24.10.2017

МИРИШКОР ҚАДДИНИ РОСТЛАМОҚДА

Фермер хўжаликлари ва томорқалардан олинган мўл-ҳосил хурсандчилиги тўйларга уланиб кетмоқда

Мамлакатимиздаги йирик уюшма — «Ўзпахтасаноат» АЖнинг сифат бўйича етакчи мутахассиси ­Гулчеҳра Ниёзова шундай дейди:

— Далаларга чиқдингизми? Қаранг, еримизда олтин гуллайди. Жаҳон бозорида пахтамизга харидор кўп. Энг сифатли тола — Қаш­қадарёда. Агар пахтани навларга ажратсак, ҳозиргача фақат юқори сифатли хомашё топширилмоқда.

— Сабаби нимада?

— Тажриба, изланиш, астойдил меҳнат, бизнинг шароитга мос нав...

 Эсимда, кўкламда, ЎзХДП фаоли, Сенат аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдимурот Бозоровнинг даласида катта кенгаш бўлди. Қамаши туманининг янги ҳокими нуронийлар, деҳқончилик пирига айланган кишиларни бир пиёла чойга таклиф қилган экан.

Саид Бойбўтаев, Юлдуз Турниёзова каби фермерларнинг фикрларини тингладим. Бош мезбон Абдимурот Бозоров аввал меҳмонларга ош тортди, кейин мени Қашқадарё соҳилидаги даласига бошлади.

Мен ярим асрдан буён дала кезаман. Шу жойда фермер хўжалиги тузганимизга 20 йил бўлаяпти, дейди у. — Ўтган йил яхши келди, бу йил ҳам насиб этса, мўл ҳосил етиштиряпмиз. Пахтачиликда асл чигитни эксанг, хирмонинг баракали бўлади.

 Мустақиллик йилларида маҳаллий шароитга мос пахта навлари яратиш йўлида тинмай изланишлар олиб борилди. Қашқадарё вилояти пахта уруғи инспекцияси бошлиғи Шомурод Султонов билан суҳбатлашганимда, кўп маълумотларига эга бўлдим. Бу йил вилоятда 407 минг тоннадан зиёд пахта етиштириш режаси тузилган. Шу мақсадда «Бухоро-102», «Наманган — 77» навлари саралаб экилган. Қарийб 20 минг гектар майдонда янги «Порлоқ» нави синовдан ўтказилди. «Фермер хўжалигимизнинг 70 гектар майдонида пахта етиштириляпти. Танлаб яна 22 гектар ерга «Бухоро-102» навли пахтанинг супер элита чигитини эккандик. Парвариш зўр бўлди. Ҳосилдорлик 52 цетнердан ошди», дейди Шомурод Султонов.

Шомурод Султоновнинг маслаҳати билан бу йилги ҳосилдан қандай тола ажратилаётганини кўргани Миришкор пахта тозалаш АЖнинг бош корхонасига йўл олдим. Завод ўтган асрнинг саксонинчи йилларида қурилган. Бундан етти-саккиз йил бурун катта маблағ эвазига модернизация қилинибди. Тола ажратаётган дастгоҳни бошқараётган ишчи Илҳом Раҳмонов билан суҳбатлашаман. Корхонада 24 йилдан буён меҳнат қилаётган бош механик Қаҳрамон Чўллиев янги хомашёдан тола ажратиш кўрсатгичи 33 фоиздан кўплиги, бу йилги пахта ниҳоятда сифатли эканлигини айтди...

— Нега шундай бўлмасин, — дейди ғурурланиб, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Ғайбулло Қорабоев. — Эсингиздами, Наврўз байрамида келганингизда, «Бу йил баракали бўлади», дегандим. Адашмадим, жами 58 минг тонна, шартномадагидан нақ 10 минг тонна кўп дон етиштирдик. Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган, тағин 50 фоиз дон деҳқоннинг ўзида қолди. Бу йил 21 минг гектардан ошиқ ерга чигитни танлаб экдик. Суви, ўғити, техниканинг ёқилғиси етказиб берилса, энг муҳими аҳиллик, ҳамжиҳатлик қарор топса, натижа қандай бўлади? Ана, 40 гектар ерда пахта етиштирган фермер Ўткир Умаров даласига боринг! Исталган деҳқоннинг ҳосилини чамаланг. Агар пахтачиликда 1192 нафар фермер меҳнат филаётган бўлса, бу йил режани бажармагани қолмайди, менга ишонаверинг...

