03.08.2017

БЎЛҒУСИ ҲУҚУҚШУНОСЛАР УЧУН АДОЛАТ

тест синовларидан бошланади

1 август куни Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасаларида тест синовлари бўлиб ўтди. Бу йилги имтиҳонлар ҳар сафаргидан кўра қатъий кузатув ва тартибларда ўтказилди, шаффофликни таъминлаш чоралари кучайтирилди. Тошкент давлат юридик университетининг тест имтиҳонлари «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасининг 6 биноси — 4 павильон ва иккита аудиторияда ўтказилди.

Фарзандларини қўллаб-қувватлаш учун бу ерга келган ота-оналар, назаримда, абитуриент­лардан кўра кўпроқ ҳаяжонда.

— Мен Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидан келдим, — дейди меҳнат фахрийси Зуҳра Дилмуродова. — Беш нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказдим, тўрт нафари ўз кучи билан олий маълумотли бўлишди. Бугун кенжа қизим Диловар Шарипова тест топширмоқда. Икки йил киролмаган. Барибир ўқийман, деб ўз олдига қатъий мақсад қўйган, болагинамнинг омадини берсин, дейман...

— Ўғлим Отабек Қаюмов ихтисослаштирилган мактабда таълим олган, зеҳни ўткир, — дейди Фарғона вилояти, Учкўприк туманидан келган Муҳаббатхон Мирзааҳмедова. — Ёлғиз фарзандимиз, олган билимларини шу олий ўқув юртида синаб кўраман, деди. Ўзига ишончи баланд. Албатта юқори балларга эга бўлади, деган умиддаман. Бу йилги тест синовлари ўтган йилларга кўра бутунлай бошқача, ота-оналар учун ҳам шарт-шароитлар яратилган.

— Сурхондарё вилоятининг Ангор туманиданман, — дейди Сайёра Шоймардонова. — Тест синовларини топшираётган ўғлим Ойбек Бозоровни кутиб турибман. Тест синовларида адолат мезонларига риоя қилиняпти, шаффофлик таъминланаяпти. Абитуриентлар имтиҳон топширишга кираётганини кузатиб турибмиз, афсуски, уларнинг баъзи бирларидан яширинча олиб кирилаётган телефон ва шунга ўхшаш нарсалар топилаётгани ачинарли ҳол. Ҳолбуки, улар ҳар бир қадамда огоҳлантириляпти...

Самарқанддан келган Ёқуб Исоқов невараси Моҳинур Тоштемированинг тест синовларини муваффақиятли топшириб чиқишига ишонади. Чунки шунга яраша тайёргарлиги бор, имтиҳонлар адолатли ўтказил­япти.

— Неварам албатта ўқишга киради! — дейди у фахр билан.

— Тест имтиҳонлари топшириш биноларида абитуриентлар учун ручка, қоғоз, чанқаганда ичиши учун сув қўйилган, — дейди қабул комиссиясининг масъул котиби Отабек Бобожонов. — Шунинг учун абитуриент ичкарига паспорт, имтиҳон варақасидан ташқари ҳеч нарса олиб кирмаслиги керак. Абитуриентлар икки тартибда — таш­қи ва ички назоратдан ўтказиляпти. Улар ёнидан тақиқланган буюмлар, яъни ўқув қўлланма, мобиль телефон, шпаргалка ва ҳоказо предметлар топилса ёки яширин тарзда тақиқланган буюмларни ўзи билан олиб киришга уриниш аниқланса, имтиҳондан сўзсиз четлаштирилади. Бу ҳақда ҳамма жойда огоҳлантирувчи баннерлар қўйилган. Ички назоратда эса абитуриентлар Тошкент давлат юридик университети ва прокуратура ходимлари томонидан кузатиб борилди.

