мўъжизаси, уни суйган бандалар ҳамиша унинг ҳифзи-ҳимоясида бўлади, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжид бўлими раҳбари Раҳимберди Раҳмонов. — Юртимиз гўшаларида давом этаётган бундай тадбирлар инсоннинг Ватанига, эл-юртига ихлосини, меҳр-муҳаббатини оширади, Қуръон оятлари зикр этилган жойларда фаришталар дуога қўл очади, бандаларга раҳмат онлари насиб этади.

— Ҳозир Қуръон мусобақаларининг туман, шаҳар, вилоят босқичларида ғолиб чиққан қори ва қория­лар апрель ойида Республика босқичида иштирок этадилар, — деди Шайхонтоҳур тумани бош отинойиси Феруза Сулаймонова. — Бу ҳалқимиз учун ўзига хос Қуръон байрами бўлди. Буни қалбан ҳис қилиш керак. Илгари диний эътиқоди учун қанча-қанча уламоларимиз, оддий инсонлар қатағон қилинган эди. Худога минг қатла шукур, мана шундай дориломон кунларга етиб келдик. Бундай муборак ишлар бардавом бўлсин, ҳаммамизни Аллоҳ таоло доимо паноҳида асрасин!

Мазкур мусобақалар онлайн тарзда минглаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эътиборига ҳавола этиб борилмоқда.

 

Дилдор ИСОҚОВА



DB query error.
Please try later.