07.03.2017

ТАҲСИН ВА ТАЪЗИМ

Баҳорнинг илк байрами — Халқаро хотин-қизлар куни баҳонасида кўклам фаслидан минг бора кўркам, меҳри офтобдан минг чандон ҳароратли, ҳусни-жамоли ойдан минг бора гўзал аёл шаънига энг сара сўзларни қоғозга туширмоққа жазм этдим-у, лекин бунинг уддасидан чиқишга тасаввур оламим торлик, тафаккур қудратим ожизлик, сўз бойлигим камлик, қаламим мўртлик қилишини сезиб қолдим.

Тўғриси, башариятнинг ибтидосидан бери аёл зотининг ҳусни-латофати, назокатию малоҳати тавсифланган, куйланган шеър, қўшиқ, достон, қасида ва мадҳиялар шу қадар беададки, ушбу дил зорлари ва дил изҳорлари китоб шаклида жамланса, уларни бағрига сиғдирадиган кутубхона бу жаҳонда топилмайди.

Аёл — Оллоҳ таоло томонидан яратилган мўъжизаларнинг мўъжизаси, унинг қадди-қомати ва чеҳрасида дунёдаги барча гўзал гулларнинг ранги, чиройи, жозибаси, таровати, қалбида тўрт фаслнинг сифати — баҳорнинг сеҳри, ёзнинг меҳри, кузнинг маъсумлиги, қишнинг маҳзунлиги мужассам. Осмоннинг бағри кенглиги, юлдузларнинг табассуми, шабаданинг нафислиги, чашманинг тиниқлиги, шабнамнинг поклиги, шаршаранинг хандаси унинг сийратига илоҳий нур бўлиб сингган.

Аёл тимсолини кўз олдинг­га келтирмоқчи бўлсанг, қиёфасининг ранг-баранг товланишидан кўзинг қамашиб, бошинг айланади: эркалансанг — бутун борлиғини бахшида этадиган меҳрибон бувинг, кўзининг қорачиғидан бармоғининг учигача меҳр сочадиган онанг, «укажоним» деганда тилидан бол томадиган мунис опажонинг, жисмингга жонини қоқиб берадиган ардоқли амманг-у холанг, эркалатсанг — қўллари бўйнингга нурдек чирмашадиган, сени тоғдай таянчи, чинордек суянчи, деб биладиган эрка синглинг, нафаси дилингдаги ғуборларни бир зумда аритадиган, сени ёруғ оламдаги энг оқил, энг доно, энг баҳодир, энг дарёдил инсон, деб биладиган суюкли қизинг, севсанг — нозиккина битта жонини мингга айлантириб, сенингу фарзандларинг пойига поёндоздек тўшайдиган вафодор ёринг, умр йўлларида садоқатли ҳамроҳинг... Чунки олмоснинг минг бир қирраси, аёл феълининг юз минг жилоси бор.

Менинг назаримда ушбу азиз инсонларнинг сифатларини маромига етказиб таърифлаш учун дунёнинг сўз хазинаси, меҳр-муҳаббати эвазига тўлагани оламнинг бойлиги етмайди.

Хусусан, Аёл зотининг биргина Она сифатидаги фазилатларини кўз олдимизга келтириб кўрсак, таърифига тилимиз лол қолади.

Оналик туйғуси аёл зотининг зуваласига қўшилиб қорилган илоҳий бир фазилатдир. У ҳали норасидалик чоғидаёқ ички бир туйғу билан ўзини она, деб ҳис этади, меҳрини жонсиз қўғирчоққа бахшида этиб, сеҳргарга айланади. Уни жисман тирилтира олмаса-да, руҳан жон ато этиб, тилга киритади, авайлаб-авраб уйғотади, сўзлатади, кулдиради, йиғлатади, аразлатади, ардоқлаб ухлатади... Шу тарзда ўзини ҳақиқий оналикка тайёрлаб боради.

Ҳақиқий онанинг ҳар бир фарзандини тўққиз ой юрагининг тагида авайлаб-асраб юргани, ширин ва юксак орзулар қанотида ҳолсизликка, чарчоққа, турли хил дардларга бардош бергани, чақалоғини соғ-омон қўлга олганда, гўдаги илк бор кулганда, тилга кирганда, қадам босганда кўнглидан кечирган ҳис-туй­ғулари — қувончи, шукронасининг ўзи бир достон.

Шу кезда хаёлга бир қиёс келади: узоқ ва нотаниш шаҳарга сафарга борганда, илк марта дуч келиб, хушмуомалалик билан йўл кўрсатган нотаниш кишини кўп вақтлар миннатдорлик билан эслаб юрамиз.

Ёруғ ва нотаниш дунёга келганимизда бизни чеҳрасида гул-гул табассум билан ҳароратли бағрига олган, энг лазиз сўзлар билан эркалаган, сут эмас, оппоқ нур оқиб турган сийнаси билан катта ҳаётнинг ширин таъмидан бизни илк бор хабардор қилган сиймонинг хизмати эса бир умр қошида қўл қовуштириб, бош эгиб туришга арзигуликдир.

