06.07.2017

ҲАР ИССИҚ НОНИНГНИ ҚУЁШДАЙ КЎРДИМ...

Бугун қайси даврада бўлманг, одамлар ғалла мўл бўлганини хушнудлик билан гапиришмоқда.

Ҳа, нон бор уйда ғам йўқ. «Ғалласи бор уйнинг — алласи бор», — деган мақол бекорга айтилмаган.

Ўзбекистон буғдойзорларида етилган олтин бошоқлар соҳилга сиғмай тебранмоқда. Хирмонлар донга тўлмоқда. Тандирларда гуриллаб олов ёнмоқда. Қутлуғ хонадон бекалари шоир таърифлаганидек, «тандирга камондай эгилиб ҳар тонг» сават-сават нонлар ёпмоқдалар. Нақадар оромбахш лаҳзалар... Бутун оламни нон иси тутмоқда. Бу дунёда нон исидек хушбўй ис бўлмаса керак. Нон исини ҳаёт иси, тириклик иси, дегим келади.

 

«НОНГА ТЎЯДИГАН КУНЛАР КЕЛАРМИКИН?»

Отамнинг болалиги уруш­дан кейинги қаҳатчилик йилларига тўғри келган. У бошидан кечирган кунларни шундай хотирлайди:

— Уч ёшлигимда онам оғир касалликдан вафот этди. Отам тонг ёришгандан то қоронғу кечгача колхозда (жамоа хўжалиги) меҳнат қиларди. Бир кунлик оғир меҳнат эвазига кечга бориб, колхозчиларга маккажўхоридан тайёрланган 2 дона кафт­деккина чавати нон бериларди. Бувим билан кун бўйи оч ҳолда эшикка термулиб ўтирардик. Отам кун ботганда базўр юриб ҳовлига кириб келар, қўлидаги чавати ноннинг биттасини бувимга, биттасини менга узатарди. Ўзи эса сандалнинг бир четига ўтириб, оч ҳолда бизни кузатарди. Мен ҳеч кимга қарамасдан, нонни шошиб-пишиб ғижимлаб оғзимга солардим. Барибир қорним тўймасди. Сандал устига ёпилган кўрпа ичига бошимни суқиб, хаёлга чўмардим: «нонга тўядиган кунлар келармикин?»...

Бир куни оч қолган итимиз нонни қўлимдан илиб кетди. Буни кўриб турган отам итни қувлаб кетди. Ит биздан ҳам оч бўлган чоғи, нонни бир пастда ютиб юборган экан...

Отамнинг бу ҳикоясини биз болалар нафасимизни ичимизга ютиб, ички бир изтироб билан тинг­ла­га­нимиз ёдимда.

 

«ОҲ, НОН-А, НОН»

Очарчилик йилларида кўп аянчли воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлган Нозихон бувим дастурхонга тўкилган нон ушоқларини қўллари титрабгина териб, оғзига солар экан, «Оҳ, нон-а, нон», — деб қўярди. Биз ҳайрат билан қараб турганимизни сезиб, «Эҳ болаларим-а, уст-бошингиз йиртилса, ямаса бўлади, аммо қоринни ямашнинг иложи йўқ. Бир замонлар бир бурда нонни деб одамлар не кўйларга тушган-а», — деб қўшиб қўярди. Бувим гапириб берган бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди.

Очарчилик одамларнинг силласини қуритган йиллар экан. Ҳар куни қишлоқда кимдир нобуд бўлгани ҳақида гап тарқаларкан. Маҳалладаги бир бадавлат одамнинг оти нобуд бўлибди. Бой қўшниларга отни томорқанинг бир бурчагидаги дарахт тагига кўмишни буюрибди. Лекин икки-уч оила отни сўйиб, бўлиб олиб, оч қолган болаларига пишириб беришибди. Болалар очлик балосидан омон қолишибди.

Ҳа, оиламизда ноннинг азиз неъматлиги, унинг увоғини увол қилиш ҳам катта гуноҳ эканлиги мана шу тарз­да онгимизга чуқур сингдирилган. Шунданми, биз опа-укалар ноннинг ушоғини ҳам кўзимизга суртамиз. Ҳалол меҳнат қилиб, ризқ топиш ва борига шукр қилиб, қаноат билан яшаш бизнинг ҳаётий таомилимизга айланган.

