Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
22.02.2018

БОШЛАНҒИЧ СИНФ ЎҚУВЧИЛАРИ ЭНДИ ҲАФТАСИГА БЕШ КУН ЎҚИЙДИ

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 9 февралда ўтказилган йиғилиш баёнига кўра, ривожланган мамлакатлар тажрибаси ҳамда бошланғич синф ўқувчиларига ўтиладиган дарслар юкламаси миқдоридан келиб чиқилган ҳолда умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синф­лари жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб ҳафтада беш кунлик ўқиш жараёнига ўтказиладиган бўлди.

Мухбиримиз Халқ таълими вазирлиги таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш Бош бошқармаси бош назоратчиси Ҳакимбой САМАНДАРОВ билан бу ҳақда суҳбатлашди.

— Таълим тизимидаги бу ўзгаришларни амалга ошириш жараёнида хориж тажрибаси ўрганилди, мутахассислар томонидан мониторинглар олиб борилди, маҳаллий менталитет, ота-оналар, экспертлар хулосаси инобатга олинди, — дейди у. — Тўғри, бошланғич синфларда таълим олаётган ўқувчиларимиз хориж мамлакатларидаги тенгдошларидан қайсидир даражада зийраклиги, ҳаракатчанлиги билан ажралиб туришади, ҳатто устунлик қилади, дейиш мумкин. Лекин барибир уларга қўйилган дарс юкламаси ҳафта охирига бориб, оғирлик қилиб қолаётгани тизимга янгича ёндашишни талаб қиларди.

— Бу борада ривожланган мамлакатлар тажрибаси қандай натижалар берган?

— Мана, масалан, Японияни олайлик. 1992 йилдан бошлаб ҳукумат қарори асосида бошланғич синф ўқувчиларининг дам олиш кунлари бир кундан икки кунга узайтирилди. У ерда бошланғич мактабларда ўқиш 6 йил, ўрта мактаблар 3 йил ҳамда юқори синфларда ўқиш 3 йил давом этади, сўнгра эса ўқувчиларнинг хоҳишларига биноан улар 4 йил мобайнида университетда ўқишлари мумкин бўлади. Жанубий Кореяда ҳам ана шу тизим жорий этилган. Уларнинг таълим тизими нафақат Тинч океани ҳудудида, балки бутун дунёда энг яхши тизимлар сирасига киради. Мазкур мамлакатда бошланғич синф ўқувчиларини беш кунлик таҳсилга ўтказилишининг асосий сабабларидан бири — боланинг жамиятга аралашувини таъминлаш.

Бу нима дегани? Бу дегани — ота-оналар ишдан бўш бўлган шанба-якшанба кунлари маданий ҳордиқ олишга чиқишади, қариндошлариникига меҳмонга боришади, ана шунда улар фарзандларини ҳам ўзлари билан олиб бориш имконига эга бўлишади. Бола у ерда кўп нарсаларни кўради, тушунмаганларини ота-онасидан сўраб олади, янги-янги кўникмалар ҳосил қилади, тасаввури кенгаяди. Ёки бўлмаса, Японияда спорт клублари ва маданий клублар фаолият кўрсатади. Бу икки клубда болалар шуғулланиши учун хилма-хил йўналишлар бор. Ота-она боласининг қизиқишига қараб, уни ўша жойга олиб боради, машғулотлар ­тугагунга қадар фарзандига далда бўлиб, қўллаб-қувватлаб туради.

— Янги ўқув йилидан бошлаб барча умумтаълим мактабларининг 2-4-синф ўқувчилари ҳам ҳафтасига 5 кун ўқийдиган бўладими?

— Шундай. Ҳафталик ўқув давомийлиги 5 кунлик ўқиш жараёнига ўтилиши муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бошланғич синфларда халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда умумий ўрта таълимга қўйиладиган санитария қоидалари, нормалари ва гигие­на нормативларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Бундан ташқари, ҳафталик ўқув режа ва дастурлари шунга қараб мослаштирилади. Бошланғич синф­лар учун мўлжалланган амалдаги давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурларининг тўлиқ бажарилиши назорат қилиб борилади.

— Ихтисослашган мактабларда ҳам бу янгилик қўлланиладими?

— Жорий ўқув йилининг IV чорагида бошланғич синф­ларда ҳафталик ўқув давомийлигининг 5 кунлик ўқиш жараёнини вазирлик тасарруфидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларида, яъни чуқурлаштирилган табиий фанлар, мусиқа ва бошқа соҳаларга ихтисослашган мактабларда тажриба-синовдан ўтказилади ва аниқланган камчиликлар бартараф этилади.

Эндиликда ҳафтанинг шанба кунлари бошланғич синф ўқувчиларининг қизиқиши ва хоҳиш-истагига қараб, ота-оналар уларни турли фан тўгараклари, спорт секциялари ҳамда маънавий-маърифий тадбирларга бирга олиб бориши, дам олиш кунини бирга ўтказиши мумкин. Бу уларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишида жуда катта роль ўйнайди.

Маълумки, кўпгина оилаларда ота ёки она хизмат тақозоси билан тонг саҳарлаб ишга кетади, бу пайт­да фарзанди ухлаб ётган бўлади, кечқурун кечроқ қайтгани учун яна у билан мулоқотда бўлолмайди.

Шу кунларда мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида ота-оналар мажлиси ўтказилиб, уларга таълим тизимидаги бу ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти бўйича атрофлича маълумот берилади.

Умумий ўрта таълим мактабларининг бошланғич синфларида ҳафталик ўқув давомийлиги 5 кунлик ўқиш жараёнига ўтилишига ота-оналар ҳам ижобий муносабат билдиришмоқда.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.