31.10.2017

КОИНОТДА БЎЛГАН ЎЗБЕК ГАЗЕТАСИ

Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов ҳаёти ҳамда фаолияти билан боғлиқ хотиралар унинг замондошлари томонидан кўп ёритилган, бугун ҳам катта эҳтиром билан ёритилмоқда. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, меҳнат фахрийси Миршароф Муҳсимов узоқ йиллар таҳририятимизда бўлим мудири бўлиб ишлаган. У Шароф Рашидов номи билан боғлиқ, аммо кўпчиликка маълум бўлмаган бир воқеани шундай ҳикоя қилади:

– Ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида инсоният тарихида биринчи марта фазога парвоз қилган «Союз-Аполлон» халқ­аро кемалар туташтирилишига ҳо­зирлик кўрилаётган бир паллада Ўзбекистон раҳбари Шароф ­Рашидов ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бир тарихий ишнинг ташаббускори бўлди. У киши «Ўзбекистон овози» (ўша пайтдаги «Совет Ўзбекистони») газетасини «Союз-19» кемасида самога «парвози»ни уюштиришга эришган эди. Бунга қандай рухсат олингани, ким билан келишилганини билмадим-у, аммо отахон газетамизнинг 1975 йил, 13 июль (№163) сони космосда бўлиб қайтгани ҳақиқат.

Тасаввур қилинг, газетани фазогирлар кемасида учириш учун давлат комиссияси раиси, бош конструктор, шу соҳага тегишли ташкилот-муассасалар раҳбарларининг розиликлари-ю рухсатларини олиш албатта осон кечмагандир?..

Газетани Бойқўнғир космо­дромига, фазогирлар қўлига етказиб берилишига ҳам кимлардир масъул бўлган, албатта. Ва шу тариқа у фазога олиб чиқиш учун махсус рухсатнома асосида кема учувчилари – ­­Алексей ­Леонов ва Валерий Кубасовга топширилади.

«Союз» ва «Аполлон» кемаларининг биргаликдаги учиши фан ва техника соҳасида космик фазони тинчлик мақсадларида тад­қиқ этиш ва ундан фойдаланиш йўлидаги ҳар икки мамлакат ҳамкорлигининг муҳим босқичларидан бири эди.

Ўшанда ер куррасидаги миллион-миллион кишилар телевизор экранларидан биринчи халқ­аро космик парвозни кузатишганди. Ўшалар қаторида ўзбекис­тонлик томошабинлар ҳам бу тарихий воқеани кузатганди. ­Лекин «Союз» кемаси ичида ўзбек газетаси борлиги уларнинг етти ухлаб ­тушига ҳам кирмаган эди.

Биргаликдаги учиш 1975 йилнинг 15 июль Гринвич вақти билан соат 12 дан 20 дақиқа ўтганида (Тошкент вақти билан 18 дан 20 дақиқа ўтганида) бошланди, «Союз»нинг парвози олти кунга, «Аполлон»ники 9 кунга мўлжалланган эди.

Энг ҳаяжонли дақиқалар бошланди, «Союз» фазога кўтарилди. Ўша дақиқаларда Шароф ­Рашидов­нинг кўнглидан нималар кечганини тасаввур қилиш қийин эмас. Бир пайтлар ўзи Бош муҳаррир бўлган, мамлакатимизнинг етакчи газетаси космосга учаётгани у кишини ҳаяжонга сол­гани, қувонтиргани табиий, албатта.

Ёдимда, халқаро кемалар Қрим ярим ороли устидан учиб ўтаётганда туташтирилди. Икки мамлакат фазогирлари бир-бирларини қутлаб, кема ичига жойлашишди...

«Союз» парвози муваффа­қиятли якунлангач, «биринчи ­фазогир газета» шахсан ­Шароф Рашидовга топширилади. Космонавтлар Алексей Леонов ва Валерий Кубасов газетанинг биринчи саҳифасига дастхат ёзиб қолдиришган эди: КПСС МК Сиёсий бюроси аъзолигига номзод, Ўзбекистон КП МК Биринчи секретари, Социалистик меҳнат қаҳрамони Ш.Р.Рашидовга!

Ҳурматли Шароф ­Рашидович!

Сизга ва Ўзбекистоннинг барча меҳнаткашларига тўққизинчи беш йилликнинг якунловчи йилида янгидан-янги ютуқлар тилаймиз!

«Союз-19» кемаси борти, 15.07.75.

Газетанинг тепасига эса: ­«Газета фазода бўлди», – деб ёзиб қўйилган эди. Негадир бу воқеа овоза қилинмади, лекин ўша пайтда газета таҳририятида ишлаган журналистлар буни яхши эслайдилар. Газетамизнинг ўша пайтдаги Бош муҳаррири Мақсуд ака Қориев газетамизнинг ушбу тарихий сонини ҳаяжон билан таҳририятимизга олиб келган эди.

Биз отахон газетада ишлаган журналистлар ўша воқеани ҳанузгача фахрланиб эслаймиз. Ушбу мақолани ёзишдан мақсад — бугунги ҳамкасбларимизни ҳам ўша воқеалардан хабардор қилиш ва, албатта, Шароф Рашидовдек буюк инсоннинг матбуотга эътибори қанчалик юксак бўлганини ушбу мисол орқали айтиш эди. Аслида журналистлар меҳнатини қадрлаш, иззат-ҳурматини жойига қўйиш борасида Шароф ­Рашидов фаолиятидан исталганча мисол келтириш мумкин.



DB query error.
Please try later.