06.02.2018

ТАЪЛИМ ИСЛОҲОТИ

чуқур билимли, гўзал хулқли, зукко ёшларни тарбиялашга хизмат қилади

Миллий матбуот марказида Президентимизнинг «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мазмун-моҳиятига бағишланган анжуман ўтказилди.

Унда Халқ таълими вазири Улуғбек ИНОЯТОВ мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаган ҳолда 11 йиллик мажбурий ўрта таълим тизимини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

 

— Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда жорий этилган 12 йиллик мажбурий таълим ўзини оқламаганининг кўпгина сабаблари бор, — деди Халқ таълими вазири. — Бу ҳолат умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилишни тақозо этмоқда. Ўқув жараёнини ташкил этиш ва ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялашга расмиятчилик билан муносабатда бўлиш, уларни бўш вақтида турли машғулотларга жалб этиш самарасиз ташкил қилингани оқибатида ҳуқуқбузарликлар сони сезиларли даражада кўпайди.

Фармонда бу соҳадаги мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш, илғор хорижий мамлакатларнинг тажрибаси асосида касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш кўзда тутилган. Хусусан, тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарга идоравий бўйсунувчи касб-ҳунар коллежларида малакали ва меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган кадр­ларни тайёрлаш самарадорлигини ошириш учун шарт-ша­роитлар яратиш, аҳоли барча қатламларининг эҳтиёжларини ҳисобга олиш ва бандлигини ошириш мақсадида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта таълим узлуксиз 11 йиллик таълим негизида амалга ошириладиган бўлди.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилиш умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синф битирувчилари ҳисобидан, ихтиёрийлик асосида, тегишли мутахассисликка (касбга) эга бўлиш учун 6 ойдан 2 йилгача бўлган таълим муддатларида амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Касблар рўйхати ҳудудларнинг шарт-шароитидан келиб чиққан ҳолда, мутасаддилар ва иш берувчи ташкилотлар мутахассислари билан биргаликда шакл­лантирилади.

Бир қатор янги касблар амалиётга киритилмоқда. Шулардан бири — ижтимоий ходимлар тайёрлаш, бу касбий жиҳатдан ҳамшираликка яқин туради. Яъни, ижтимоий ходим касал, ногирон, боқувчиси йўқ одамларга қарашга ихтисослашади.

Энди мактаб формаларига келадиган бўлсак, ҳозир ота-оналарнинг талаб ва таклифини инобатга олган ҳолда, ўқувчилар ўртасида ижтимоий табақаланишнинг олдини олиш мақсадида уч категориядаги ўттиздан ортиқ форма мо­дельерлар томонидан тавсия қилинган. Бундай мактаб формалари тажриба сифатида Сардоба туманидаги битта мактабда ва Тошкент шаҳридаги 91-умумтаълим мактабида синаб кўрилаяпти. Ўқув йили якунида барча талаб ва истакларни инобатга олган ҳолда унинг натижаларини кенг жамоатчиликка етказамиз.

Илгари коллежларда фаолият кўрсатаётган 408 минг нафардан зиёд педагог иш билан таъминланди, 22 минг нафарга яқини Халқ таълими тизимига жалб қилиниб, уларнинг малакасини оширишга эътибор қаратилди. Тизимда фаолият юритаётган ўз касбининг фидойиси, лекин ўрта махсус билимга эга бўлган ўқитувчиларнинг малакаси оширилади. Мактаб кутубхоналарини 2 миллиард донадан ортиқ 56 номдаги китоб билан таъминлаш кун тартибида турибди. Мактабларда фан ва касб тўгараклари, спорт секциялари ташкил этишга алоҳида аътибор қаратилади ва керакли жиҳозлар билан таъминланади.

Имконияти чекланган болалар учун инклюзив таълим тизимини ривожлантириш, 10-11-синфларда уларнинг соғлиғига тўғри келадиган касбларга йўналтириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда иш олиб борилмоқда...

Вазир, шунингдек, 11 йиллик мажбурий таълим соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари татбиқ қилиниши, касб-ҳунар ўргатиш давомида ўқувчи бир неча касб­ни ўзлаштириши мумкин бўлиши тўғрисида тўхталди.

— Икки йиллик касбий таълимдан сўнг битирувчиларга ўрта маълумот тўғрисидаги аттестат билан бирга касб малакаси бўйича давлат намунасидаги диплом берилади, — деди у. — Инновацион ўқув лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун юқори малакали хорижий мутахассислар жалб этилиб, педагогик жараён энг илғор педагогик шакл ва усуллар асосида ташкил этилади.

Яна энг муҳим масалалардан бири — ўқитувчининг шаъни, обрўсини кўтариш, олаётган маошини кўтариш, уларга бир қатор имтиёзлар бериш, уй-жой шароитини яхшилаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида таълим тизимини такомиллаштиришни мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси ҳамда тегишли ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, улар соҳага тегишли Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, бундан буён ўқитувчилар ўз соҳасига тегишли бўлмаган ишларга, қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилмайди, уларни шу ишга жалб этган раҳбар жазоланади. Бундан ташқари, мактаб ўқувчилари томонидан ҳар йили топшириладиган иккиламчи ­хомашё, яъни темир-терсак йиғиш амалиётига ҳам қатъиян чек қўйилди. Энди ҳар ким ўз аравасини ўзи тортишига ўрганишимиз керак. Замон шуни талаб қиляпти.

Ўтган йили мутахассислар, олимлар, амалиётчи ўқитувчилар ва кенг жамоатчилик фикри асосида 10-11-синфлар учун 12 фан бўйича ўқув режалари қайтадан ишлаб чиқилиб, уларга ўзгартиришлар киритилди. 10-синф ўқувчилари учун 18 номдаги дарслик еттита тилда 9 миллиондан зиёд нусхада чоп этилиб, жойларга етказиб берилди.

Ҳозир республикамиз бўйича 10-синф ўқувчилари 470 мактаб ва 1018 касб-ҳунар коллежларида ташкил этилган «Ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари»да 50 дан ортиқ касбларни ўрганишмоқда. 11-синфда касбга ўргатишдан таш­қари «Тадбиркорлик асослари» фани ҳам ўқитилади. 10-11-синф ўқувчиларига касб ўргатиш бўйича ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларининг 489 синф­и 18 йўналишдаги зарур жиҳозлар билан таъминланади.

Таълим-тарбия сифатини оширишга қаратилган, вазирлик томонидан ишлаб чиқилган «Йўл харитаси»га кўра, жорий йилда таълим жараёнига хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари ва ўқитишнинг инновацион методлари, ахборот коммуникация технологиялари кенг жорий этилган ҳолда 11-синф ўқувчилари учун 20 номда, қарийб 10 миллион нусхада дарслик яратилади. Янги ўқув йилигача улар ўқувчилар қўлига етиб боради.

Тадбир якунида соҳа мутахассислари оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: