08.07.2017

ХАЛҚНИ РОЗИ ҚИЛИШ УЧУН

тиббиёт ходимларининг шахсий жавобгарлиги ва масъулияти жиддий оширилиши керак

Бугун одамларни рози қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш, муаммоларига ечим топиш, у қайси соҳа бўлмасин, бош вазифа ҳисобланади. Айниқса, тиббиёт тизимидаги ишлар сифатини тубдан оширишни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Президентимиз тиббиёт ходимлари билан бўлган қатор учрашувлар, вилоятларга ташрифлари давомида соғлиқни сақлаш тизимини замон ва халқимиз талабига мос равишда такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар қўйди. Қатор фармон ва қарорлар эълон қилинди.

Бугун жойларда ана шу топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу борада хусусан, Академик Восит Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида мазкур марказ директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Феруз НАЗИРОВ билан суҳбатлашдик.

— Одамларнинг тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва даражасидан норози бўлиши жамиятда ўткир масалаларни келтириб чиқариши мумкин, — дейди у. — Шу боис Президентимиз соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

— Феруз Ғафурович, аввало ушбу марказ фаолияти, вазифалари ҳақида тўхталсангиз.

— Марказ мамлакатимиздаги кўптармоқли илмий ва даволаш муассасаларидан бири бўлиб, 1975 йилда ташкил этилган. Унинг асосчиси ва биринчи раҳбари академик Восит Воҳидов ҳисобланади. Ушбу муассаса 370 ўринга мўлжалланган бўлиб, 180 ўринда юрак ва томир касалликлари, 190 ўринда торакал-абдоминал йўналишидаги беморлар даволанади.

Марказда жигарда ёмон сифатли саратон ўсмаларини катта ҳажм­даги резекцияси, панкреатодуоденал резекция, ўт йўлларида юзага келган ўсма ва заҳарланишдан шикаст­ланиш ҳолатларида қайта тикланиш амалиётлари сингари ноёб операциялар ўтказилади. Жигар циррози ва портал гипертензияси асоратларини жарроҳлик йўли билан даволашдаги ўзига хос услублар яратилди. Қизилўнгач ва ошқозон касалликларининг ривожланган ва энди авж олаётган ҳолатларида қайта тиклаш операциялари амалиётга татбиқ этилди.

Туғма юрак хасталиги билан туғилган беморларда радикал амалиётларнинг барча турлари, жумладан, тетрада фалло фонтена операцияси, аорта томирлари реимплантацияси — Бентал де Боно операцияси жаҳон стандартлари даражасида ишлаб чиқилган.

Орттирилган юрак хасталикларига чалинган беморларга мураккаб операцияларни қилиш, жумладан, кўп клапанли протезлаш, плас­тик, клапанни қайта тиклаш операциялари амалда қўлланиб келинмоқда.

Рентгеноэндоваскуляр ва юрак уришининг бузилиши бўлимида туғма юрак иллатлари билан туғилган беморларда рентгеноэндоваскуляр амалиёти, баллонли митрал вальвулопластика, қон томирларининг мураккаб шикастланиш ҳолатларида транскатетер эндопратезлаш ама­лиё­ти ишлаб чиқилди ва беморларда кенг қўлланилмоқда. Юрак тож томирларни стентлаш кундалик амалиётга айланиб қолди. Юрак томир хирургияси бўлимида бир вақт­нинг ўзида тож томирларда ва юрак клапанларида ўтказиладиган операция­лар амалиётга жорий қилинди.

Ушбу марказ минтақада мураккаб жарроҳлик операцияларини амалга оширувчи етакчи тиббиёт муассасаси саналанади.

— Бугунги кунда ихтисослаштирилган марказлар олдига юқори талаблар қўйилмоқда. Хусусан, марказларнинг вилоятлардаги филиалларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда...

— Ҳақиқатан ҳам, ихтисослашган марказларнинг фақатгина Тошкент шаҳрида фаолият юритиши, беморлар қабул қилиш сонининг чеклангани ва бошқа омиллар йиллар давомида одамларга қийинчилик туғдириб келган. Айниқса, узоқ вилоятлардаги аҳолининг сарсон бўлиши, ўз вақтида малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини чекланишига сабаб бўлмоқда.

Бевосита Президентимизнинг топишириғига кўра, ҳозирда қатор ихтисослашган марказларнинг вилоятлардаги филиаллари ташкил этилмоқда. Хусусан, бизнинг марказ филиаллари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, марказимиздаги етакчи тиббиёт ходимлари бевосита жойларга чиқиб, туман тиббиёт бирлашмалари, қишлоқ врачлик пунктларида бўлиб, ўша жойнинг ўзида жарроҳлик амалиётларини бажараяпти, беморларни қабул қилмоқда.

