18.04.2017

ЎЗБЕКИСТОН ТАШҚИ СИЁСАТИ ЯНГИ БОСҚИЧДА

Халқаро Пресс-клубнинг Тошкентда ўтказилган дастлабки тадбири Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бугунги долзарб масалаларига бағишланди.

Анжуманда Халқаро Пресс-клуб жамоатчилик кенгаши аъзолари, мамлакатимиздаги дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Анжуманда дастлаб «Ташқи сиёсий йўналишлар» ҳақидаги видеоролик намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Халқ­аро Пресс-клуб Жамоатчилик кенгаши раиси Содиқ Сафоев, Ташқи ишлари вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги босқичдаги долзарб масалалари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Айниқса, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналишида белгиланган вазифалар моҳиятига кенг урғу берилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Туркма­нис­тон, Қозоғистон ва Россия Федерациясига қилган ташрифлари мамлакатимиз ташқи сиёсатида яқин қўшничилик, дўстона муносабатлар, кенг қамровли очиқ ҳамкорлик устувор эканлигини кўрсатди. Самимий ва конс­труктив характерга эга мулоқотлар Ўзбекистон ташқи сиёсатида янги давр бошланганидан дарак беради.

Анжуманда, шунингдек, Россия Ўзбекистон учун ҳарбий-сиё­сий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда асосий ҳамкор экани қайд этилиб, икки давлат ўртасида барча соҳа ва йўналишларда фаол музокаралар олиб борилгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига бўлиб ўтган давлат ташрифи натижасида томонлар 16 миллиард долларлик шартномалар, 3,8 миллиард долларлик савдо соҳасида битимлар имзолагани ҳақида тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон Россия бозорларига мева-сабзавот маҳсулотларини, шу жумладан, «яшил йўлак» тизимини жорий қилиш орқали етказиб беришни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳамкорликни муваффақиятли ривожлантираётгани, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳасида, бундай фаолиятнинг муҳим элементлари ҳисобланган икки мамлакатнинг илғор тиббий ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида алоқаларни кенгайтириш, мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастурларини амалга ошириш, тажриба алмашиш, «Ўзбекнефтгаз» ва «Газпром» ўртасида ҳамкорлик, РФ ҳудудида вақтинчалик меҳнат ­фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисида битим, жумладан, Миграция соҳасида ваколатли органларнинг ваколатхоналарини ўзаро таъсис этиш тўғрисидаги битим имзолангани ҳақида батафсил маълумот берилди.

Айтиш керакки, учрашув очиқ мулоқот тарзда ўтказилди, иштирокчилар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг долзарб масалалари ҳақида ўз саволларига жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

 

Фахриддин ПАРПИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.