03.08.2017

ОРОЛ МУАММОЛАРИНИ БИРГАЛАШИБ ЕНГАМИЗ

Мустақиллик ҳаётимизни бутунлай ўзгартириб юборди. Қалбимизда она Ватан туйғуси тобора мустаҳкамланиб, дахлдорлик ҳисси ортмоқда. Айниқса, истиқлолнинг 26 йиллиги арафасида юз бераётган тарихий ўзгаришларни биз қорақалпоғистонликлар ҳам ўз турмушимиз мисолида кўриб турибмиз.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш яқинда Қорақалпоғистон Республикасига келганида жамоатчилик вакиллари билан учрашди, БМТ томонидан Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар натижаси билан танишди. Бир вақтлар мавж уриб турган денгиз суви кейинги 50-55 йилда 15 мартадан зиёд камайиб, сув сатҳи 29 метрга пасайгани, ҳудудда 5,5 миллион гектар тузли қум майдонлари ҳосил бўлгани қайд этилди.

Нуфузли халқаро ташкилот раҳбарларининг Қорақалпоғистонга ташрифи, Орол денгизи муаммоларини шахсан ўзи ўрганиши бу — мазкур глобал экологик инқироз нафақат Ўзбекистон балки бутун дунё халқларини даҳшатга солаётганини кўрсатиб турибди. Бугунги кунда 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурга асосан Мўйноқ туманида умумий қиймати 4 миллиард сўмликдан зиёд 50 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди.

Жорий йил бошида Мўйноқ тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш муаммосини ҳал этишга қаратилган Қўнғирот-Мўйноқ сув иншооти қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бошланган эди. Ўтган ярим йил мобайнида 101 километр масофага қувурлар ётқизилиб, бир кеча кундузда 7 минг кубометр тоза ичимлик суви етказиб бериш имконияти яратилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган мазкур бунёдкорлик ишларига 26,6 миллиард сўм сарфланди. Қурилиш-монтаж ишлари бош пудратчи — «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли махсус кўчма механизациялашган станция қурувчилари томонидан амалга оширилди. 

— Бу халқимизнинг кўп йиллик орзу-армони эди, — дейди «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раҳбари Жанабой Жуеипов. — Шу пайтгача аҳоли дарё ёки ерости сувидан фойдаланиб келар эди. Бундай хайрли ишга бош бўлган мамлакатимиз раҳбаридан миннатдормиз. Сув билан бирга қалбларимизга нур, шукроналик кириб келди. Неча йиллардан буён тоза ичимлик сувига муҳтож бўлган одамларнинг қувончини кўриб, кўзларингга ёш келади...

Президентимизнинг «2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантиришнинг давлат дастури тўғрисида»ги қарори асосида нафақат туман маркази, балки энг чекка овуллардаги аҳолини ҳам сифатли ичимлик суви билан таъминлаш назарда тутилган. Нукус, Беруний, Мўйноқ, Қўнғирот ва Қора­ўзак туманларининг сув таъминоти тизимини яхшилаш ва модернизациялаш лойиҳаси доирасида буюрт­мачи Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Осиё тараққиёт банкининг молия­вий кўмагида Мўйноқ туманининг 6 аҳоли пунктида яшовчи мингга яқин хонадон аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланади. «Мўйноқ-Учсой» сув тармоғи яна узайтирилиб, энг олис овулларга ҳам етиб боради...

Албатта, Орол фожиаси туфайли ушбу минтақада юзага келган экологик офат оқибатларини юмшатиш, жаҳон жамоатчилиги эътиборини бу муаммога қаратиш, қорақалпоқ халқини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борил­япти.

Ҳозир Оролнинг қуриган қисми — 5,5 миллион гектардан зиёд майдон саҳрога айланди. Оқибатда кўплаб ўсимлик турлари камайиб, йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолди.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, воҳада камайиб бораётган ўсимлик турларини ўрганиш, уларни сақлаб қолиш ва ривожлантиришнинг мақбул усулларини ишлаб чиқиш йўлида муайян натижаларга эришилмоқда.