— Ғайбулло Қорабоев ҳақ гапни айтди — дейди фермер Фарҳод Рўзиев. — Ўзим олий маълумотли иқтисодчиман. Хўжалик тузганимизга 10 йил бўлди. Бу йил 30 гектар майдондаги ғалла ҳосили мўл бўлди. Яна 6-7 гектар ерга мош экиб, ҳосилини йиғиб олдик. Ер танлаб, 8 гектарга чигит эккандик, ҳосилдорлик 40 центерга етди. Бу чўл шароитида яхши кўрсатгич. Келгуси йили пахта майдони ошади, шунинг учун 15 гектар ерга кузги дон экиб, сувдан чиқариб, майсаларни кўкартириб олдик.

Қўллари қадоқ, юзлари офтоб нурида қорайган бу деҳқоннинг сўзларини эшитиб, пахтамиз тақдири ҳақида уйлаб кетаман. «Миллион йиллик сўз эрур пахта бизнинг луғатда», деган эди буюк шоиримиз Абдулла Орипов ифтихор билан. Саксонинчи йилларда археологлар Шаҳрисабздаги Оқсарой обидаси қаршисидаги майдонда қазишма ишларини олиб бораётганда, олтин суви югуртирилган пахта чаноғи тасвири туширилган япалоқ кошинларни топишган эди.

Бу йил Миришкор туманида терим намунали уюштирилди. Масалан, туманда ҳар куни 20-25 минг киши теримга чиқаётган бўлса, шундан 8-10 мингини Китоб туманидан келган ҳашарчилар ташкил қилади. Меҳнат бўлимлари, Ёшлар иттифоқи кўплаб теримчиларни жалб қилди. «Бир неча йилдан буён шу туманга келамиз, аммо бу йил яратиб берилган шароитдан рози бўлдик, — дейди ҳашарчиларга раҳбарлик қилаётган Китоб туман статистика бўлими бошлиғи Ғолиб Муродов.

Теримда қатнашган ЎзХДП Китоб туман кенгаши раиси Зилола Норова кўплаб моҳир теримчилар, айниқса, Қайнарбулоқ МФЙдан келган ҳашарчилар ҳақида тўлқинланиб ҳикоя қилади.

— Мен бир ой ҳашарчилар билан бирга бўлдим. Анор узиш қолиб кетмадими, дейсизми, йўқ, боғбонларимиз ҳосилни нобуд қилмай, узиб, омборларга жойлаб олишди, ҳосил мўл бўлди дейди — Китоб туманидаги Варганза МФЙ раиси Зиёдулло Мирзаев. «Ҳусни дил», «Баҳодир Обидович» фермер хўжаликларида теримчиларимиздан Зуҳро Жўраева, Норбиби Одинаева ва бошқалар ҳар куни 100-150 килограммдан пахта теришди.

Бир гапни айтайми? Мен тоғлар бағридаги Варганза қишлоғида яшайман. Миллатим тожик. Ўзбеклар билан ака-ука бўлиб кетганмиз. Нон ва аноримизни бирга баҳам кўрамиз. Миришкор туманида ўзбек, араб, туркман, тожик, рус, татар ва бошқа ўндан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил яшаб, меҳнат қилишмоқда.

Миришкор туманининг иқлим шароити ўзига хос, саҳро бағрида мўл ҳосил етиштириш осон эмас. Ўтган йил пахта режаси 80 фоизда қолиб кетган, умуман, кейинги беш йилда мўлжалдаги ҳосил олинмаган. Бу йил эса 52 минг тоннадан ортиқ хом­ашёни топширди, режани бажарди. Лекин далада пахта бор, терим давом этмоқда.

Бу ютуққа эришишнинг асосий омилларидан яна бири туман ҳокимлиги кўп миллатли аҳолининг бошини қовуштириб, улкан ишларга йўналтира олганида.

Миришкор туманида режани уддалангач, эртаси куни тўй бошлаб юборилди. Жами 10 нафар келин-куёв ва 50 нафар боланинг суннат тўйи саҳоватпешалар томонидан ўтказиб берилди. Булар ҳаммаси ҳалол меҳнат, мўл ҳосил, қут-барака туфайли.

Шуни ҳам айтиш керакки, пахта режасини удалаган туман деҳқонлари шу кунгача 80 фоиз ерга кузги донни экиб, сувдан чиқариб олишди, демак келгуси йил дон яна мўл бўлади. Томорқа хўжаликларида қалампир ва бошқа маҳсулотларни етиштириб, Индонезия давлатига экспорт қилишмоқчи. Дуккакли экинлар ҳосилини саралайдиган кичик корхона қурилади. Миришкорда келаси йили 10 минг гектардаги пахта ҳосилини қайта ишлайдиган йирик корхона қурилади...

Тумандаги ислоҳотларнинг бугунги баланд руҳи яқин келажакдаги улкан ютуқлардан дарак беради. Қишлоқ хўжалигидаги мўл ҳосил, хомашёни қайта ишлайдиган янги корхоналар, юзлаб иш ўринлари аҳолининг турмушини обод қилишга, туман иқтисодини ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист. 



DB query error.
Please try later.