Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
05.12.2017

ЁШЛАР ТАҚДИРИГА ҲАММАМИЗ МАСЪУЛМИЗ

Бу масалада ташвишли муаммолар айтилди, аниқ таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон ёшлар ­иттифоқи, Ислом цивилизацияси маркази масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, имом-хатиблар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши кураш борасидаги вазифалар ижроси ҳамда хориждаги меҳнат мигрантлари билан ишлаш тизимини шакллантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 15 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси, бу борадаги ишларни янада кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалари билдирилди.

Маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили 2 миллион 700 минг нафарга яқин киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Қонуний шартнома асосида ишлаш ўрнига ҳеч қандай келишувсиз, йўл-йўриқсиз, кимларнингдир орқасидан эргашиб, хорижга чиқиб кетиш ҳоллари одам савдоси қурбонлари кўпайишига олиб келмоқда.

— Бугунги кунда ёшларда иймон-эътиқодни, дину диёнатни, ҳушёрликни, зарарли таъсирларга қарши курашиш кўникмасини шакллантириш долзарб масала бўлиб турибди, — деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси ­раиси, муфтий Усмонхон Алимов. — Давлатимиз раҳбарининг 15 ноябр­да бўлиб ўтган мажлисда аҳли илмларга мурожаат қилишларининг сабаби шуки, ҳар қандай муаммонинг илдизи илмсизликдан, жаҳолатдан келиб чиқади. Нохуш ҳолатларнинг оқибати билан курашмасдан, уларнинг содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш лозим.

Жиноятчиликнинг сабаблари турлича, албатта. Кимдир билиб-билмай жиноятга қўл уради, кимдир қасддан жиноят қилади. Лекин унинг қайси турини олиб қараманг, динимизга хилофдир. Одам ўлдириш, ўғрилик, фирибгарлик, товламачилик — буларнинг барчаси инсоннинг иймонига зарар етказадиган, шариат ҳаром қилган ишлардир. Уламоларимиз, имом-хатибларимиз, мударрисларимиз ва талабаларимиз одамларга, айниқса, ёшларга ҳар қандай жиноят оғир гуноҳ эканини тушунтиришлари даркор.

Бугун яна бир муаммо — меҳнат мигрантлари масаласи тобора ташвишли тус олмоқда. Чет элларда юрган ўзбекистонлик йигит-қизларнинг барчаси ўзимизнинг фарзандларимиз. Агар уларнинг тарбиясига, тақдирига бефарқ бўлсак, фарзандларимизни бош­қалар ўз тузоғига илинтириб, жувонмарг қилади. Бунга ҳаётдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Президентимиз кўрсатмаси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи жуда ҳам фойдали ва хайрли ишга қўл урди. Яқинда Ёшлар иттифоқи раҳбарлари ва имом-хатибларимиздан иборат делегация Россия давлатида ишлаётган ёшларимиз билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг яшаш ва меҳнат шароитлари билан яқиндан танишди. Бундай ишларни изчил давом эттиришимиз керак.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида марҳамат қиладилар: «Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва қўл остингиздагиларга масъулсиз». Демак, ёшлар таълим ва тарбияси билан шуғулланишга мутасадди бўлган ҳар бир шахс бу ишга жавобгар эканини қалбдан ҳис қилмоғи лозимдир.

Йиғилишда имом-хатиблар кенг аҳоли қатлами билан кўпроқ мулоқот ўтказишга, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашда жонли мисоллар орқали таъсирчан тушунтириш ишларини олиб боришга даъват этилди. Ҳар қандай ёмон ишни тил билан қайтариш айнан уламоларнинг, имом-хатибларнинг, зиёлиларнинг, ­оммавий ахборот воситаларининг вазифасидир. Кичик бир ёмон ишни ҳар ким ҳам тўхтатиши мумкин, аммо жиноятнинг кўлами кенг бўлса, унга қарши бутун жамоатчилик курашиши зарур.

Бу борадаги ишларни янги бос­қичга олиб чиқиш учун Диний идора ва Ёшлар иттифоқи ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандум ишлаб чиқиш ва имзолаш таклифи билдирилди. Бу меморандум келгусида ёшлар тарбиясида амалга ошириладиган ишларни самарали олиб боришга асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаш раиси Қаҳрамон Қуронбоев Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, ­Астрахань ва Новосибирск шаҳарларидаги меҳнат мигрантлари билан ўтказилган учрашувлар тўғрисида батафсил маълумот берди. Ушбу сафар давомида меҳнат мигрантларининг яшаш ҳамда ишлаш шароитлари билан яқиндан танишилгани, ётоқхоналарда якка тартибдаги суҳбатлар уюштирилгани ва уларнинг меҳнат муҳофазаси, ижтимоий ҳимоя­сини яхшилаш бўйича мазкур шаҳарларнинг мутасадди раҳбарлари билан бир қатор келишувларга эришилгани тўғрисида тўхталди.