Бу биринчидан, фуқароларнинг узоқ йўл босиб сарсон бўлишининг олдини олса, иккинчидан ўша тиббиёт муассасасидаги шифокорларнинг тажрибаси, малакасини ошириш имконини беради.

Президентимизнинг мазкур топшириғини амалга ошириш учун амалий чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди. Жумладан, республикамизнинг қатор вилоятларида кардиохирургия йўналишида қўшимча бўлимлар очиш назарда тутилмоқда. Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази таркибида инсон органларининг кўчириш бўлими фаолиятини ташкил этиш, Бухоро, Самарқанд, Фар­ғона ва Хоразм вилоятларининг кўптармоқли тиббиёт марказлари таркибида рентгеноэндоваскуляр ва юрак уришининг бузилишини даволаш бўлимларини очиш, Андижон ва Самарқанд давлат тиббиёт институтлари клиникалари ҳамда Бухоро ва Фарғона вилоятлари кўптармоқли тиббиёт марказлари таркибида кардиохирургия хизматини ташкил қилиш, Наманган, Самар­қанд ва Хоразм вилоятлари болалар кўптармоқли тиббиёт марказлари таркибида Болалар кардиохирургия бўлимини очиш борасида иш олиб борилмоқда.

Марказимиз республикамизнинг чекка ҳудудларида яшаётган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни зарур тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Биргина жарроҳлик йўналиши бўйича жорий йилда 327 сайёр хизмат сафарлари ўтказиш режалаштирилган.

— Тиббиёт кун сайин ривожланиб бораётган соҳа ҳисобланади. Шу маънода марказ фаолиятида қандай янгиликлар жорий этилмоқда?

— Марказимизда 1100 нафардан ортиқроқ ходим фаолият кўрсатмоқда. Энг замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозланган марказда юқори малакали мутахассислар мураккаб, юқори технологик ноёб операцияларни амалга оширмоқда. Замонавий ташхис усулларини жорий этиш бўйича диққатга сазовор амалиётлар ўтказилмоқда. Бундан 20-25 йил аввал 1,5 килограмм вазн билан туғилган чақалоқнинг яшаб кетишига ишонч йўқ эди, ҳозир эса бир килограмм­дан кам вазнда туғилган жажжи гўдаклар ҳам буткул соғломлаштирилаётир. Болаларда учрайдиган юрак нуқсонларининг тури жуда кўп. Жарроҳлик амалиётларини талаб қиладиган барча юрак нуқсонини шартли равишда 100 фоиз деб олсак, шулардан 70 фоизи мамлакатимизда бажарилади. Қолган 30 фоизи ўта оғир юрак нуқсони ҳисобланиб, бундай беморлар учун хориждан мутахассислар жалб қилинади ёки улар чет элга юборилади.

Масалан, чақалоқ туғилганининг биринчи кунлариданоқ қилиниши лозим бўлган операциялар, муолажаси кечиктириб юборилган ўта оғир юрак нуқсонлари ҳозирча хорижда бажариляпти. Жорий йилда оғир юрак нуқсони бор уч бола Францияга жарроҳлик амалиёти учун юборилди. Уларга икки кардиожарроҳ ҳамроҳлик қилди. Мутахассисларимиз операция жараёнида бевосита қатнашиб, ушбу технологияни ўзлаштириши ва ўз фаолиятида татбиқ қилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, охирги 3 йил мобайнида, Марказда 80 дан ортиқ янги турдаги жарроҳлик амалиётлари жорий этилди. Улардан, 10 дан ортиғини лапароскопик амалиётлар, 6 турини ўпка, нафас олиш, бронх, 29 тадан зиёд амалиёт турларини оғир юрак нуқсонлари хасталиги ташкил этади. Давлат интеллектуал мулк агентлиги томонидан 9 турдаги янги кашф этилган ихтиро учун патент олинди.

Мамлакатимизда юрак ишемия касаллигини операция қилишнинг клиник амалиёти жорий қилиниши натижасида 2500 тадан ортиқ юрак клапанларини алмаштирилиши, жарроҳликни такомиллаштириш, ушбу тизимга юқори технологияларни жалб этиш, оператив муолажалар олиб бориш борасида амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовор. Инфаркт миокардни стентлаш йўналиши бўйича 3720 бемор даволаниб чиқди.

— Кўпчиликни марказда кўрсатилаётган тиббий хизматлар нарх-навоси қизиқтиради. Бу ҳақда ҳам маълумот берсангиз.