 

ЭНГ АРЗОН ВА ЭНГ ҚАДРЛИ НЕЪМАТ

Бугун замонамиз тинч, дас­турхонларимиз тўкин-сочин. Дўконларимизда турли-туман нон ва нон маҳсулотлари сероб. Биз бу кунлар шукронасини қанча айтсак ҳам ярашади. Ҳашаматли тўйхоналарда дастурхонларни юз хил нон ва пишириқларга тўлдириб, тўй-томошалар, юбилейлар, ифторликлар ўтказаяпмиз. Баъзи ўринларда меъёр чегарасидан чиқиб, ҳатто исрофгарчиликларга йўл қўйил­япти...

Замондошларимиз, айниқса, бугунги ёшлар одамлар бир бурда нонга зор қолган кунларни билиши керак, деб ўйлайман. Ўшанда нон қадрига кўпроқ етади. «Машина қиммат бўлиб кетди», — деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. Бундайларга қарата:

— Ҳой биродарлар, нимага ваҳима қиласиз? Машина инсон ҳаёти учун шунчалик муҳимми?.. Кўча тўла машина-ку. Олдинги замонлардай тиқилинч автобусларда юрмаётган бўлсак...

Талабалик йилларимда баъзида «Тошкент — Фарғона» йўналишидаги автобусда ўн соатлаб тикка туриб манзилга етган пайтларим бўлган. Ҳозирчи, автоуловларга танлаб, сайлаб ўтирамиз.

Қолаверса, автомашиналар савдо-сотиғидан тушадиган маблағ давлатимиз хазинасига қўшилади-ку. Бу маблағлар яна ўзимизга, фарзандларимизга сарф­ланади-ку. Юртимизда минг-минглаб беморлар ётиб, бепул даволанаётган диспансерларга кетадиган бир кунлик харажатни ким ўйлаб кўрган? Болаларимиз таълим олаётган ўқув муассасалари таъминотига йилига қанча-қанча маблағлар сарф қилинишини ким ҳисоблаб чиққан? Шаҳар ва қишлоқларда кундан-кунга қад рост­лаётган тиббиёт, ўқув муассасалари, спорт иншоотлари-ю, дам олиш масканлари, йўллар ва кўприклар қандай маблағлар ҳисобига бунёд бўлмоқда?... Осмондан пул ёққанини ким кўрган?..

Кимдир бозордаги нарх-наводан, автомобилллар русумларидан гапиради. Озгина нолиш ҳам қилади. Ким учундир бу масалалар аҳамиятли эмас. Далаларда бошоқлар чайқалиб турса, унинг кўнгли тоғдай кўтарилади, тандир тўлиб нон ёпилса, кўнгли тўқ бўлади. Яратган берган ноз-неъматлар, тинчлик-тотувлик учун шукроналар айтади.

 

БУГУН ОНА ЎЗБЕКИСТОНДА ҲОСИЛ ФАСЛИ

Ён-атрофимизга бир назар ташлайлик, дунёда нима гаплар бўляпти?

Нигериянинг миллион нафардан ортиқ фуқароси очликдан азият чекмоқда. Яманнинг 17 миллион фуқаросига озиқ-овқат танқислиги хавф солмоқда. Жанубий Судан, Эфиопия, Кения, Уганда ва Бурундида қур­ғоқчилик, ҳарбий ихтилофлар ва озиқ-овқат инқирози сабабли 23 мил­лион киши оч қолмоқда. Чорванинг камайиши ва ҳосилсизлик сабабли ҳудудда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ошмоқда. Сомалида қурғоқчилик сабабли озиқ-овқат ва ичимлик суви етишмовчилиги юзага келган, бундан таш­қари, мамлакат қишлоқ хўжалиги касодга учраган. Бу нохуш гапларни яна ва яна давом эттириш мумкин. Энг аянчлиси, ўтмишда эмас, бугунги кунда миллионлаб болалар қорни нонга тўймай, мактаб кўрмай ул­ғаймоқда. Кишини қаттиқ ташвишга солади бу воқеалар...

Бугун Она Ўзбекистонда ҳосил фасли. Ғалламиз мўл бўлди, хирмонлар донга тўлди. Болаларимиз бағримизда ўйнаб-кулиб ўсмоқда. Беихтиёр тилимга Халқ шоири Абдулла Ориповнинг қуйи­даги сатрлари келади:

Сени ушбу кунда

 қутлайман, юртим,

Ризқингни бут қилди

 олтин хирмоним.

Ҳар иссиқ нонингни

 қуёшдай кўрдим,

Дунёга нон берган

 Ўзбекистоним!

 

Салима ХОЛДОРОВА,

Навоий кон-металлургия комбинати мутахассиси.



DB query error.
Please try later.