14.11.2017

ШАРАФЛИ КАСБ ЭГАЛАРИГА ЭҲТИРОМ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тиббиёт соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада сўнгги бир йил мобайнида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада тиббий хизмат кўрсатиш сифати ортиб, соҳани такомиллаштириш ишлари изчил давом этмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунга асосан мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари байрами сифатида кенг нишонланади.

Ўзбек Миллий академик драма театрида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, тиббиёт соҳаси ходимлари, профессор-ўқитувчилар, олимлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Байрам тадбирида таъкидланганидек бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштиришга оид қарор ижроси доирасида 793 қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникаси, 441 тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги, Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида 10 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилди. Жорий йилда олий ўқув юртларининг бакалавриатура босқичини битирган 3 мингдан зиёд ёш мутахассиснинг қарийб 80 фоизи бирламчи тизимга ишга юборилди.

Соҳага ажратилаётган маблағлар ҳажми сезиларли ошиб, хусусий сектор вакилларига кенг имтиёзлар яратилди. Эътиборлиси, хусусий сектор вакиллари тиббиёт йўналишида нафақат шаҳарларни, балки қишлоқларни ҳам қамраб олмоқда.

Жорий йил мобайнида 1 минг 200 тез тиббий ёрдам станцияси ва кичик станцияси ташкил этилиб, бугунги кунда уларнинг сони 2 минг 100 дан ошди. Бу йил юқумли касалликларга қарши дастурий эмлашга маблағлар тўлалигича давлат бюджети ҳисобидан қопланди. Бу мақсадга 2017 йил учун 42,3 миллиард сўм маблағ ажратилди. ­Эмлаш даражаси 99,5 фоизни ташкил этди. Пировардида, мамлакатимизда ўта хавфли касалликлар кузатилмади, оналар ўлими сезиларли камайди. 2018 йилдан жаҳонда биринчилардан бўлиб ўсмир қизларни папиллома вирусига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш йўлга қўйилади. Бу аёллар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дори воситаларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган эркин иқтисодий зоналар фаолияти йўлга қўйилгани ўз самарасини бераётир. Айни пайтда юртимизда фаолият бошлаган 7 эркин иқтисодий ҳудудда табиий воситалардан дори-дармон ишлаб чиқарилмоқда. Жорий йил 76 янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Бугунга қадар чет эл нуфузли тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ ҳамюртимиз Ўзбекистонга қайтарилди. Улар учун барча зарур шароитлар яратиб берилди. Айни дамда малакали мутахассислар халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилмоқда. Яна бир қувонарли янгилик. Мамлакатимиз тиббиёти тарихида илк бор трансплантология бўйича замонавий операцияларни амалга ошириш бошланди. Трансплантология соҳасининг жаҳондаги етук мутахассислари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Тиббий ихтисослашган марказлар фаолиятида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳам яхши самара бермоқда. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизга чет эллик юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Бугунги кунга қадар мамлакатимизда 200 дан ортиқ хорижлик мутахассис иштирокида мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди.

Тантанали тадбирда таниқли санъаткорлар ижросида концерт намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Юнусходжаев сўзга чиқди.

 

Улуғбек АСРОРОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.