— Бу масала кўплаб тиббиёт муассасалари учун энг муҳим ва долзарб муаммо саналади. Масалан, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, тиббий хизматларнинг қимматлиги ҳамда ҳудудларда муассасалар филиалларининг йўқлиги боис бир қатор муаммолар мавжуд. Жумладан, 2003 йил 26 февралдаги «Соғ­лиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонга мувофиқ яна бир меъёрий ҳужжат — «Республика ихтисослаштирилган марказлари томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатадиган имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхати» тасдиқланган. Ушбу рўйхатга мувофиқ, болаликдан ногиронлар, чин етимлар, 1 ва 2-гуруҳ ногиронлари, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунинг­дек, уларга тенглаштирилган шахс­лар, ёшга оид пенсияга чиққан, ишламайдиган шахслар, Чернобиль АЭСи фалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи ногиронлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларга мансуб шахслар имтиёзли даволаниш имкониятига эга.

Шунингдек, давлат томонидан муҳтож бўлган шахслар (имтиёзли тоифадаги шахслар)га бюджет маблағи ҳисобидан клиниканинг мавжуд ўрин фонди ва қабул қилиш қувватининг 20 фоизига қадар ҳажм­да тиббий хизмат кўрсатиш марказнинг вазифаси ҳисобланади.

Оғир амалиёт саналган жарроҳликлардан кўп клапанли протезлаш, пластик, клапанни қайта тиклаш операциялари ишлаб чиқилиб, амалда қўлланиб келинмоқда. Бу энг қиммат амалиёт саналади. Масалан, аорто-коронар амалиётининг нархи Ўзбекистонда 9,5 миллион сўм, Европада 30 минг АҚШ долларидан қўпроқ, АҚШда 50 минг доллардан бошланади. Клапанли протезлаш амалиёти Европада 40 минг АҚШ доллари ва АҚШда 70 минг АҚШ долларини ташкил этади. Фалло тетрадаси радикал коррексияси амалиётининг нархи Ўзбекис­тонда 17 миллион сўм, Европада бу тоифадаги амалиёт 50 минг АҚШ доллари ва Америкада 120 минг доллардан ошади...

— Марказ қайси хорижий тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик қилади? Бу қандай натижалар бермоқда?

— Марказимизда АҚШ, Италия, Малайзия, Россия, Франция, Корея Республикаси, Япония, Ҳиндистон ва Хитой каби давлатларнинг етакчи клиникалари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Айтиш мумкинки, бу ҳамкорлик ўз самарасини бериб келмоқда. Мисол учун, «Сен ёлғиз эмассан» фонди ҳамда Франциянинг «Умид ришталари» шифокорлар уюшмаси томонидан жорий йилнинг 10-17 январь кунлари ўтказилган хайрия тадбири доирасида юрак нуқсонлари билан туғилган 12 нафар бола операция қилиниб, 45 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилди. Операция­ларни франциялик мутахассислар ўзбекистонлик шифокорлар билан биргаликда амалга оширди.

Ҳар бири ўта жиддий ва мураккаб бўлган мазкур операцияларда профессор кардиожарроҳ Оливье Барон, перфузионист Луи Мериан, болалар анестезиологи Ариан Девин ва реанимацион ҳамшира Элеонор Легенеклар иштирок этишди.

Ушбу операциялар ичида техник жиҳатдан ўта мураккаб саналган тўртта операция Ўзбекистонда илк маротаба амалга оширилди. Улар бир неча соат очиқ юракда давом этиб, юрак жарроҳлигида ишлатиладиган чет элдан олиб келинган махсус протезлар ва синтетик материаллар ёрдамида олиб борилди. Шунингдек, юракнинг катта магис­трал қон томирларида ҳам операциялар бажарилди.

Ҳамкорлик ҳақида гапирар эканмиз, қуйидаги фактларга ҳам эътибор қаратишни истардим. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига қилган давлат ташрифи якунлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази ва Россиянинг учта йирик маркази — А.Вишневский номидаги жарроҳлик институти, Н.Пирогов номидаги Миллий тиббий-хирургик марказ ва А.Бакулев номидаги юрак-томир хирургияси илмий маркази билан яқиндан ҳамкорлик келишувлари имзоланиб, аллақачон амалий ишлар бошланиб кетди.

Халқимизнинг хабари бор, албатта, яқинда россиялик машҳур жарроҳлар юртимизга келишди, Хоразм вилоятида бўлишди, мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказишди.

Келгусида бундай ҳамкорлик янада кучаяди, халқимиз саломатлиги янада ишончли ҳимоя этилади, деб ўйлайман.

 

Фахриддин ПАРПИЕВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.