04.07.2017

ДОРИ-ДАРМОН ВОСИТАЛАРИ ТАЪМИНОТИ ЯХШИЛАНЯПТИМИ?

«Дори-дармон» акциядорлик компанияси матбуот анжумани ўтказди.

Тадбирда Президентимизнинг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори хал­қимизни арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлаш ишларини яхшилашда дастур­ил­амал бўлаётгани қайд этилди.

— Ҳозирда компаниямиз таркибида 8 акциядорлик ҳамда 12 масъулияти чекланган жамияти, 17 дорилар омборхонаси, 15 назорат-таҳлил лабораторияси ва республикамизнинг барча ҳудудларида жами 1400 дан ортиқ дорихона муассасалари фаолият кўрсатмоқда, — деди «Дори-дармон» акциядорлик компанияси бош­қаруви раиси Абдуғани Комилов. — Республикамизнинг чекка туманларида фаолият юритувчи кўчма дорихоналар ташкил этилди. Айни пайтда компаниянинг махсус жиҳозланган «ISUZU» русумли изотермик автофургонларида 14 кўчма дорихона фаолият кўрсатмоқда. Қўшимча равишда 100 та «Damas» русумли автомашинада кўчма дорихоналар ташкил этилди.

Бундан ташқари, компаниямиз таркибига кирувчи дорихоналардаги дори воситалари ва тиббий буюмларнинг сифати ва нархи билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича мурожаатлар (0371) 120-16-63 рақамли «Ишонч телефони» орқали қабул қилинмоқда. Ҳар бир мурожаат компания ходимлари томонидан кўриб чиқилиб, қонун дои­расида ҳал этилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг «Доривор ўсимликлар асосида дори воситаларини ва биологик фаол қўшимчаларни (БФҚ) маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги йиғилиш баёнида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда доривор ўсимликларни бирламчи ва чуқур қайта ишловчи 190 кичик ва йирик корхона томонидан 392 турдаги дори воситаси ва 62 турдаги биологик фаол қўшимчалар рўйхатдан ўтказилиб, 15,11 миллион қадоқ биологик фаол қўшимчалар сотувга чиқарилди.

Яна шуни айтиш керакки, Президентимизнинг «2016-2020 йилларда республикада фармацевтика саноатини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарорига асосан, 2020 йилгача бўлган даврда фамацевтика саноатини ривожлантириш бўйича жами 67 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

Тадбир якунида йиғилганларга компания томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар, келгусидаги асосий йўналишлар бўйича маълумотлар берилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.