05.10.2017

КИТОБДАГИ ОБОД БОЗОР

Мустақиллик йилларида Қашқадарё вилоятида ҳам беқиёс ўзгаришлар рўй берди. Одамларнинг турмуш шароити, дунёқараши мутлақо ўзгарди. Китоб туманининг Олақўйлиқ қишлоғида яшаётган 97 ёшли Мажид Хидиров шундай дейди:

— Қашқадарё оғир аҳ­волда ётган, тўкилиб қолган бир пайтда Ислом Каримов вилоятимизга раҳбар бўлиб келгани кечагидек эсимда. У киши «пахта иши» бўйича асоссиз қамалганларни ҳимоя қилишга киришди, ободончилик ва бун­ёдкорлик ишларига катта эътибор қаратди. Туманимиздаги бозор ҳам у кишининг ташаббуси билан қайта қурилган...

Мана, юз билан юзлашаётган табаррук инсон таърифлаган бозордамиз. Бир-бирига туташган иккита улкан павил­ь­ондаги пештахталарини сархил мевалар тўлдирган рас­таларни оралаб ўтар эканмиз, бозор ҳудудининг озода ва кўркамлиги эътиборимизни тортди.

Бозор раҳбари Жамшид Ҳусанов илгари туман молия бўлими мудири, ҳоким ўринбосари лавозимларида ишлаган. Кейинги йилларда туманда юз берган ўзгаришларни яхши билади.

 Бозорнинг қурилиш тарихи билан қизиқаётганимизни сезиб, ниҳоятда кўркам, қўшқаватли ошхонага бошлаб келди. Ўрта ёшли тадбиркор аёл билан таништирди.

— Орадан қанча сувлар оқиб ўтди, — дейди Гулсара Қурбонова. — Аммо ҳамон эсимда, саксон олтинчи йилнинг баҳори эди. Эски ошхона бўларди. Ўн олти ёшлик пайтим, куйиб-пишиб онамнинг ўрнига балиқ қовураётган эдим. Бир пайт бозорқўмимиз Собир ака бир киши билан бошлашиб келиб қолди. Қадди-қомати келишган, пешонаси кенг, кўзлари кулимсираб турган нотаниш кишига қараб қўрққанимдан: «Балиқчилик ота касбимиз, ошхонада онам ишлайди», деб юборибман. Ҳалиги киши эса муло­йим жилмайиб: «Ота касбни давом эттириш яхши, лекин ўқиш қолиб кетмасин, ҳунар билан илмни бирга ўрганиш керак, қизим», — деди. У киши вилоят раҳбари Ислом Каримов эди. Дуддан қора­йиб кетган ошхонага кўз ташлаб: «Бошқа бир жойдан яхши бино қуриш керак экан», дедилар...

Орадан кўп ўтмай, бозорни қайта қуришга киришилди. Меъмор ва қурувчилар ғайрат билан ишлашди. 1986-88 йилларда ўша даврда ҳамманинг ҳайратига сазовор бўлган бозор қуриб битказилади.

Жамшиджон бизни текис саҳндан бетон зиналар орқали қуйига бошлайди. Бозор ҳудуди 2,8 гектар экан. Кун чиқиш томонини замонавий ки­йим-кечак бозори эгаллапти.

— Бозор 1986-88 йилларда жуда мураккаб шароитларда қурилган, — изоҳ беради Жамшиджон. — Қаранг, икки-уч кишининг қулочи аранг етадиган бетон устунлар тикланиб, устига кўприкларда ишлатиладиган ўта мустаҳкам қопламалар ётқизилган. Натижада кенг саҳн ҳосил бўлган, унинг устига 2 та йиғма-темир павильонлар барпо қилинган.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда бозорларни обод қилишга катта эътибор берилди. Кўплаб янги бозорлар барпо этилди. Ҳиссадорлик жамиятлари тузилди. Натижада таъминот, ободончилик яхшиланди. Биринчи Президентимиз ҳеч қачон Китоб туманини, ўзи қуриб берган бозорни унутгани йўқ. 1995 йилнинг ёзида яна келиб, янги даврдаги ободонлаштириш режаларини тузиб берганди.

Бу режалар бирин-кетин амалга ошди. Гўшт ва сут маҳсулотлари сотиладиган ёпиқ павильонлар қурилди. Ҳозир маиший хизмат кўрсатадиган ва турғун савдо шахобчалари 128 тани ташкил этади.