— Россия Федерацияси ёки бош­қа хориж мамлакатларида тегишли келишувларсиз меҳнат қилаётган ёшларимизнинг тил билмаслиги, тайинли касб-ҳунарга эга эмаслиги ачинарли ҳолатларга сабаб бўлмоқда, — деди у. — Ўзимизнинг ватандошимиз бўлган баъзи бир инсофсизлар ёшларимизнинг соддадиллигидан фойдаланиб, уларнинг паспортини олиб қўйиб, текинга ишлашга, сарсон-саргардон бўлишга мажбур қилаяпти. Бирон-бир таниши гапига учиб ёки шунчаки иш излаб кетган ёшларимиз охир-оқибат фирибгарлар тузоғига тушиб қолмоқда, ойлаб, ҳатто йиллаб ўз ҳақини ололмай юрганлар оз эмас.

Россия Федерациясининг бешта ҳудудида 17 минг нафар меҳнат мигрантлари билан учрашув ўтказдик. Биздаги маълумотларга кўра, ҳозир Россиядаги олий таълим муассасаларида 24 минг нафарга яқин ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олаяпти, 2,5 миллион нафарга яқин ёшлар меҳнат қиляпти. Ишлаш учун борган ёшлар ўртасидаги энг катта муаммолардан бири — меҳнат хавф­сизлигига риоя қилмаслик оқибатида ўлим ҳолатлари содир бўлаётганлигидир. Мамлакатимиз делегацияси бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Россиянинг меҳнат соҳаси ташкилотлари, Москва, Санкт-Петербург, ­Астрахань ва Новосибирск шаҳри губернаторлари билан келишувларга эришди.

Бугунги кунда ёшлар ўртасида ишсизликнинг олдини олиш борасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган. Бу ўта муҳим масала. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 10 ойи давомида ёшларимизнинг 22 минг нафардан кўпроғи турли даражадаги жиноятларга қўл урган. Хўш, бу жиноятларнинг илдизи қаерда? Бу саволга жавоб топиш учун жиноят билан боғлиқ муаммолар ечими устида жиддий ўйлаш керак.

Ҳозиргача Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 22 мингга яқин бошланғич ташкилот тузилиб, унга 6,5 миллион нафар ёшларни қамраб олишга муваффақ бўлдик. Уч миллион нафардан зиёдроқ ўқувчи «Камалак» болалар ташкилотига жалб қилинди. Бу борадаги ишларимизни изчил давом эттираяпмиз.

Асосий масалалардан бири — ёшларни яхши маош тўланадиган иш билан таъминлаш ҳисобланади. Бунинг учун эса, замон талабидан келиб чиққан ҳолда, уларга касб-ҳунар, хорижий тилларни ўргатиш керак. Демак, ўрта махсус касб-ҳунар таълими ­муассасаларида ўқиётган ёшлар билан ишлашни замон талабларига мос равишда йўлга қўйишимиз керак.

Биз ёшларни боқимандаликка эмас, меҳнат қилишга ўргатишимиз лозим. Бунинг учун ҳар бир ота-она, қўни-қўшни, маҳалла, диний уламолар — ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.

Яқинда Шофиркон туманида бўлганимизда, 70 ёшли бир онахон 37 яшар ўғлини эргаштириб келди. «Ўғлим ишсиз юрибди, ишга жойлаштиришга ёрдам беринг», — деди. «Хўп», — дедик, уйига бориб, оилавий шароитини ўргандик. Ҳовлининг 10 сотихдан зиёд томорқа ери тап-тақир, заранг бўлиб ётибди. «Онахон, томорқага ишлов бериб, экин эктирмайсизми?» — десам, «Пулим йўқ», — деди. Товуқ олиб берайлик, ҳам тухум беради, ҳам кўпая­ди, десам, «Керак эмас, бир-бирини чўқиб ўлдиради», — деди. Бунга ҳам кўндик, ўғлини ишга жойлаштириб, ҳовлидаги томорқа майдонига экиш учун маҳаллий банк ҳисобидан 30 та мевали дарахт кўчатини олиб бердик. Яна икки ҳафтадан кейин йўлим тушиб, Шофиркон туманига борганимда, ўша хонадондан хабар олдим. Ишонасизми, биз олиб берган икки боғлам кўчат бир жойга қандай кўмилган бўлса, шундайлигича турибди...

Шу кунларда Россия ва бошқа мамлакатларда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари, хусусан, ёшлар юртимизга қайтмоқда. Эндиги масала уларни иш билан таъминлаш. Бу борада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ҳозир мамлакатимизнинг ҳамма вилоятларида, шаҳарларида ­бунёдкорлик ишлари авж олаяпти, қурилишлар бўлаяпти, иш жойлари яратиляпти.

Яқинда Сурхондарё вилоятида Россиядан қайтиб келган 620 нафар ёшларни икки ҳафта ичида ишга жойлаштирдик. Бошқа ви­лоят­ларда ҳам бундай чора-тадбирларни давом эттираяпмиз. Ҳар биримиз атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаслигимиз, нохуш ҳолатлар, қонунбузарликка қарши ҳушёр туриб биргаликда курашмоғимиз лозим...

Анжуманда ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, хориждаги меҳнат мигрантлари билан ишлаш бўйича қатор таклифлар билдирилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш таклифи қўллаб-қувватланди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: