10.10.2017

УЧҚУР ПОЕЗДЛАР ЯҚИН ОРАДА ХОРАЗМГА ҲАМ БОРАДИ

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тизимда амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар ҳақида матбуот анжумани ўтказди.

Анжуманда мамлакатимиз темир йўл транспорти соҳаси катта тараққиёт йўлини босиб ўтгани, ҳудудларни боғлайдиган, халқаро йўлларга чиқиш имконини берадиган яхлит тизим барпо этилгани таъкидланди.

— Бугунги кунда мамлакатимиз темир йўлларининг умумий узунлиги қарийб 7 минг километрни ташкил этади, — дейди «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бош менежери — бош муҳандиси Ҳуснидин Ҳосилов. — Истиқлолга эришганимиздан буён 4 ярим минг километрга яқин темир йўл қайта таъмирланди, 2 минг 100 километрга яқин янги пўлат излар ётқизилди, 2 минг 500 километр узунликдаги темир йўл тармоқлари тўлиқ электрлаштирилди. Йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, қулайликлар яратиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Ўнга яқин янги темир йўл вокзаллари замон талаблари даражасида қуриб, фойдаланишга топширилди. 20 дан зиёд вокзал жаҳон стандартларига мос равишда капитал таъмирланди. Айни пайтда Тошкент шаҳридаги Жанубий вокзални реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мамлакатимизнинг ягона темир йўл тизимини барпо этиш, йўловчи ва юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида кўплаб йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисини пойтахт ва бошқа вилоятлар билан боғлайдиган ва узунлиги 341,6 километр бўлган «Навоий — Учқудуқ — Султон Увайстоғ — Нукус» янги темир йўл линияси, Амударё узра темир йўл ва автомобиль қўшма кўприги, «Тошғузор — Бойсун — Қумқўрғон» янги темир йўл линиялари қуриб фойдаланишга топширилгани шулар жумласидандир. Орттирилган катта тажриба ва янги технологиялар боис темир­йўлчилар томонидан Афғонис­тонда ҳам бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, «Ҳайратон — Мозори Шариф» йўналишида 106 километрга пўлат излар ётқизилди.

2010 йилда умумий узунлиги 344 километр бўлган «Тошкент — Самарқанд» линия­сида кенг кўламли модернизация ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. 2011 йилдан бошлаб мазкур йўналишда «Afrosiyob» юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий поезд мамлакатимиз аҳолиси ва меҳмонларга халқаро талаб даражасида хизмат кўрсата бошлади. Электрлаштириш ишлари натижасида 2015 йил Тошкентдан Қаршига, 2016 йилда эса Тошкентдан Бухорога ана шундай замонавий поездларнинг мунтазам қатнови йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда Урганчдан Хива шаҳригача бўлган масофада пўлат излар ётқизиш, электрлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳа ниҳоясига етгач, ушбу йўналишда юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар қатнови йўлга қўйилади ва қадимий ўлкага ташриф буюрувчи сайёҳлар учун яна бир қулайлик яратилади.

Фарғона водийсини мамлакатимиз пойтахти билан боғлайдиган умумий узунлиги 123,2 километрлик «Ангрен — Поп» электрлаштирилган темир йўли ва узунлиги 19,2 километрга тенг «Қамчиқ» туннели бунёд этилгани муҳим тарихий воқеа бўлди.

Локомотивлар паркини янгилаш борасида ҳам самарали натижаларга эришилмоқда. Ҳозиргача 50 га яқин замонавий электровоз харид қилинди. Бу эса ўз навбатида юк ва йўловчи ташиш ҳажмини янада оширишга имкон яратди. Бугунги кунда йўловчи поездлар таркиби тармоқдаги «Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган сўнгги русумдаги вагонлар билан тўлдириб борилмоқда. Жорий йилнинг ўзида «Қўқон — Андижон» ҳамда «Бекобод — Тошкент» йўналишларида ана шундай вагонлардан иборат электр поездларнинг доимий ҳаракати йўлга қўйилгани ҳам аҳолига қўшимча қулайликлар яратди. Яқинда Тошкент шаҳрида юқори тезликда ҳаракатланувчи «Afrosiyob» поездларига техник хизмат кўрсатувчи замонавий сервис маркази ҳамда унинг ёнида узунлиги қарийб 300 метрни ташкил этувчи муҳташам йўл ўтказгич ишга туширилди.

Анжуманда узунлиги 355 километрни ташкил этувчи «Бухоро — Мискин» янги темир йўлининг муддатидан илгари қуриб, фойдаланишга топширилгани алоҳида қайд этилди.

Айни кунларда тармоқда бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда. Хусусан, пойтахтимизнинг Сергели туманини шаҳар маркази билан боғлайдиган олти бекатли, узунлиги 7 километрдан зиёд ерус­ти, Юнусобод туманида 3 бекатдан иборат ерости метрополитенини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбирда истиқболдаги лойиҳалар тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.