07.10.2017

КЕЛАЖАККА ИШОНЧ

инсон қалбида жўшқинлик уйғотади, ҳаётга муҳаббат, эртанги кунга умидворлик туйғуларини мустаҳкамлайди

Республика онкология ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилоят филиали директори, тиббиёт фанлари доктори Абдулла ­Абдуҳакимовнинг «Сирли саратон» китоби муаллифнинг узоқ йиллик изланишлари маҳсули бў­либ, айнан онкология ва онкологик касалликлар, унинг муолажаси, даволаш усуллари хусусида ўзбек тилида чоп этилган илк манбалардан бири саналади.

Инсон бир умр мўъжиза излаб яшайди. Аслида унинг ўзи буюк мўъжизакор. Киши ўзидаги қўрқув, ишончсизликни умид, ишонч туйғуларига алмаштириш қобилиятига эга. Масалан, у бирон нимадан қўрқса, тушкунликка тушади, руҳан эзилади, ва охир-оқибат маълум бир касаллик орттиради. Аксинча, одам оғир бир касаллик билан оғриган бўлса-ю, бироқ уни енгишга аҳд қилса, ўз-ўзини ишонтира олиши орқали албатта бу дарддан фориғ бўлиш қудратига эга.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилган «Сирли саратон» китобининг тақдимотида соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик, ёшлар ҳамда ­Абдулла Абдуҳакимовнинг қўлида шифо топган инсонлар иштирок этди. Тақдимотда мазкур китобнинг рецензентлари, тиббиёт фанининг таниқли намояндалари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

— Рисола ўта халқчил, кенг қамровда ёзилган бўлиб, унда саратон касаллигига чалинган кишининг дарди ва уни даволаш, беморнинг изтироби ва ундан қутулиш йўллари оддий ва содда тилда, ишонарли тарз­да кўрсатиб берилган, — деди тадбирда сўзга чиққан академик Аҳмадали Асқаров. — Унда саратон касаллигини келтириб чиқарадиган омиллар, касаллик даражалари, унга дучор бўлган беморларни даволаш йўлидаги жарроҳлик, кимётерапия, биотерапия, нур терапия усуллари ҳақида тегишли маълумотлар берилган. Бундай илмий-оммабоп рисоланинг китобхонлар оммасига тавсия этилиши бугунги кунда ўта долзарб ва ҳаётий заруриятдир.

— Китобда саратоннинг этимологияси, тарихи, онкологик шифокорлар, даволаш усуллари ҳақида батафсил маълумотлар берилган, — деди Республика онкология илмий маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Аброрбек Юсупбеков. — Бундан ташқари, муаллиф саратонга чалинган инсонларни келажакка ишонч билан қарашга ­ўргатади ва касалликнинг олдини олиш бўйича фойдали тавсиялар беради.

— Асарнинг менга ёққан жиҳати шу бўлдики, унда тиббиётдан йироқ инсон учун тушуниши осон бўлган содда тилда онкология ва онкологик касаллар, уларни даволаш усуллари ҳақидаги фикрлар равон берилган, — деди тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла ­Уватов. — Бемор ва унинг яқинларига бу касаллик ҳақида тўғрисини айтиш, ҳаётга ишониб яшаш, шунингдек, саратоннинг олдини олиш юзасидан зарур далиллар ва тегишли тавсиялар келтирилган.

Тадбирда сўзга чиққан Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ­биринчи ўринбосари Низом ­Абдуллаев «Саратон сирлари» деб номланган ушбу қўлланма Президентимизнинг 2017 йил 4 апрелдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросига, аҳолининг тиббий саводхонлигини оширишга хизмат қилиши ҳақида ўз фикрларини билдирди. Унинг таъкидлашича, асарнинг яна бир қимматли томони шундаки, муаллиф фикрлари улуғ мутафаккирларнинг нодир сўзлари билан тўлдирилган, изоҳланган.

Бундай китоблар халқимиз учун жуда ҳам зарур ва уларни кўплаб нусхада чоп эттириш керак, — дейди Халқ таълими аълочиси, публицист Обиддин Маҳмудов. — Чунки одамзот нималарга қодир эканлигини мана шундай асарлар орқали англайди, ўзидаги мўъжизакор кучга ишониб умргузаронлик қилади.

Тадбирда асар муаллифининг қўлида шифо топган инсонлар ҳам ўз дил изҳорларини билдирдилар.

— Мен ўтган йили шифо­хонага келиб, ўзимга қўйилган ташхис бўйича Абдулла ­Абдуҳакимовга учрашган эдим, — дейди Дилноза Пўлатова. — Бу инсоннинг хушмуомаласи, аниқ қўйган ташхиси ва ўзимнинг тузалишга бўлган қаттиқ ишончим дарддан халос бўлишимга сабаб бўлди. Китоб тақдимотига интернет ижтимоий глобал тармоқлардаги янгиликлар туфайли етиб келдим. ­Биласизми, мен саратон касаллигига чалинган ва ундан бутунлай фориғ бўлиб кетган бир инсон сифатида шуни айтмоқчиманки, ўз кучингизга ишонинг, албатта, соғайиб кетасиз.

— Ёш бўлишимга қарамасдан, ҳаётдан бутунлай умидимни узган эдим, — дейди ­Ширин Раҳматова. — Кун сайин тушкунликка тушиб, умримнинг сўнгги дақиқаларини яшаётгандек эдим, гўё. Тақдир мени Абдулла Абдуҳакимовга дуч қилди. У кишининг қўлида узоқ вақт даволандим, кимётерапия, нур терапия олдим. Моҳир табиб ва олижаноб инсон Абдулла Абдиҳакимов соғайиб кетишимга мени қаттиқ ишонтира олди ва ҳозир соппа-соғман. «Сирли саратон» китоби айнан мен каби тушкунликка тушган, бу касалликдан қўр­қиб, соғайишдан умид узганлар учун дил малҳами, сирдош ва суҳбатдоши бўлишига ишончим комил.

Китоб саратон касаллигига чалинган инсонларни келажакка ишонч билан яшашга ўргатади ва унинг олдини олиш бўйича зарур тавсиялар беради. Келажакка ишонч эса инсон қалбида жўшқинликни уй­ғотади, ҳаётга муҳаббат, эртанги кунга умидворлик туйғуларини мустаҳкамлайди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.