07.10.2017

ҚАЛБИНИ МОДДИЯТГА БОҒЛАГАН ИНСОН

ўзликни, маънавий қадриятларни, охиратни унутади

Одамзот пайдо бўлибдики, комилликка интилиб яшайди, қалбидаги орзу истакларни рўёбга чиқаришни истайди. Комил инсон таълимоти реалликни, моддийликни инкор қилмайди. Балки моддий эҳтиёжлар билангина чегараланиб қолмасликни уқтиради. Моддий эҳтиёжлар гирдобида қолган одамда инсоний туйғулар йўқолади, тубанлашув бошланади.

Моддий бойликка ҳаддан ортиқ рағбат қўйиб, унинг таъсирига тушиб қолиш барча динларда ҳам қораланган. Қалбни моддиятга боғлаган киши ўзликни, маънавий қадриятларни, охиратни унутади. Мазкур ҳолат маънавий ҳалокатнинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади.

Комил инсон тарбиясида юксак руҳий даражага ва маънавий баркамолликка эга бўлиш уни моддий бойликларга ружу қўймасликка ундайди. Бундан мақсад — моддий эҳтиёжни меъёр даражасида ушлаш ва эзгуликка йуналтиришдир. Инсон маънавий покликка, камолотга интилса, юксак ахлоқий фазилатларга эришади. Шунингдек, ўз руҳий оламини меъёрсиз нафс устидан, ёвузлик устидан ғолиб келишга тайёрлайди.

Демак, инсон фақат эзгу фикрлар, эзгу сўзлар ва эзгу амаллар билан маънавий камолотга эришади. «Охиратни амалсиз умид қиладиганлардан бўлма, охират сафари учун озуқа бўлмайдиган амаллардан асло фойда йўқ», — дейди машойихлар.

Дунё охират даласидир. Шунинг учун уни чуқурроқ англаш, ҳис қилиш учун қалб­ни ғафлат уйқусидан уйғотиш, яқин ёру биродарлар қабри зиёратига бориб туриш муҳим ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида юртимиздаги барча муқаддас масканлар, меъморий-тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, табаррук қадамжолар қайта таъмирланди, ободонлаштирилди. Қабристонларни сақлаш, қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш ишларида маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла фаоллари ва мурувватли инсонлар бош-қош бўлмоқда.

Бироқ қабристонларда кузатилаётган айрим нохуш ҳолатлар ташвишли бўлиб қолмоқда. Хусусан, кимўзарга қурилаётган ўта ҳашаматли сағаналар, қимматбаҳо нефрит ёки қора мармардан тайёрланиб, одам бўйи қўйилаётган қабр тошлар, «яхшироқ жойни» эгаллаш ёки сағаналар тайёрлаб қўйиш каби ҳолатлар рўй бермоқда.

Буюкларимиз қабртошидаги битиклар аждодларимизнинг маънавий оламларига, фалсафий ҳикматларига назар солиб, улар дунёқарашларини теранроқ таҳлил қилишимизга, халқимизнинг тарихий хотирасини, миллий қадрятларимизни қайта тиклашимизга имкон бермоқда. Бунга мисол қилиб, ислом оламида маш­ҳур бўлган «ал-Боқия» ва «ал-Муовия» қабристонларидан кейинги даражада турган «Чокардиза» зиёратгоҳи ва бошқа муқаддас масканлардан топилган қабртошлар битиклари таҳлилини келтириш мумкин. Мазкур амалиёт ўзлигимизни янада чуқурроқ англашга, маънавий оламимизни поклашга ва бутун борлиқнинг Яратувчиси бўлмиш меҳрибон Парвардигорга бўлган эътиқоду ишончимизни мустаҳкамлашга асос бўлиб хизмат қилади. Мавлоно Румий ҳазратлари: «Нафс бир отдир, руҳ унинг чавандози. Нафсни жиловлай олсанг, уни бошқариб бўйсундирсанг, демак сен юксалибсан. Агар у сени бўйсундирса, олиб қочади ва ҳалок этади», — дейди. Нафсдан ғолиб келиш учун кучли руҳ, ақл-идрок, онг ва тафаккурга ҳамда юксак маънавиятга эга бўлиш лозим. Бугунги замонавий фан, дунёвий билим ҳам моддий ва руҳий оламни, дунёвий, табиий ва диний илмларни чуқур ўрганишни тақозо қилади.

Тасаввуф таълимотида инсон борлиғи, маънавий ҳаёти уч қисмдан иборат эканлиги таъкидланади. Биринчиси — руҳий, яъни туғилмасдан олдинги ҳаёт. Иккинчиси — туғилиш ва ўлиш орасидаги, руҳ ва тана (жисм) қатнашган моддий дунё ҳаёти. Она қорнида бошланадиган бу ҳаётни аксарият алломалар ҳам руҳий, ҳам баданий деб ҳисоблайдилар. Учинчиси — ўлим билан бошланиб, боқий давом этадиган охират ҳаёти.

Машҳур муҳаддис Жалолиддин Суютий «Ўлим — тўла маънода йўқ бўлиш дегани эмас, балки у руҳ билан тана мулоқотининг узилиши ҳамда уларнинг бир-биридан узоқда ва холи бўлиши, ҳолатнинг ўзгариши, шунингдек, бир диёрдан бошқа диёрга кўчишидир», — деб ёзади.

