31.10.2017

ЯНГИ ИНСТИТУТНИНГ БИРИНЧИ ТАЛАБАЛАРИ

Яқинда Чирчиқ давлат педагогика ­ин­с­титутида талабаликка бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда инс­титутнинг педагогик жамоаси ва талабалари, қатор олий таълим даргоҳлари профессор-ўқитувчилари, Тошкент вилоятидаги таълим муассасалари, жамоат бирлашмалари, ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Тошкент вилояти халқ таълими тизимида педагог кадрларни тайёрлаш соҳасидаги истиқболли лойиҳалар хусусида сўз юритилди.

— Президентимиз қарори асосида Чирчиқ давлат педагогика институти ташкил этилгани қанчалик тўғри иш бўлганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди, — деди Ўзбекистон Миллий ­университети ректори Авазжон ­Мараҳимов. — Куни кеча турли ўқув юртларида тест синовларидан етарли балл ололмай кайфияти тушиб кетган ёшлар мана шу институт ташкил этилгани туфайли талабалик бахтига эришди. Қисқа фурсатда, унинг фаолиятини йўлга қўйиш албатта осон эмас. Лекин мен бугун институтда катта кўламдаги ишлар амалга оширилганини кўриб ҳайратландим. Яна бир муҳим гапни айтмасам бўлмайди. Очиғи, институт талаба-ёшларининг ўзаро аҳил-иноқлиги, уларнинг бир-бирига бўлган самимий муносабатини катта бир оила ҳаётига қиёсладим. Бу даргоҳда юқори малакали педагог кадрлар тайёрланишига, таълим сифати эса халқаро стандартлар даражасига кўтарилишига ишонаман.

Тадбирда сўзга чиққан институт ректори Ғафуржон Муҳамедов талабаларни янги ўқув йили билан табриклаб, уларга рамзий калит, синов дафтарчаси ва талабалик гувоҳномаларини топширди.

Шундан сўнг Чирчиқ давлат педагогика институти ва Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармасининг ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

— Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ушбу институт вилоятимизнинг энг катта муаммоларидан бирини ҳал қилди, — дейди Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ­Номоз Рўзиқулов. — Очиғи биз кадрлар масаласида жуда қийналиб қолгандик. Бугунги кунда вилоят халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган 1348 таълим муассасасида 7000 нафардан зиёд ўрта-махсус маълумотга эга кадрлар меҳнат қилиб келаётганди. Бу эса юқори даражадаги сифатли таълим бериш жараёнига ўз таъсирини кўрсатаётганди. Энди янги ташкил этилган Чирчиқ давлат педагогика институти вилоятнинг халқ таълими тизимини малакали кадрлар билан таъминлаш баробарида таълим жараёнларини юқори даражада сифатли олиб борилишига хизмат қилади.

Тадбирда 1 октябрь — «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан талабалар ўртасида ўтказилган спорт мусобақалари ғолиблари тақдирланди. Шунингдек, талабаларнинг ижодий ишлари кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.

 

Абдусалим МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.