— Бу йилги имтиҳонда текшириш, кузатиш ва назорат ишларига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ички ишлар, божхона, прокуратура, миллий хавфсизлик хизмати ҳамда университет ходимларидан иборат гуруҳлар жалб қилинган, — дейди Адлия вазири ўринбосари, университет ректори Есемурат Каньязов. — Тест имтиҳонларида шаффофликни таъминлаш ва адолат мезонларига сўзсиз амал қилишга эришиш мақсадида «Ўзэкспомарказ»нинг павильонлари танлаб олинди. Уларнинг ҳар бири 1000 дан 1500 нафаргача абитуриент­ни қамраб олади. Павильон ҳарорати мўътадиллиги таъминланишидан ташқари, абитуриентлар учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

Тест синовларида замонавий технологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Биноларда видео кузатув камералари ишлаб турибди. Тест синовларидаги жараёнларни «Ўзэкспомарказ» ҳудудига кириш жойларида ўрнатилган учта йирик LED (4м*3м) экранлари ёрдамида абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинлари тўғридан-тўғри кузатиш имконига эга. Шунингдек, тест синовларини ўтказиш жараёнини тўғридан-тўғри интернет орқали эфирга узатишга эришилмоқда. 

Тошкент шаҳридаги 48- ва 160-умумтаълим мактаблари ўқитувчилари Хосият Матякубова ҳамда Дилдора Бердиалиевалар 4-5 йилдан буён турли олий ўқув юртларида ўтказилган тест синовларида кузатувчи сифатида иштирок этиб, тажриба орттиришган.

— Бу йилги тест синовларида шаффофлик ва адолат мезонлари амалда ўз аксини топаётганидан хурсандмиз, — дейди Хосият Матякубова. — Илгари ҳам бир қанча олий ўқув юртларида кузатувчилик қилганмиз, тўғрисини айтиш керак, баъзи пайтларда абитуриентга кимдир ёрдам бермоқчи бўлган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлганмиз ва бундай кўринишларнинг олдини олишга ҳаракат қилганмиз. Лекин бугун ҳеч қандай таниш-билишчиликка йўл қўйилмади. Ўз билими ва иқтидорига ишонган абитуриентларгина талабалар сафидан муносиб ўрин олади, деб ўйлаймиз.

Университетнинг Конституция ва ҳуқуқ фани ўқитувчиси Дилшод Ражабов ҳам кузатувчи сифатида абитуриентларга йўл-йўриқ кўрсатиб турибди.

— Бу йил университетга 6000 дан зиёд абитуриент ҳужжат топширган, — дейди Дилшод Ражабов. — Ҳар бир ўринга 10-13 тагача бола тўғри келяпти. Яхши томони, Президентимиз томонидан шу йил 28 апрелда қабул қилинган «Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра, талабалар қабул квотасини ошириш белгиланган. Бу йилги қабул квотаси 600 ўринни ташкил этиб, келгусида қонунчиликка биноан қимматлаштирилган тўлов-шартнома асосида қўшимча қабулни амалга ошириш имконияти мавжуд.

Квотанинг кўпайтирилиши олий юридик таълим омма­боплиги, юридик кадр­­лар рақобатбардошлиги, суд-ҳуқуқ тизимини кадрлар билан таъминлаш, нодавлат соҳалар, жумладан бизнес тузилмаларнинг ҳуқуқшунос мутахассисларга бўлган эҳтиёжини қондириш, ходимлар меҳнатини моддий рағбатлантириш ҳисобига юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда университетга қўшимча молия­вий маблағларни жалб қилиш ва уларни ОТМ ривожи йўлида сарфлаш имконини яратади.

Халқимизда «Мард майдонда синалади», деган мақол бор. Бу йилги тест синовлари ҳақиқатдан ҳам мардлар синаладиган майдонга айланди, кимнинг билими кучли ва мустаҳкам бўлса, ўша ғолиб бўлади. Билимли ёшлар — талабалардан малакали мутахассислар етишиб чиқади. Улар юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


DB query error.
Please try later.