07.10.2017

УСТОЗГА ЭҲТИРОМ

Дунёда ҳар қайси касб-ҳунарнинг ўз ўрни, аҳамияти ва қадр-қиммати бор. Аммо улар орасида энг улуғ ва шарафлиси ўқитувчилик касби эканини ҳеч ким инкор этмайди. Муаллим ҳар биримизга сабоқ беради, ақл-идрокимизни юксалтиради, ҳаёт илмини ўргатади. Заҳматкаш устоз-мураббийларнинг меҳнати ва тарбияси туфайли қалб­ларимиз покланади, дилимизда юксак инсоний фазилатлар камол топади. Маърифатпарвар хал­қимиз муаллим ва мураббийларни ҳамиша ардоқлаб, уларга ҳурмат-иззат кўрсатиб келади.

Ўзининг деярли ярим асрлик умрини ёш авлод тарбиясига бағишлаган Эргаш Ашуров Қумқўрғон тумани, Янгиер маҳалласидаги 7-умумтаълим мактабида аввал илмий бўлим мудири, сўнгра мактаб директори, мониторинг гуруҳи раҳбари вазифаларида ишлади.

У ўз устида тинимсиз ишлаш билан бирга ўқитувчиларни ҳам фаолликка даъват қиларди. Мактабда ташкил этиладиган маънавий-маърифий тадбирлар, очиқ мулоқотларга ўзи бош бўларди, шоир-ёзувчилар, турли соҳа мутахассислари билан учрашувлар ўтказарди.

Қаттиққўл, талабчан раҳбар таълимга илғор педагогик технологияларни жалб этиш, ўқитувчи дарсга ҳеч бўлмаса, бирорта янгилик билан киришига алоҳида эътибор қаратарди. Ана шу хизматлари учун жонкуяр муаллим 2016 йилда «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишонига сазовор бўлди.

Эргаш Ашуров умр йўлдоши билан тўрт фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Улар ҳам ота изидан бориб, педагоглик касбини танлашган.

Мен қачон Эргаш Ашуровни соғинсам, тўппа-тўғри мактабга йўл оламан, уни ҳар доим шогирдлари даврасида кўраман. Устознинг камтарлиги, камсуқумлиги моҳиятида катта билим ва кўп йиллик бой тажрибани ҳис қиламан, эзгуликка, ёшлар тарбиясига ўз умрини бағишлаган инсоннинг янги-янги қирраларини кашф этаман.

Пенсияга чиққан бўлишига қарамай, устоз ҳозир ҳам ўз ўрнини мактабда, педагог ва ўқувчилар орасида, деб билади. Таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишга билим ва тажрибалари билан ҳисса қўшишни ўз бурчи, деб ҳисоблайди.

 

Нигора АШУРОВА,

Тошкент фармацевтика институти тиллар кафедраси ўқитувчиси.



DB query error.
Please try later.