09.11.2017

ШАРОФ РАШИДОВ БИЛАН УЧРАШУВ

бутун ҳаётимни ўзгартириб юборган

Жиззах шаҳрида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларни катта ҳаяжон ва эҳтиром билан кузатдим. Айниқса, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқи мени ниҳоятда тўлқинлантириб юборди. Давлатимиз раҳбари ҳаммамизнинг дилимиз тубида ётган гапларни айтди, назаримда. «У киши бир умр ўзи каби содда ва камтарин одамларга елкадош бўлиб, уларнинг дарду ташвишлари билан яшади. Уларга хизмат қилишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб билди.

Ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам халқимиз манфаатини ўйлаб, амалга оширган ана шундай савобли ишларини эл-юртимиз ҳеч қачон унутмайди». Бу сўзлар айни ҳақиқат.

Шароф Рашидов бизнинг хотирамизда самимият, ҳалоллик ва ўз миллатига садоқатнинг тимсоли бўлиб муҳр­ланиб қолган. Шахсан менга ҳам у киши билан учрашиш, ғамхўрликларидан бевосита баҳраманд бўлиш бахти насиб этган.

Маълумки, Шароф Рашидовнинг ижод аҳлига муносабати, эътибори бошқача эди. Бунга ўзим шахсан гувоҳ бўлганман. Менинг отам нав­қирон ёшида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган. Онам 21 ёшида ана шу оғир айрилиқ азобида қолган. Онамнинг нияти мени ўқитиш, олий маълумотли қилиш эди. Мактабни тугатиб, олий ўқув юртига ҳужжат топширдиму иситмалаб, қирқ кун ётиб қолдим. Консультацияга боролмадим. Уйда тайёргарлик кўрдим. Биринчи имтиҳон — рус тилидан диктант ёзиб, «4» баҳо олдим. Иншодан баҳоим «5» бўлди. Оғзаки имтиҳондан ҳам яхши ўтдим. Олтита имтиҳондан 29 балл тўпладим. Ўша йили вилоятлардан келган абитуриентларга эътибор катта бўлиб, улар кўпроқ қабул қилинди. Мени резервга ўқишга қабул қилишди. Энг охирги партада ўтириб, дарс тинглайман. Ярим йил ўтди, ҳамма имтиҳон топширди. Мендан ҳеч ким сўрамади. Деканатга кириб, ёлвориб, рухсат олиб, имтиҳонларимни топшираман. Алоҳида бир қоғозга «5» баҳо қўйиб беришади. Иккинчи ярим йилликда ҳам шу ҳол такрорланди. Ҳамма баҳоларим «5», лекин иккинчи курс­га ўтишга ҳаққим йўқ. Чунки кимдир ўқишни ташлаб кетган тақдирда, унинг ўрнига мени қабул қилишлари мумкин эди. Ўша кунлар ёдимга тушса, ўзимга ўзим ачиниб кетаман. Онам ишламайди, бувам­ 10 сўм пенсия олади. Ана шу пулдан менга йўлкира бериб туради, зўрға ўқишга бориб келаман.

Биринчи курсда қолиб кетаётганимдан эзилиб, йиғлаб-йиғлаб олар эдим. Отам ҳаёт бўлганида бундай қи­йинчиликни кўрмас эдим, деб ўйлардим. Дугоналаримдан бири менга ачиниб, ўргатди. Отам урушда ҳалок бўлган, онам ишламайди, ўзим ўқишни хоҳлайман, менга ёрдам беринг, деб Ўзбекистон Олий советига ариза ёздирди-да, уни ўзи олиб кетди. Орадан ўн кун ўтар-ўтмас, жавоб хати олдим. Хатда Олий совет қабулхонасига боришим айтилган эди.

Қабулхонага бордим, кўпчилик навбат кутиб турган экан. Мен озғин, юпин кийинган қиз эдим. Ўзимни жуда ноқулай сезардим. Бир пайт эшик очилиб, юзларидан нур ёғилиб турган отахон кириб келди. Ҳамма ўрнидан турди. У киши биз билан қўл бериб сўрашиб, ичкарига кириб кетди. Мен ҳаяжондан титраб ўтирардим... Навбатим келгач, Холхўжаева Нилуфар ким, деб чақиришди. Ичкарига кирдим. Салом-аликдан сўнг нима масалада келганимни сўради. Бор воқеани айтдим. «Яхши, ҳамкасб эканмиз», деди. Сўнгра ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ)нинг ректори Саримсоқовга қўнғироқ қилди. Қисқа саломлашгач, «Ҳозир олдингизга Холхўжаева Нилуфар, деган қиз боради. Уни 2-курсга қабул қилинг» деди. Телефон гўшагидан «Хўп-хўп, жоним билан», деган овоз эшитилди. Кейин отахон менга юзланиб, «Қизим, отам йўқ деб, кўп ўксинманг, биз бормиз, ўқишни худди шундай давом эттиринг. Худо хоҳласа, янаги­ йили 2-курсни ҳам «5» баҳоларга битказсангиз, менга «зачоткангизни» кўрсатиб ­кетинг», деб хайрлашди. Олий советдан чиқиб, ТошДУга шошганча етиб келсам, ҳайрон қоласиз, сизга ёлғон, Худога чин, ­Саримсоқов бино эшиги олдида мени кутиб турган экан...

