05.08.2017

БИР УМР ХАЛҚИНИНГ ҒАМ-ТАШВИШИ БИЛАН ЯШАБ ЎТДИ

Бугун халқимизнинг ардоқли фарзандларидан бири Шароф Рашидов ҳақидаги ҳар бир хотира биз учун қимматли аҳамиятга эга. Афсуски, улуғ инсоннинг эътиборига тушган, қўл­­лаб-қувватлашидан баҳраманд бўлган, елкама-елка ишлаган юрт­дошларимиз сони йилдан-йилга камайиб бормоқда.

Узоқ йиллар «Ўзбекбирлашув» идорасига раҳбарлик қилган, кейин республика савдо вазирлигини бош­қарган Мадамин Ҳасанов ҳам ана шундай инсонлардан бири. Юз билан юзлашаётган отахон йигирма йилга яқин  Шароф Рашидов билан яқин мулоқотда бўлган, у кишининг кўплаб муҳим топшириқларини бажарган. Суҳбатимиз мана шу муносабатлар тафсилотига бағишланади.

— Суҳбатни Шароф Рашидов билан илк танишган пайтларингиздан бошласак...

— 1956 йилда Москвада номзодлик диссертациясини ёқлаб, юртга қайтдим. Юқори идораларнинг тавсиясига кўра, Андижон вилояти матлубот жамияти раислигига тайинланишим керак эди. Лекин ўша пайт­даги вилоят раҳбари Қўрғонтепа туманига раҳбар бўлиб боришни илтимос қилди. Рози бўлдим. Қисқа муддатда туман марказини электрлаштирдик. Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидан ўтадиган канал устига кўприк қурдирдим. Ўша йили октябрь ойида Республика Олий Совети Президиуми раиси бўлиб ишлаётган ­Шароф Рашидов мен раҳбарлик қилаётган туманга борди. Ишларимиз билан танишди. Муваффақият тилади. Тумандаги 4 йиллик иш давримда у киши билан яна бир неча бор учрашишга тўғри келди. Кейин мени ­Андижон вилояти матлубот жамияти раислигига ўтказишди.

— Биласиз, ҳозирги авлод матлубот жамиятининг қанақа идора ё муассаса эканини, нима вазифа бажарганини билмайди.

— Дарҳақиқат, бозор иқтисодиётига асосланган жамиятимизда бунақа тушунчаларга ўрин қолмади. Эски тузумда савдо тўлиқ давлат тасарруфида бўлиб, қишлоқ аҳолисига туман матлубот жамиятлари, қишлоқ кооперациялари, шаҳар ва шаҳарчаларда эса савдо вазирлигига қарашли тузилмалар хизмат кўрсатарди. Ўша пайтда Андижон вилоятининг асосий аҳолиси қишлоқда яшагани сабабли, уларни савдо дўконлари орқали барча турдаги халқ истеъмол моллари билан таъминлаш мен раҳбарлик қилаётган ташкилот зиммасида эди. Республикада эса бизга «Ўзбекбирлашув» ташкилоти раҳбарлик қиларди.

Мен имконим борича, аҳолини зарур маҳсулотлар билан тўлиқ ва узлуксиз таъминлаш чорасини кўрардим. Натижада барча кўрсаткичлар бўйича юқори натижага эришдик. Ҳатто, 1964 йилда Тошкентда бўлиб ўтган «Ўзбек­бир­лашув»­нинг навбатдаги съездида ишимизга юксак баҳо берилиб, анжуман қатнашчиларининг вилоятга ташрифи уюштирилди. Бу гаплардан Шароф Рашидовнинг яхши хабари бор эди. Шунинг учун 1966 йилнинг апрелида рўй берган зилзиладан сўнг мени ҳузурига чақиртирди. Табиий офат асоратлари тугатилаётган, юртимизга турли ҳудудлардан  юзлаб қурувчилар келаётган пайтда республика аҳолисини, тошкентликлар ва меҳмонларни барча зарур маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш сиёсий масала эканини айтиб, менга «Ўзбекбирлашув» идорасига раҳбар бўлиб ўтишни таклиф этди. Ўша пайтдан бошлаб ўртамизда доимий мулоқот қарор топди. Чунки Шароф Рашидов республиканинг биринчи раҳбари сифатида Ўзбекистоннинг иқтисодий-ижтимоий равнақини таъминлаш билан бир қаторда халқ­нинг турмуш фаровонлигини оширишга ҳам масъул эди. Кейинги вазифанинг муваффақиятли ҳал қилиниши эса кўп жиҳатдан савдо ташкилотларининг ўз ишини талаб даражасида ташкил этишига боғлиқ эди.

— «Халқлар дўстлиги» саройи, Тошкент телеминораси сингари улкан ва бетакрор иншоотлар ­халқимизга Шароф Рашидовдан ёдгорлик бўлиб қолди. Эшитишимизга қараганда, у киши замонавий савдо тизимини яратишга ҳам алоҳида эътибор берган экан...

— Маълумки, Шароф Рашидовнинг раҳбарлик даврида шўро давлатига келадиган хорижлик давлат арбоблари ва таниқли шахсларнинг деярли ҳаммаси юртимизга ташриф буюришган. Уларни кутиш-кузатиш учун эса замонавий шарт-шароит керак эди. Тошкент шаҳри ва ҳудудлардаги икки-уч қаватли Марказий универсал магазинлари, ресторанлар, меҳмонхоналар ўша йиллари қад кўтарди. Ҳурмати меҳмонлар, сайёҳлар айланганда хизматнинг сифати ва даражасидан уялмайдиган бўлдик.

— Айтишларича, ҳозирги Ўзбекис­тон Республикаси ­Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг салобатли биноси ҳам ўша йилларда қурилган экан?

