04.11.2017

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан «Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда соғломлаштириш ишлари сифати ва самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Федерация раиси ўринбосари Б.Маҳмадалиев ва бошқалар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида қайд этди. Бунда давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёевнинг жорий йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган талаб ва вазифалар ижроси муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур дастурий ҳужжатдан келиб чиқиб, федерация тизимидаги санаторийларда меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини сифатли соғломлаштириш, сиҳатгоҳларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимлар малакасини муттасил ошириб бориш орқали хизматлар сифатини янада яхшилашга катта аҳамият қаратилмоқда.

Тизимда 17 та санаторий ва 2 та дам олиш уйи фаолият кўрсатмоқда. Ушбу масканларда ҳар йили ўртача 125 мингдан ортиқ киши ҳордиқ чиқариб, ­саломатлигини мустаҳкамлаётир. Уларнинг қарийб 50 фоизга яқини касаба уюшмалари томонидан берилган имтиёзли йўлланмалар ҳисобига тўғри келади. Дам олувчиларга 3 мингдан ортиқ ходим хизмат кўрсатмоқда.

— Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга меҳнаткашлар учун йўлланмалар ажратиш муддати 5 йилдан 2 йилга қисқартирилди. Бугунги кунда аъзолик бадаллари ҳисобидан ходимларнинг яқин қариндошлари, яъни ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари учун имтиёзли йўлланма олиш имконияти яратилди, — дейди федерациянинг ахборот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова.

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи пенсионерлар ҳамда касаба уюшма аъзоларининг пенсиядаги ота-оналаридан 6,5 мингдан зиёд киши касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга имтиёзли йўлланмалар билан таъминланди. Жорий йилнинг 9 ойида 2 минг 70 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси давлат бюджети мабалағлари ҳисобидан соғломлаштирилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.