05.12.2017

ТАШАББУСЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИ

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Тошкент ахборот технологиялари университетида соҳа ёшлари билан учрашув ўтказилди. Унда вазирлик тизимидаги ташкилотлар, компанияларда меҳнат қилаётган, шунингдек, олий таълим муассасаларида таълим олаётган бир ярим минг нафар талаба иштирок этди. Ҳудудларда фаолият кўрсатаётган таълим даргоҳлари талабалари иштироки видео-тармоқ ёрдамида таъминланди.

Тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникация­ларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи ­Шерзод Шерматов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раисининг ўринбосари Камолиддин Бекназаров ва бош­қалар сўзга чиқиб, талаба-ёшларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга ҳамда уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдиришди.

Учрашувда университетнинг 4-босқич талабаси Фарруҳ ­Болтаев ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида яратган янгиликлари тўғрисида гапириб берди.

— Жорий йилнинг март ойида «Marcos Soft» IT фирмасини ташкил этдим, — дейди у. — Ҳозир фирмада университетдаги 10 нафардан ортиқ тенгдошларим ишлашмоқда. Бундан ­ташқари, университетимизда турли босқичларда таҳсил олаётган 70 нафардан зиёд шогирдларимиз бор. Уларни ҳам молиявий жиҳатдан рағбатлантириб бормоқдамиз.

Аслида илк маротаба ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида мустақил дастурлар яратиш ғояси 2015 йилда туғилган. Ўша йил 21-22 май кунлари университетимизда халқаро конференция ташкил этилганди. Тадбирга дунёнинг кўпгина давлатларидан профессор-ўқитувчилар ҳам келганди. Мен ўшанда Digital library (Рақамли кутубхоналар) мавзуида инглиз тилида маъруза қилгандим ва ушбу маърузам кўпчиликда қизиқиш уйғотиб, юқори ўринга лойиқ топилган эди. Шундан сўнг ушбу соҳадаги ҳаракатни тўхтатмадим ва уни такомиллаштириб бордим. Ҳозирда республикамизнинг 6 вилоятида бизнинг дастурий маҳсулотларимиздан фойдаланиб келинмоқда. Масалан, дастурларимиз ҳақида тўхталадиган бўлсам, улар асосан автоматлаштирилган кадрлар бошқарув тизими, бирон корхона ёки ташкилотларда кириш-чиқиш назорат қурилмалари дастурлари, давлат ташкилотларининг веб сайтлари, вазирлик ёки ташкилот раҳбарларининг виртуал қабулхоналарини ташкил этиш ҳамда миллий компьютер ўйинлари ва миллий дастурлар яратиш билан боғлиқ.

Тадбирда билдирилган фикр-мулоҳазалар ёш авлоднинг давлатимизда амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришларга бефарқ эмаслигидан, улар бу жараёнда фаол иштирок этишга тайёр эканлигидан далолат беради.

Учрашув сўнгида Uzmobile Миллий операторининг фаол ёшларга эсдалик совғалари топширилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.