Кейин билсам, менга ёрдам берган киши Ўзбекис­тон Олий совети Президумининг раиси Шароф Рашидов экан.

Мен фақат «5» баҳоларга ўқидим. Тўйиб-тўйиб Навоий, Фузулий, Нодира, Увайсий каби шоирларнинг ғазалларини ёдлаб, ифодали ўқиб, ўрганганим учунми, «Ўзбекистон» радиоканалидаги «Ёш ижодкор дикторлар» танловида ғолиб бўлиб, ишга қабул қилиндим. Радиода «Ғазал кечаси», «Лирика кечаси» каби эшиттиришларда иштирок этдим. Ўз овозимни ўзим радио орқали эшитиб, яйраб кетардим. Онамнинг ҳам қувонч­лари ичларига сиғмасди. Телевидениеда ҳам кўрсатувлар олиб борар эдим.

1978 йил бўлса керак, «Ўзбекистон» телевидениеси мусиқа бўлими катта муҳаррири Камила Қосимова дутор ҳақида кўрсатув тайёрлашим кераклигини айтди. Ғанижон Тошматов раҳбарлигидаги дуторчи қизлар ансамбли фаолияти билан танишдим. Ансамбль дастуридаги қўшиқларни қайта-қайта эшитдим. Дуторнинг яратилиш тарихини ўргандим. Бизнинг уйимизда ҳам дутор бор эди. Гоҳи-гоҳида онам уни қўлларига­ олиб, халқ қўшиқларини айтарди. Халқ қўшиқларига, чолғу асбобларига меҳрим бўлакча эди. Шунинг учун завқ билан, ҳаяжон билан сценарийни ёзиб тугатдим. Ниҳоят, ёз кунларининг бирида телевидениеда «Дуторчи қизлар» ансамблининг биринчи чиқиши бўлди. Кўрсатувни устоз Ғанижон Тошматов иштирокида олиб бордим.

Ўша кўрсатувдан сўнг ­Шароф Рашидов телевидение раҳбари Убай Бурхонга қўнғироқ қилиб, кўрсатув ижодкорларига ташаккур билдирибди. Кўрсатувни бундан буён шу шоира қизимиз тайёрласин ва олиб борсин, дебди. Навбатдаги кўрсатув танбур ҳақида бўлса, яхши бўлар эди, деган фикр билдирибди. Бу кўрсатувни ҳам тайёрлаб, бошловчилик қилдим. Кейин билсам, Ғанижон Тошматов Шароф Рашидов билан учрашиб, кўрсатув ҳақида фикр­лашиб келган экан. Раҳбарлар мени ҳаяжонланиб кетмасин деб, Шароф Рашидов топшириғи ҳақида гапиришмаган экан.

Кўрсатувдан сўнг телевидение раҳбари мени чақириб, табриклаб, Шароф Рашидов қабулига боришим кераклигини айтди. Қабулхонада икки киши навбат кутиб ўтирган экан. Ҳаяжоним ошгандан ошиб борарди. Ниҳоят, навбатим келди. Котиба аёл беш дақиқадан ортиқ гапирманг, деб тайинлади. Мен ичкарига қадам қўйишим биланоқ Шароф Рашидов ўрниларидан туриб, менга қараб юрди.

Кўришиб, креслога ўтиришни таклиф қилди. Ўзлари катта стол ёнидаги ўриндиқда ўтириб, мендан ҳол-аҳвол сўради, ижодим ҳақида ­савол берди, кўрсатувим учун миннатдорлик билдирди, ана шундай кўрсатувларни давом эттиришимни айтди. Бу гаплардан рағбат олиб, дадилланиб, раҳмат айтдим, ўзим, оиламиз ҳақида гапириб бердим.

Шароф ака учрашишдан аввал мен ҳақимда ҳамма маълумотлардан хабардор бўлган экан. Отамнинг Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлгани, турмуш тарзимиз қандай, ижодим, ёзган китоб­ларим, қўшиқ бўлган шеърларимгача билиб олган экан. Давлат раҳбарининг оддий бир ижодкорга эътиборини қаранг!

Ҳамма маълумотларга эга бўлишларига қарамай, уй-рўзғор шароитлари, қандай китоблар ўқиётганимгача эринмай батафсил сўради ва диққат билан эшитди. Шундан сўнг қимматли маслаҳат ва тавсияларини берди. Бир соатдан кўпроқ давом этган суҳбатдан кейин энг яхши тилакларни тилаб, самимий хайрлашди. Мен ҳозиргача ана шу учрашувларни фахр­ланиб эслайман. Чунки бу учрашувлар ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборган.

Ўзбек халқи фидойи фарзандларини ҳамиша бошига кўтаради. Шароф Рашидовнинг асл ўзбекона фазилатлари — фидойилиги, камтарлиги, ҳалоллиги, ширинсуханлиги ўсиб келаётган ёшларимиз учун ибрат мактабидир.

 

Нилуфар АЛИХОНОВА,

шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.



DB query error.
Please try later.