30.11.2017

МАДАНИЙ МЕРОСИМИЗ ДУНЁ НИГОҲИДА

Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида пойтахтимиз­даги анжуманлар саройида «Ўзбекистон маданий мероси» мультимедиа лойиҳаси доирасида халқаро медиа-форум ўтказил­ди.

Анжуман Ўзбекистон элек­трон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА), Маданият вазирлиги, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколат­хонаси, Ўзбекистон Фанлар Академияси, «Zamon press info» нашриёт уйи, «Uzbekistan Today» ахборот агентлиги, «Караван ТВ» телеканали, «Севимли ТВ» онлайн интернет телеканали ҳамкорлигида ташкил этилди.

Медиа-форумда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўрин­босари, Президент ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси ректори Рустам Қосимов, Олий Мажлис Сенати ­раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова, ЎзРФА вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоци­а­цияси бошқаруви ­раиси Фирдавс Абдухолиқов, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили ­Томас Кунце, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Дендев Бадарч медиа лойиҳа илмий раҳбари, академик Эдвард Ртвеладзе ва бошқалар Ўзбекистоннинг бой ва бетакрор тарихий-маданий меросини янада кенгроқ тарғиб этиш ва асраб-авайлаш масалалари хусусида фикр билдиришди.

Тадбирда шарқшунослик, ­археология, тарих, шарқ қўлёзмалари, нумизматика, тўқимачилик, кулолчилик соҳаларига ихтисослашган мутахассислар, Австрия, Россия, Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Япония сингари кўплаб мамлакатлардан келган хорижлик олимлар, экспертлар, музейлар ва илмий-текшириш институтлари раҳбарлари, таниқли коллекционерлар, дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этгани Ўзбекистон маданий меросининг бойлиги, инсоният цивилизациясидаги беқиёс аҳамиятининг яна бир тасдиғидир.

Халқаро медиа-форум иштирокчилари икки кун давомида илмий жамоатчилик вакилларининг Ўзбекистон ҳудудига мансуб бўлган ва дунёнинг турли музейларида сақланаётган моддий ва бадиий маданиятнинг бебаҳо дурдоналарига бағишланган маърузаларини тинг­ладилар.

2017 йилнинг май ойида ўтказилган «Ўзбекистон маданий мероси халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» мавзуидаги биринчи халқ­аро илмий-маданий Конгресс доирасида китоб-альбомларнинг дастлабки беш жилди — «Шарқ давлат музейи тўплами» (Москва), «Россия этно­графия музейи тўплами» (Санкт-Петербург), «Третьяков давлат галереяси тўплами» (Москва), «Ўзбекистон гиламлари ва кашталари дунё тўпламларида» (Россия, АҚШ, Канада, Австралия), шунингдек, «Алишер ­Навоий асарлари Россия миллий кутубхонаси тўпламларида» (Санкт-­Петербург) тўпламлари тақдимоти ўтказилган эди.

Ушбу медиа-форумда «Ўзбекистоннинг маданий мероси» лойиҳаси доирасида чоп этилган навбатдаги бешта китоб-альбомнинг тақдимоти ҳамда уларни 49 давлатнинг 136 музей ва кутубхоналарига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Мазкур китоб-альбомлар М.Глинка номидаги музей тўпламидаги мусиқа асбоблари ва нота ёзувларининг ноёб намуналарига, Россия Федерацияси Фанлар Академиясининг Шарқ қўлёзмалари инс­титути ёзма меросининг энг қимматбаҳо ёдгорликларига, Давлат ­эрмитажи тўпламларига, Давлат тарих музейи ва Бутунросссия амалий безак ва халқ санъати музейи тўпламларига бағишланган. Мазкур сериядан биринчи марта И.Савицкий номидаги давлат санъат музейида сақланаётган, маданий меросга бағишланган альбом ҳам жой олган бўлиб, унда Туркис­тон авангардининг ноёб асарлари тақдим этилган. Ушбу китобларни нашрга тайёрлашда, манбаларни тўплашда мамлакатимизнинг таниқли олим ва тад­қиқотчилари, санъатшунос, мусиқашунос ва шарқшунослари иштирок этган.

Медиа-форум доирасида чет эллик профессорлар, тарих, санъатшунослик фанлари докторлари, санъат соҳасидаги етакчи экспертлар томонидан Ўзбекистон ҳудудида ва дунёнинг турли мамлакатлари музейларида сақланаётган моддий ва бадиий маданиятнинг нодир объектларига бағишланган маърузалар тингланди. Шунингдек, ташкилотчилар ва тадбир иштирокчилари томонидан медиа-форумга йўлланган қутловлар уч тилда нашр этиладиган журналга киритилади.

Халқаро медиа-форум дои­расида 2018 йилда чоп этилиши режалаштирилаётган ­китоб-альбомлар ва фильмлар муҳокамаси ҳам ўтказилди. Ушбу китоб­лар Буюк Британия, Россия, Франция, Туркия, Ўзбекистон ва Япония тўпламларида сақланаётган Ўзбекис­тоннинг осори-атиқаларига бағишланади.

Тадбирда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) ва «Караван-ТВ» телеканали кўмагида яратилган «Россия-Культура» телеканалининг «Ўзбекистон: кашф этилган синоатлар» ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Икки кун давом этган медиа-форумда ўтган асрнинг 20-йилларида россиялик тадқиқотчилар томонидан Эдисон фонографида ёзиб олинган, Санкт-Петербург шаҳридаги Россия Фанлар Академияси Рус адабиёти институти фондида сақланаётган камёб аудиоёзувлар коллекцияси ва видео намунаси иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

Медиа-форумда ўтказилган «Шарқ ёзма ёдгорликлари дурдоналари» тақдимотида хориж тўпламларида сақланаётган бебаҳо қадимий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари, жумладан, «Катта Лангар Қуръони», «Девони Ҳусайн Бойқаро», «Равзат ус-сафо» («Поклик боғи»), «Меърожнома» ва «Темур тузуклари» каби ноёб асарлар Ўзбекистон коллекциясига топширилди. Бу факсимиле нусхалар Россия Федерацияси Фанлар Академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти ва Франция Миллий кутубхонасидан олинган бўлиб, Европанинг машҳур босмахоналаридан бирида юқори технологиялар асосида асл нусхасига яқин, табиий олтин қопламали қоғозда тайёрланган.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.