09.04.2015

ЎЗБЕКИСТОНДА ЯРАТИЛГАН ТЕХНОЛОГИЯ

дунё олимларининг эътиборига тушди

Уммон давлатининг Маскат шаҳрида Бутунжаҳон фанлар академиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 46 нафар янги аъзо сайланди. Уларнинг орасида Геномика ва биоинформатика маркази директори, биология фанлари доктори, профессор Иброҳим Абдураҳмонов ҳам бор. У ушбу академияда Марказий Осиё давлатларидан ягона вакилдир.

Бутунжаҳон фанлар академияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошида фаолият кўрсатади. Бугунги кунда ушбу нуфузли илмий тузилмага барча қитъалардан минг нафардан зиёд етакчи олим, муҳандис ва ихтирочи бирлашган.

Иброҳим Абдураҳмонов ғўзанинг янги навларини яратиб, бу борадаги илмий кашфиётлари билан дунё олимларининг эътирофига сазовор бўлди.

Мухбиримиз тадқиқотчи-олим билан суҳбатлашди.

— Ғўза генларини клонлаштириш бўйича олиб борган тадқиқотингиз ҳақида маълумот берсангиз. Унинг қайси жиҳатлари жаҳон олимларида қизиқиш уйғотди?

— Айни пайтгача ғўза генетикасида унинг касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилганди. Ғўзада тола сифати ва муҳим хўжалик белгилари, масалан, эртапишарлик ва ҳосилдорлик ўртасида тескари боғлиқлик мавжуд: тола сифати оширилса, эртапишарлик ва ҳосилдорлик тушиб кетади. Аксинча, эртапишар бўлса, тола сифатли бўлмайди. Изланишларимиз айни шу жиҳатни чуқур тадқиқ қилишга қаратилди. Натижада дунё фанида биринчи бўлиб, ғўза геномидан унинг гуллаши ва тола сифатини бошқарадиган қатор генлар клонланиб, тавсифлаб берилди. Генлардан фойдаланишнинг янги имкониятлари очилиб, ғўзада замонавий маркерларга асосланган селекция ва генлар муҳандислиги усуллари ишлаб чиқилди.

Бир қарашда ғўзада ишлаб чиқилган «ген-нокаут» технологияси жуда оддий биологик ҳодисага ўхшайди. Маълумки, қоронғида ўстирилган ўсимлик ёруғликдаги турдошига нисбатан тезроқ ўсади. Сояда ўсган ўсимликлар одатда вегетация даври охирлаётганидан хавотирланиб, ўзидан авлод қолдириш мақсадида тез гуллайди. Бунинг сабаби молекуляр соатларни бошқарувчи рецептор генларнинг фаоллигида бўлиб, ривожланаётган ғўза толаси қоронғи жойга қўйилса, тез узая бошлайди.

Шунга кўра, табиий дала шароитида ўстирилаётган ғўза ўсимлигидаги тола ҳужайралари ёруғлик спектридаги муайян нурга суст жавоб берадиган қилиб қўйилса, яъни «соялатилса», тола нисбатан узайиб, ўсимлик тез гуллайди.

Бу назарияни технологияга айлантириш, яъни амалиётда синаб кўриш учун ўтган давр мобайнида ғўзанинг ёруғлик нури спектрларини ютувчи рецептор генлар оиласи Ўзбекистонда клонланди ва тавсифланди. Ке­йинги босқичларда эса ғўзада генларнинг фаоллигини «генни ўчириб қўйиш» орқали бошқариш технология­си ишлаб чиқилди.

Сайёрамизда пахта экиш йўлга қўйилганидан буён ўтган минг йиллар мобайнида деҳқону олимларни ўйлантириб келаётган муаммо — ингичка толали пахтани тезпишар ва ҳосилдор қилиш ёки аксинча, серҳосил ва тезпишар пахтани ингичка ҳамда узун толали қилишдан иборат эди. Бунга ҳалигача тўлиқ ечим топилгани йўқ. Биз эришган натижалар ҳам ўрта толали пахта сифатини янада ошириш орқали уни ипак пахтага яқинлаштиришдан иборат эди ва маълум маънода бунга эришдик. Ўйлайманки, айнан шу ютуқларимиз жаҳон олимларининг катта қизиқишига сабаб бўлди.

— Тадқиқотингиздаги ғўзада «ген-нокаут», яъни «генларни ўчириб қўйиш» технологиясининг афзаллиги нимада?

