08.07.2017

СОҲАГА ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА

«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти енгил саноатни ривожлантириш, инвестицион ло­йиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди.

Бугунги кунда жамият таркибида 450 дан ортиқ тўқимачилик, тикув-трикотаж корхоналари мавжуд бўлиб, уларнинг 30 фоизидан кўпроғини хорижий капитал иштирокидаги корхоналар ташкил этади.

— Юқори қўшимча қийматга эга сифатли маҳсулотлар ишлаб ­чиқаришни кенгайтириш ҳамда уларни экспортини кўпайтириш ­долзарб аҳамиятга эга, — деди «Ўз­бекенгилсаноат» акциядорлик жамия­ти бошқарма бошлиғи ­Шоҳрух Раҳимов. — Президентимизнинг 2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисидаги қарори бу борадаги ислоҳотларда дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ­дастурга мувофиқ, 132 инвестицион лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Унинг умумий қиймати 2,2 миллиард долларни ташкил этади. Мазкур лойиҳалар асосида Наманган, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Хоразм вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистонда 9 та тўқимачилик корхонаси ишга туширилади.

Енгил саноат соҳасини ривожлантиришда юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришда инновацион техникаларни кенг жорий этиш, тармоқ учун ёш мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш, замонавий илмий ва институционал базаларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни вақтда Жанубий Корея билан ҳамкорликда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошида замонавий ўқув-тадқиқот тўқимачилик технопаркини яратиш лойиҳаси амалга оширилмоқда ва у 2018 йил сентябрь ойида якунланиши режалаштирилган.

Умуман тизимда янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали 27 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

 

Ўз мухбиримиз.



DB query error.
Please try later.