Кейинги икки-уч йил ичида эски бинолар бузилиб, ўрнида қўш қаватли дўкон ва ошхоналар қурилди. Улардан биттаси Гулсара Қурбоновага тегишли. Гулсара ваъдасининг устидан чиқиб, мактабда яхши ўқиди, институтни битириб, олий маълумотли иқтисодчи бўлди, хусусий корхона тузди, хайрли ишларга қўл урди...

 Бозор ҳудудида артезиан қудуқлар мунтазам ишлаб турибди. 2 жойда меваларни ювиш, 5 жойда истеъмол учун сув узатувчи мослама ва жўмраклар ўрнатилган.

Дарвоқе, туманда боғлар, узумзорлар сероб. Янги интенсив боғлар ҳам ҳосилга кирган. Тоғолди адирлари ва ўрмон хўжаликларида сархил мевалар етиштирилаяпти. Варганзанинг машҳур анори, Сумак қишлоғининг оғизда эриб кетадиган наш­ватиси, ўрмон дўланалари шу ерда ўсади.

Туманнинг деҳқон ва фермер хўжаликлари тўкинликка муносиб ҳисса қўшмоқда. Рас­талардан 44 таси улар учун ажратилган.

— Бозор халқники, — дейди фермер Фазлиддин Пўлатов. — Тўкинликка барчамиз ҳисса қўшишимиз керак. Хўжалигимиз чорвачилик йўналишида, жами 28 гектар еримиз бор. Баъзан бозорда бир кило гўштнинг нархи 29-30 минг сўмга кўтарилганда, биз 26-27 минг сўмдан сотдик. Одамлар хизматимиздан рози бўлса, бас.

Бозор маъмурияти ҳамкорликни яхши йўлга қўйиб, таъминотчиларга қулай имконият ва шароитлар яратиб бермокда. Натижада бозорга Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятларидан картошка, пиёз, сабзи, карам ва бош­қа маҳсулотлар йил давомида келтириляпти.

— Мен Хоразм вилоятидан келганман, — дейди тадбиркор Муқаддас Қубаева. — Биз ўн беш йилдан буён Китоб бозорини гуруч билан таъминлаймиз.

— Энг тозаси, татиб кўринг, — дейди асал сотаётган Абдунаби Қосимов. — Асл болни биздан топасиз. Чунки ҳукуматимиз ғамхўрлигидан кейин туманимизда асаларичилик жуда ривожланиб кетди. Оиламизнинг 80 қути асал­ариси бор. Ўғлим Шерзод ёнимга кирган. Йилига 15-20 миллион сўм даромад қиламиз.

Бозор маъмурияти нарх-навони барқарорлаштиришга ҳаракат қилаяпти. Шу йил қишда картошка озроқ қимматлашгач, четдан маҳсулот келтириб, килосини 1,5-2 минг сўмдан сотишибди. Жами 110 тонна маҳсулот сақланадиган омборхона бор экан. Янгисини қуришга тараддуд кўрилаяпти.

Бозорни айланиб, қўш қаватли идорага келдик. Биринчи қаватдаги ветеринария лабораторияси маҳсулотлар сифатини текширадиган янги «Микон» ускунаси билан таъминланибди. Яна бир янгиликни эшитдик: қандолат маҳсулотлари сотиладиган павильон ишга тушибди.

Бозор раҳбарининг хонасида бутун бозорни кузатиб борадиган 3 монитор ва 20 жойда кузатув камераси ўрнатилган экан. Ходимлар 20 та рация ускунаси билан таъминланибди. Катта бозорнинг қайси жойида бирор муаммо пайдо бўлса, зудлик билан ҳал қилинар экан.

— Замонавий бозор ҳар куни бир янгилик билан яшайди, — дейди Жамшиджон Ҳусанов бизга юзланиб. — Ҳозир телефон орқали берилган буюртмага кўра, маҳсулотни мижозларнинг уйига етказиб беришни муҳокама қилаётган эдик. Дунё­да бу тажриба кенг тарқалган. Аввал Китоб шаҳри, ке­йин яқин қишлоқлар аҳолисига хизматни йўлга қўямиз.

Яна бир гап. Бозорда унинг қурилиш жараёнлари, Биринчи Президентимиз ­Ислом Каримовнинг ташрифи, ўз маҳсулотини сотишга келган деҳқонлар билан учрашуви акс этган суратларни, Китоб тумани тарихини ўзида жамлаган музей ташкил қилиняпти. Ана шу мақсадда тўпланган жуда кўп ашёлар яқин кунларда музей бўлимларидан жой олади.

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.