— «Ген-нокаут» организмдаги муайян генлар  фаоллигини тўхтатиб қўйиш имконини беради.  Ҳосилдорлик, эртапишарлик, зараркунанда ва ҳашаротларга чидамлиликнинг намоён бўлишида иштирок этувчи генларнинг таркиби ва функцияси аниқлангандан сўнг, муайян ген фаолиятини кучайтириш ёки, аксинча, сусайтириш, ҳатто тўхтатиш мумкин. Масалан, ўсимликнинг етилиш жараёнини секинлаштирувчи генлар фаолиятини сусайтириб ёки бутунлай тўхтатиб, эртапишарликка эришиш имконияти мавжуд. Асосийси, бунда ҳеч қандай бегона ген ишлатилмайди ва ички генлар асосида ўсимликнинг биологик потенциали кўтарилади. Шунинг учун бундай технология асосида олинган навлар ва маҳсулотлар биологик ва экологик жиҳатдан тўла хавфсиздир.

Аввал лаборатория, кейин дала шароитида ўтказилган синовлар «ген-нокаут» технологияси ёрдамида олинган ғўзаларнинг ривожланиши бир хил шароитда ўстирилган ғўзаларга нисбатан жадаллашгани, илдизи икки-уч баробар узайганини кўрсатди. Мазкур технология асосида етиштирилган ғўзалар ўн кунгача эрта гуллади, шоналади, ҳосил тугди, одатдагидан 10 миллиметргача узун тола берди. Толасининг сифат кўрсаткичлари яхшиланиб, ҳосилдорлиги 20 фоизга ошди. Ушбу технология асосида олинган ғўзанинг қурғоқчилик, шўрланиш ва совуққа чидамлилиги ҳам амалдаги навларга нисбатан юқори экани исботланди. Ушбу технология асосида олинган янги навлар 2014 йилда синовлардан муваффақиятли ўтиб, қишлоқ хўжалиги экинлари давлат нав реестрига киритилди.

— «Генларни ўчириб қўйиш» амалиётини яна қайси ўсимликларга нисбатан тадқиқ қилса бўлади? Бунда қандай натижалар кузатилади?

— Ўзбекитон Фанлар академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзпахтасаноат» уюшмаси қошида Геномика ва биоинформатика маркази ташкил этилди. Унда олимларимиз билан ҳамкорликда «ген-нокаут» технологиясини бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан, картошка етиштиришда ҳам қўллаш борасида тад­қиқотлар олиб борилмоқда. Изланишлар кутилган самара берса, картошка илдизи икки-уч баробар узаяди, ҳосилдорлик кескин ошади. Ушбу технологияни буғдойда қўллаш келажакда тезпишар ва ҳосилдор янги буғдой навларини яратиш имконини беради. Бу усулни сабзавот ва бошқа экин турларида қўллаш орқали ҳам ижобий натижаларга эришиш мумкин.

— Яна қандай янгиликлар устида ишламоқдасиз?

— Ўтган йиллар давомида ўнлаб ёш илмий кадрлар хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий даргоҳларида ўз билимларини ошириб қайтишди. Улар билан ҳамкорликда буғдой ва картошканинг янги «ген-нокаут» нав­ларини яратиш бўйича муҳим тадқиқотлар олиб бормоқдамиз. Марказимиз томонидан илк маротаба 25 мингдан зиёд генлар чуқур таҳлилдан ўтказилганлигини  алоҳида таъкидлаш лозим. Бу замонавий генетика фанида муҳим ҳодиса ҳисобланади.

— Ҳаётий тажрибангиздан келиб чиқиб, ёш олимларга қандай тилаклар билдирган бўлардингиз?

— Ҳаётда қобилиятсиз одамнинг ўзи йўқ.  Ҳар бир инсонда озми-кўпми табиат ато этган иқтидор бор. Бугун ёшлар ўз салоҳиятини ҳар томонлама намоён этиши, жамиятда муносиб ўрин топиши учун барча шароит яратилмоқда. Бу имкониятлардан самарали фойдаланиш зарур.  Одам, аввало, ўз кучи ва иқтидорига ишониши, ғайрат-шижоат билан ҳаракат қилиши, энг муҳими, ўз олдига қатъий мақсад қўйиши керак, деб ўйлайман.

Илм йўли — оғир ва машаққатли йўл.  Бунга озми-кўпми ўзим гувоҳман. Баъзан қилаётган ишингиздан ҳеч қандай натижа чиқмайдигандай, танлаган йўлингизнинг охири йўқдай туюлади. Турмуш ташвишларидан чарчаб, ҳаммасига қўл силтагингиз келади. Лекин кунлардан бир куни «ялт» этиб умид пайдо бўлади. Дунёда ҳеч ким қўл урмаган янги кашфиётга жуда яқин турганингизни ҳис қилганингизда, умрингиз беҳуда ўтмаётганини тушунасиз.

Бугунги кундаги энг олий мақсадларимиздан бири — Ўзбекистонда ушбу фанни ривожлантириш, ўзбек олимларининг салоҳиятини дунёга танитиш. Бунинг учун жамоамиз билан астойдил меҳнат қиляпмиз, яқин келажакда янги-янги натижаларга эришамиз, деб ўйлайман.

 

«Ўзбекистон вози» мухбири

Бобур ЭЛМУРОДОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.