Саҳро бағрида яшил қалқон барпо этилиб, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, ҳудуд биохилма-хиллигини асрашдек эзгу ишлар давом этмоқда. 350 минг гектар майдонда иқлим шароитига мос бўлган қандим, черкес, саксовул экилиб, тузли чанг-тўзон кўчишининг олди олинмоқда.

Бугун Оролбўйи минтақасида ҳаёт манзаралари бутунлай ўзгармоқда. Барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда замонавий корхоналар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, коммуникация тармоқлари барпо этилаётганини кўриб, кишининг кўзи қувонади.

— Мен 40 йил Мўйноқда балиқ овладим, — дейди кекса балиқчи Алмас ТОВАШЕВ. — Аҳолининг 80 фоизи балиқчилик касби билан кун кўрар эди. Ҳозир денгизда ҳаёт тўхтади. Натижада иқлим ўзгарди. Минг йиллардан бери барқарор бўлиб келган табиатимиз бузилди. Тўқай ва қамишзорлар майдони қисқариб кетди. Бу ўз нав­батида ўсимлик ва ҳайвонлар сонининг камайиб, айрим турларининг бутунлай йўқолиб кетишига олиб келди. Орол тубидан ҳар йили 100 минг тоннадан ортиқ қум кўтарилмоқда. Унинг зарралари Европа давлатларига ҳам етиб бораяпти. Бу албатта аҳолининг соғлиғига, санитария-эпидемиология ҳолатига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

— Дастурхонимизда ҳамиша балиқ икраси ва 30-40 хил балиқ таомлари бўлар эди — дейди пенсионер Бибихан УТАМБЕТОВА. — 5 нафар фарзандим, 10 нафар набирам бор. Бошқа оилалар ҳам серфарзанд. Ҳозир мен уларнинг келажагини ўйлайман. Орол муаммоси туфайли аёлларда кам­қонлик, ўсма касалликлари, аҳоли ўртасида ўпка ва бўқоқ касалликлари, туғма нуқсонлар билан туғилган болалар сони кўпайди. Буларнинг ҳаммаси менинг кўз ўнгимда содир бўлмоқда...

— 1998 йилда Мўйноқ туманида туғилганман, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоли Наргиза БОТИРОВА. — Орол денгизининг муаммолари биз ёшларни ҳам четлаб ўтмайди, албатта. Орол муаммоларининг салбий оқибатларини тугатиш борасида Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган ишлар натижаси ҳаётимизга ижобий янгиланишлар олиб кираётганини амалда кўраяпмиз.

Туманда газ, электр энергияси таъминотини яхшилаш, ижтимоий соҳадаги барча муаммоларнинг ҳал қилинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Оролбўйи минтақасига экотуризмнинг олиб кирилиши, денгиз ҳудудидан шифобахш минералларга бой балчиқда даволаниш учун замонавий, хал­қаро стандартларга жавоб берадиган оромгоҳлар, сиҳатгоҳлар яратиш ишлари диққатга сазовордир.

Ҳозир Мўйноқ туманига тез-тез қадам ранжида қилаётган чет эллик сайёҳларнинг денгизда мотор қа­йиқларда сайр этиб юрганига кўзингиз тушади. Бу ерда баландлиги 18 метрли «Мўйноқ маёғи»ни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Тумандаги ўлкашунослик музейи қайта таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этди.

Ҳозир Мўйноққа келсангиз, бу ерда экофестиваллар ўтказилишига тайёргарликлар кўрилаётганининг, «Оролнинг 99 миллий таоми» мавзусидаги гастрофестивал, ёзувчи-шоирлар, олимлар, адабиёт­шунослар, китобсеварлар билан бирга Ажиниёз, Бердақ бобомизнинг адабий анжуманлари ўтказиш учун олиб борилаётган кенг кўламли ҳозирлик ишларнинг гувоҳи бўласиз. Туманнинг кенг ва равон кўчаларида қад ростлаган кўркам тўйхоналар, кафе, рес­торанлар, замонавий иншоотларни кўриб, кўз тўймайди.

Орол муаммоси масалалари сабр-қаноатли, метин бардошли хал­қимизни янада жипслаштиради, хал­қ­аро ҳамжамият билан биргаликда бу маммоларни енгиб ўтишимизга ишонамиз

 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Қорақалпоғистон халқ шоири,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.


DB query error.
Please try later.