01.07.2017

ҒУРУР ВА ИФТИХОРИМИЗ ТИМСОЛИ

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганига 25 йил тўлди

...Яқинда Тошкент вилояти Янгийўл хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида бўлиб, «Моҳир қўллар» тўгараги аъзоларининг тикувчилик ва тўқувчилик йўналишларидаги ижодий ишлари билан танишдик.

«Ғурур ва ифтихоримиз тимсоли». Коллежнинг иккинчи босқич ўқувчиси Ирода Йўлдошева давлатимиз герби тасвири туширилган каштасини шундай номлабди.

— Ирода қўли гул ўқувчиларимиздан, унча катта бўлмаган ўлчамдаги турли мураккаб геометрик шакллар, манзаралар акс этган кашталарни ўн кунга бормай якунлай олади, лекин давлатимиз герби туширилган мана бу ишни тўрт ой тайёрлади, — дейди унинг устози, тўгарак раҳбари Насиба Маматова. — Чунки халқимизнинг шон-шуҳрати, маънавий-маданий мероси, миллий анъана ва қадриятлари, ғурури, тарихий хотираси ва орзу-интилишларини ўзида мужассам этган муқаддас тимсолни матога шунчаки кўчириб бўлмайди-да. Бунинг учун тўқиш санъатини мукаммал билиш кифоя эмас, аввало, гербимиздаги ҳар бир ранг, ҳар бир белгидаги теран рамзий маънони ҳис қила олиш лозим...

— Тўртинчи ё бешинчи синфда ўқир эдик. Расм дарси. Ўқитувчимиз давлатимиз герби суратини чизишни топширди. Барчамиз тараддудландик. Шунда...

— Гербдаги ҳар бир ранг ва белгининг мазмунини анг­лаб олсангиз, уни чизишингиз осон бўлади. Бунинг учун сизларга бироз кўмаклашиб юбораман, — деди ўқитувчимиз. — Мана, гербимиз... Ҳа, тўғри айтдингиз, унинг марказида саодат, ҳиммат, олижаноблик, омад тимсоли бўлган афсонавий Ҳумо қуши қанотларини ёзиб турибди. Халқимиз Ҳумони азал-азалдан бахт ва давлат қуши сифатида тасаввур этган. Ўнг томондаги қийғос очилган пахта ва сўл томондаги ғарқ пишган буғдой бошоқлари беқиёс бойликларимиз, халқимизнинг меҳнати ҳалол, ризқи бутун эканидан далолат беради. Энди гербнинг юқори қисмига эътибор қилинг. Бу ерда саккизбурчак — мусамман, унинг ичида ярим ой ва юлдуз ўз аксини топган. Ярим ой — қўлга киритилган мустақиллигимизни, юлдуз халқимиз ҳамиша комилликка интилиши ва саодатга элтувчи йўлни танлаганини англатади.

Синфдошлардан бири ошиққанча гап қўшди:

— Устоз дарёлар-чи, дарё­лар? Яшил водийнинг маъноси нима?

— Яшил водий — обод турмушимиз рамзи. Қуёш — серқуёш замин, халқимиз интилаётган нурафшон манзилларга ишора. Пурвиқор тоғлар оралаб оқаётган дарёлар эса ҳаёт боқийлигининг тимсолидир. Гербнинг пастки қисмида, байроғимизни эслатувчи чамбар бандида зарҳал ҳарфлар билан «Ўзбекистон» сўзи битилганини кўриб турибсизлар. Бу маълумотларни уқиб олган, Мус­тақиллигимиз рамзларидан ғурурланган сиз каби ёшлар келгусида ҳар бир ишда шижоатли бўлади. Барча эзгу ниятларига етади...

Мустақиллигимизнинг илк кунларидан Биринчи Президентимиз Ислом ­Каримов ташаббуси билан янги давлат, порлоқ келажак барпо этиш йўлида халқимизнинг миллий ғурурини кўтаришга, шижоатини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз рамз­лари лойиҳалари ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамалари асосида қабул қилинди. Шу боис халқимиз «Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида»ги қонун қабул қилинган сана — 1992 йил 2 июлни тарихий воқеа сифатида ҳар йили ёдга олади, нишонлайди. Чунки Давлат герби — мустақиллигимиз рамзларидан бири.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 июндаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида таъкидланганидек, буюк ва бебаҳо неъмат — мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.

Тарихимиз ва миллий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган давлатимиз герби халқимиз озодлигининг яна бир тимсоли сифатида тарихдан жой олган санага ҳам чорак аср бўлди. «Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида»ги қонунда гербимизнинг қандай кўринишга эгалиги яққол ифодалаб берилган. Унга мувофиқ мамлакатимиз фуқаролари, Ўзбекистонда истиқомат қиладиган барча шахс давлатимиз гербини ҳурмат қилиши шарт. Давлат герби тасвири мамлакатимиздаги барча давлат ташкилоти бинолари пештоқига ўрнатилган. Герб тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашр­ларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролик паспортида, қо­нунда белгиланган бошқа ҳужжатларда жой олган.

Ҳар бир юртдошимиз гербимизда акс этган юксак маъно-мазмундан чексиз ғурур туяди. 2010 йил 25 декабрдан кучга кирган «Ўзбекистон Республикасининг Давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун билан давлатимиз гербидан фойдаланиш қоидалари янада мустаҳкамланди. Мазкур ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.

Давлатимизнинг барча рамзлари қатори гербимиз ҳам ҳаётимиздан, қалбимиздан чуқур ўрин эгаллаб, ­Ватанимиз мустақиллигининг чинакам тимсолларидан бирига айланди.

 

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.