Қуръони каримнинг «Бақара» сурасида: «Одамлар орасида шундайлар борки, улар худоё, бизга фақат шу дунёда бергин, дейишади. Ваҳоланки, ундайлар учун охиратда ҳеч қандай насиба бўлмас. Яна улар орасида шундай кишилар ҳам бор, улар парвардигор, бизга дунёда ҳам охиратда ҳам яхшилик ато қилгин ва жаҳаннам азобидан ўзинг асра, деган оятларга эътиқод қилишади. Демак, мўминлар ҳар икки дунёдан умидвордир», — дейилади. «Сизларнинг яхшиларингиз — дунё ишини деб охиратни, охиратни деб дунё ишини тарк қилмайдиган ва бошқаларга малол туширмайдиганларингиздир» (Ҳадисдан). Хотира ва қадрлаш кунида қабристонлардаги марҳумлар, шаҳид кетганлар қабрларини зиёрат қилиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш эзгу савоб ҳисобланади.

Муборак ҳадиси шарифларда: «Эй иймон келтирган бандалар, қабрларни зиё­рат қилиб туринглар, қабрлар сизларга охиратни эслатади. Зеро, қабрларни зиё­рат қилиш қалбни юмшатиб, кўзни ёшлантиради ва фақат яхшиликни кўпайтиради, ўтганларни зиёрат қилинг­лар, чунки улар зиёратчиларни дўст тутадилар», — деб марҳамат қилинади.

Муқаддас қадамжолар ва қабристонлар тарихи китобларда ва кўплаб манбаларда батафсил шарҳланади. Қабристонларни зиёрат қилиш одоби Қуръони каримда, Пай­ғамбаримиз ҳадисларида, комиллик даражасига етишган Насафийнинг «Қандия», Абу Тоҳирхўжанинг ­«Самария», Аҳмад ибн Маҳмуднинг «Тарихи муллозода» сингари тасаввуф уламоларининг асарларида келтирилади.

Зиёрат давомида ўтиб кетганлар руҳига бағишлаб дуо ўқилса ва садақа берилса, зиёрат тезроқ мустажоб бўлар экан. Ҳадисда: «Эй иймон келтирган бандалар, дуо қилинглар. Дуо ибодату зиёратнинг мағзи, мўминнинг қўрғони», — де­йилади. Шунинг учун хайру эҳсон қилиб, улардан ҳосил бўладиган савобни мар­ҳумлар ҳақига бахшида айлаш улар учун ҳамма нарсадан маҳбуброқ бўлади.

Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари: «Ичингдаги ичингдадир» асарида: «Инсон бу дунёга бир иш учун келади: ғоя удир, агар уни қилмаса, ҳеч бир иш қилмаган ҳисобланади. Шу боис бу фоний дунё синов майдонидир», — дейилади.

Демак, инсон дунёга ўзини англаш, комилликка интилиш вазифаларини бажариш учун келади. Ер юзида яшаган, яшаётган ва яшайдиган ҳар бир инсон вафотидан кейинги ҳаёти учун ўзи билиб-билмай захира яратар экан. Қачонки, банда бошқа бировлар тақдиридан ўзи учун ибрат ола бошласа, унга маърифат эшиги очила боради.

Буни англамаслик, англашни хоҳламаслик ёки кечиктириш иймон сустлигидир. Бундан қутулиш йўли — покиза қалб эгалари, комил инсон таълимотини ўзига энг тўғри йўл деб билган иймон аҳлининг қалбидан чиққан соф фикр ҳамда пурмаъно эзгу ҳикматларини идрок қилиб, англаб етиш ва унга риоя қилишдир.

Инсон одатда ўлимдан эмас, балки бу дунёдан иймонсиз ўтиб кетишдан қўрқиши керак. Иймон деганда, фақатгина «Иймон» калимасини тилда такрорлашгина бўлмай, балки инсон дунёвий ҳамда диний билимларни ақлан ва қалбан эгаллаб, эзгу ишларни амалда адо этишни ҳам билиши лозимлиги белгиланган. Иймонни бутун қилишга интилиш — бу эзгу амалнинг бошланиши — комиллик даражасининг дебочасидир, дейди алломалар. Шу боис исломда ва бошқа динларда ҳам иймонни бутун қилиш уқтирилади.

«Илмга, комилликка интилмоқ — бу ҳаёт мазмунини янада бойитишга интилмоқдир. Ҳаётнинг ҳар дақиқасини ғанимат билиб, эзгу ишлар қилишга, савоб амалларни кўпайтиришга ва шу асосда маънавий оламни янада юксалтиришга интилишдир», — деб уқтиришади алломалар.

Афсуски, айримлар буни тиллари билан тасдиқлайди, амаллари билан ёлғонга чиқаришади. Ваҳоланки, амалдаги ёлғон тилдаги ёлғондан хавфлироқдир. Иймони бутун, бақувват қалбгина келажакдаги муқаррар хавф-хатарни ҳис қила олади, Улуғ Зот ҳузурида, Ватан, эл-юрт, оила ва давлат олдида жавобгарлигини, масъулиятини ҳис этади.

 

Қадриддин ХАЛИЛОВ,

Самарқанд давлат университети кафедра мудири, доцент. 



DB query error.
Please try later.