 — 1966 йилда рўй берган зилзила оқибатида «Ўзбекбирлашув»нинг эски идораси тутдай тўкилиб қолди. Ўша йиллари асосий эътибор турар жой қурилишига берилгани боис, маъмурий бинолар қурилиши вақтинча тўхтатилганди. Истисно тариқасида, бизга рухсат берилди. Шароф ­Рашидов битта шарт қўйди: бино замонавий, ҳар томонлама шинам, Тошкентнинг бош кўчаларидан бирини безайдиган бўлиши шарт. Натижада ўзининг мажлислар зали, меҳмонхонаси, ресторани бўлган 21 қаватли муҳташам иншоот қад кў­тарди. Қурилиш ишлари Шароф Рашидов­нинг доимий диққат-эътиборида бўлганини, очилиш маросимида шахсан ўзи иштирок этганини айтиб ўтмасам бўлмас.

— Шароф Рашидовнинг диди ниҳоятда нозик бўлганлигини кўп таърифлашади. Бундан ташқари, хориж мамлакатларида нима яхши нарсани кўрса, республика ҳаётига татбиқ этишга ҳаракат қилган экан.

— Шароф Рашидов кўнгли очиқ, самимий инсон эди. Бир сафар гаплашиб ўтирганимизда, Италия сафаридан олган таассуротлари билан ўртоқлашди. «Кўчаларнинг шундоқ бўйида бир-бирини такрорламайдиган ресторанларни кўриб, роса ҳавасим келди. Бизда ҳам шундай бўлишини ният қилдим. Шу ишга сиз бош-қош бўласиз», дедилар. Шу ерда қовун туширишимга сал қолди. «Бунинг иложи йўқ», дедим дангалига. У киши гапини уқтиришни ҳам, тинглашни ҳам биларди. Аччиқлангани йўқ, қайтага сабабини сўради. «Италияда мунтазам ёмғир бўлиб туради, чанг-ғубор йўқ, бизнинг иқлим иссиқ ва қуруқ, йўл ёқасидаги ошхоналар тўзон тагида қолади», дедим. Мулоҳазам маъқул келди. «Бўлмаса баҳаво жойлардан қуринг», деди.

Жиззахдаги  Моргузар дарасида, Қамчиқ довонида, Қашқадарёнинг Мингчинорида, Сурхондарёнинг Санжак тоғ бағридаги сўлим гўшалар у кишининг таклифлари асосида барпо этилди. Туман ва вилоят марказларидаги кўплаб замонавий бозорлар ҳам Шароф Рашидовнинг кўрсатмаси билан қурилган эди. Тошкент шаҳридаги «Болалар дунёси» номи билан машҳур бўлган савдо мажмуасини ҳаммамиз яхши биламиз. Шу мажмуанинг очилиш маросимида иштирок этган Шароф Рашидов: «Энди навбат бозор қурилишига», деди-да, «Ўзбекбирлашув»га Эски Жўва мажмуасини бунёд этишни топширди. Нилий гумбазлардан иборат Чорсу бозори шу тарзда бун­ёд бўлди.

— Шароф Рашидовнинг инсоний фазилатлари ҳақида кўп эшитганмиз, сизга қайси хислатлари кўпроқ манзур бўлган?

— Халқимизда ҳар томонлама омади келган инсон ҳақида гап кетганда, «Худо қўшқўллаб берган» деган сифатлаш ишлатилади. Шароф Рашидов ҳам ана шундай таърифга лойиқ шахс эди. Истеъдодли ёзувчи, иқтидорли раҳбар, моҳир ташкилотчи бўлиш билан бирга каттага каттадай, кичикка кичикдай муомала қиладиган, камтар, одамохун, меҳрибон инсон бўлиб бир умр ўзбек халқининг ғам-ташвиши билан яшаб ўтди.

— Шароф Рашидов бадиий ижод билан ҳам шуғулланарди. У кишидан бир нечта роман, қисса, достон ва шеърлар қолди.

— Мен ўзим гувоҳ бўлган,  ижодкорларга ғамхўрлиги ҳақида бир ­воқеани айтиб бераман. Гап шундаки, бир қариндошимни шифохонага кўргани борсам, у Эркин ­Воҳидов деган, энди танилиб келаётган шоир йигит билан ҳамхона экан. Танишдик. Эркинжон паришонхотир кўринди. Сабабини сўрасам, «Ўзбегим» қасидаси учун бошида қора булутлар айланиб турган экан. Икки кундан сўнг Шароф Рашидов бир муҳим масалада мени ҳузурига чақириб қолди. Бордим, асосий масала ҳал бўлгандан сўнг, гапни ёш ­шоирлар ижодига буриб, Эркин ­Воҳидовга кўрсатилаётган тазйиқ ҳақида айтиб, ёрдам беришни сўрадим. У кишининг ким билан гаплашгани, нима қилгани менга қорон­ғу, аммо Эркин Воҳидов турли-туман маломатлардан қутулиб, бемалол ижод қилиш имконига эга бўлди. Шеъриятимизнинг юлдузларидан бирига айланди.

— Халқимизда «Яхшининг яхшилигини айт, юзида нури тошсин,» деган бир ҳикмат бор. Шароф ­Рашидов ана шундай яхшилардан бири. Ҳаёти ва фаолиятининг қайси тарафига назар солсангиз, ярқ этиб нурли жилолари кўринади. Демак, улуғ сиймонинг номи халқимиз тарихида ҳам нурли саҳифалардан бири бўлиб қолади. Суҳбатингиз учун газетхонлар номидан чуқур миннатдорлик билдирамиз.

 

Суҳбатдош: Аброр ҒУЛОМ


DB query error.
Please try later.