Тунлари бешигимиз қошида парвона бўлиб, қуш уйқуси билан яшайдиган, салгина йўталсак, кўкси узилиб тушадиган, умрида шеър тўқишни ўйламай туриб, фарзандига меҳри туфайли шоирага айланиб, ой нури, юлдузлар ёғдусига йўғрилган аллалар куйлаган, фарзанди оёққа тургунча барча юмушларни миннат билан эмас, миннатдорлик билан адо этадиган бу меҳридарё инсоннинг олижаноблиги, ҳиммати ҳеч бир таъриф-тавсифга бўй бермайди. Унинг фарзандларга меҳри шу қадар баланд­ки, уларнинг ташвишида саранжом-саришта бекага, шаф­қатли шифокорга, меҳрибон тарбиячига, моҳир пазандага, чевар тикувчига айланиб кетганини ўзи ҳам сезмай қолади.

Онанинг ўзи биттаю, юраги нечта экан, деб ўйлайман гоҳида. Боиси, ҳар битта фарзанди билан битта юраги қўшилиб кўчага чиқади, ҳаётнинг эгри-бугри йўлларида, гўшаларида нажот фариштасидек уни авайлаб, ардоқлаб, ҳимоя қилиб юради, бир жуфт кўзи ўнга айланиб, ҳар бир фарзандининг ортидан кетади. Ўзининг бир жонини бир неча фарзандларига тегадиган шамолларга қалқон, ёмғир-қорларга соя­бон, ёмон сўзларга қарши посбон қиладиган матонатли ва фидойи инсон ҳам айнан Онадир.

Аёл зотини бекорга фариштага қиёслашмайди. Чунки унинг ўзи инсон тимсолидаги нур, туйғулари нур, ўй-фикрлари нур, орзу умидлари нур. Унинг кўксида юрак ўрнида қуёш парчаси ёнади. Сабабики, асл аёл зоти азалдан ёвуз фикрлардан, разил ўйлардан, қабиҳ туйғулардан йироқда яшайди. Орзулагани, тилагани — элга, оиласига тинчлик-хотиржамлик, қут-барака, бахт-саодат...

Оналик — аёлнинг энг улуғ мартабаси.

Фарзандларни дунёга келтириб, оналик унвонига сазовор бўлган ҳар бир аёл муқаддас, ҳар бир аёл улуғ. У ўзининг бугунги ҳаёт олдидаги эмас, олис келажак олдидаги бурчини ҳам шараф билан бажарган табаррук зотдир.

Ўзбек аёллари она сифатида эришган мақомига кўра, дунёдаги энг улуғ зотлар қаторида туради. Чунки ўзбек оналарининг инсоният олдида алоҳида хизматлари бор. Бу баландпарвоз гап эмас, асрлар оша нурланиб турган ҳаёт ҳақиқати.

Диёримизнинг довруғини минг йиллардан бери жаҳонга таратиб келаётган Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад аз-Замахшарий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари машҳур олиму шоирларнинг фан ва маданият олдидаги беқиёс камоли, тенгсиз шон-шуҳрати, энг аввало уларни дунёга келтирган, тарбиялаган маърифатли, оқила, олима оналарининг хизмати мевасидир.

Эл-юртини, Ватанини, халқ­ини улуғ бир муҳаббат билан севган ва бу севгини сути ила фарзандининг қонига сингдирган, кўринишда мўъминаю маъсума, аслида эса юрагида шернинг қудрати, бургутнинг шиддати, яширинган оналарнинг алласи Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Бобур Мирзо сингари ўзбек диёрининг жасур ҳимоячиларини — беқиёс саркардаю беназир арбобларни элга тортиқ этди.

Сурати ва сийрати илоҳий нур билан йўғрилган, ҳалоллик ва покликнинг намунаси, ҳаё ва ибонинг тимсоли бўлган оналар туққан Имом ал-Бухорий, Исо ат-Термизий, Имом Мотуридий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий, Бурҳониддин Мар­ғиноний, Баҳовуддин Нақш­банд, Хўжа Аҳрор Валийдек табаррук сиймолар бутун ислом оламининг фахри-ифтихоридир.

Буюк зотлар ҳар доим ҳам туғилавермайди, аммо уларни шу юксак мақомга она юрти, она халқи кўтаради.

Неча минг йиллардан буён элнинг қорнини тўқ, устуни бут қилиб келаётган, боғ-роғлар яратаётган, беназир шаҳарларни бунёд этган, йўллар қурган, каналлар қазиб, чўлларга сув чиқарган, аҳли юрт соғлиғини муҳофаза қилиб, болаларини тарбиялаб келаётган миллионлаб инсонларнинг тинимсиз меҳнати, хизмати туфайли Ўзбекистон гуллаб-яшнаб, даврнинг турфа хил синовлари ва инқирозларидан соғ-омон чиқиб келаяпти ва буюк келажаги сари собитқадамлик билан бораяпти.

Зеро, мана шу меҳнаткаш, мард, танти, бағри ҳам қўли ҳам очиқ, иймони бутун ўзбек халқи мўътабар ва мукаррам оналаримизнинг зурриёдидир. Мана шунинг учун ҳам улар шаънига ҳар қанча таҳсин айт­сак, бошимиз ерга теккунча таъзим қилсак арзийди.

 

Бахтиёр РИЗАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.