16.12.2020

АДОЛАТНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ЙЎЛИДА

Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 7 декабрда қабул қилинган “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров, Судьялар ассоциацияси раиси ўринбосари Парагат Айтниязов, Олий суд аъзоси Учқун Рўзиев, Судьялар Олий Кенгаши судьяси Баҳодир Полвоновлар иштирок этиб, мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти, суд-ҳуқуқ тизимига киритилаётган ўзгариш ва янгиликлар, судьяларнинг дахлсизлиги бобида унинг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб қайтардилар.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг маъруза ва чиқишларида судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида улар бирон-бир мансабдор шахс босим ўтказадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик кераклигини бот-бот такрорлаб келади, – деди Судьялар Олий Кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров. – Кейинги тўрт йил ичида мамлакатимизда рўй бераётган сезиларли ўзгаришлар, ислоҳотлар суд-ҳуқуқ тизимида ҳам адолат устуворлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилганида намоён бўлмоқда. Ўтмишда судлар томонидан йўл қўйилган хатолар, ноҳақ чиқарилган ҳукм ва ажримлар ҳозир судлар томонидан қайта кўриб чиқилиб, бундай ҳолатларга холис ҳуқуқий баҳо берилмоқда, ноҳақ айбланганлар оқланмоқда.

Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон шаъни, қадр-қиммати дахлсизлиги олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган. Ҳар қандай шахс ўз ҳуқуқлари билан боғлиқ масалада адолатли судловни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 7 декабрда қабул қилинган “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимида шаффофлик ва очиқликни яратиш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган. Фармонга кўра, суд тизимига етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлашда очиқлик ва шаффофликни янада кенгайтириш, судьялар фаолиятини холис баҳолаш, уларнинг дахлсизлигини таъминлаш, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилади.

Бунда илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини интернет тармоғи орқали онлайн тарзда ёритиб бориш йўлга қўйилади. Судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур ишга туширилади. Бундай дастур ҳозирги пайтда Швеция, Франция, Словения, Чехия сингари бир қатор ривожланган давлатларда қўлланилмоқда. Ўзбекистонда эса ИИВ ва ДХХ тизимида ходимларни танлашда қўлланилмоқда. Фармонда судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш ҳам эътиборга олинган. БМТ махсус маърузачиси Д.Гарсиа томонидан ҳам судьяларнинг фаолиятини баҳолаш учун ягона электрон рейтинг дастури жорий этиш тавсия қилинган. Шу орқали судьяларни юқори ва раҳбарлик лавозимларига тавсия қилиш ёки қуйироқ судьялик лавозимларига тайинлаш учун улар фаолиятини баҳолашнинг инсон аралашувисиз шаффоф механизми яратилади. Ушбу тизим ўз навбатида одил судлов самарадорлигининг ошишига ҳам замин яратади.

Судьяларнинг дахлсизлигини таъминламай туриб, адолатни ўрнатиб бўлмайди.  Шунга кўра, Фармон билан уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига бўладиган аралашувларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш назарда тутилгани;

судья дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Кенгаш раиси томонидан киритилган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиб, хабар бериш тартиби ўрнатилиши;

 судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун ҳар қандай шаклда чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан рухсат берилиши тартиби ўрнатилиши айни муддао бўлди.

Фармонга асосан суд ҳокимияти тизимида судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш механизмларини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган, фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган Кенгаш раисининг ўринбосари лавозими жорий этилади.

Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузилади. Бу тузилмага Кенгашга келиб тушаётган шикоятларни таҳлил қилиш, содир этилган қонунга зид ҳаракатларни тезкор ўрганиш борасида судьялар малака ҳайъатлари билан биргаликда аниқ чоралар кўриш вазифаси юклатилади.

Шунингдек, Фармон асосида Кенгаш тузилмасида ҳам ўзгариш амалга оширилиб, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш шўъбаси негизида матбуот хизмати ва биринчи бўлим, шунингдек, ижро аппарати негизида ахборот-таҳлил, мурожаатлар билан ишлаш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш тузилмалари ҳамда архив ва девонхона ташкил этилади.

Поклик ва одил судловга сидқидилдан хизмат қилиш судьянинг энг муҳим фазилатларидан бири ҳисобланади. Шу боис, бенуқсон ва ҳалол судьяларни рағбатлантириш мақсадида “Ибратли судья” мукофоти, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилади ва бу ҳам судьяларнинг қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилишга ундовчи муҳим омил бўлиши табиий.

Фаолиятини Кенгаш томонидан тасдиқланадиган низом асосида амалга оширадиган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клуби ташкил этилади. Жанубий Корея, Австрия ва Миср давлатларида ана шундай клублар фаолият юритади. Ушбу клуб судьялар учун муайян вазиятларда Судьялар одоб-ахлоқ кодексига қандай амал қилиш лозимлиги хусусида, шунингдек, мураккаб низоларнинг тўғри ҳуқуқий ечимини топиш юзасидан маслаҳат тусидаги тавсиялар беришни амалга оширади. Шу билан бирга, клуб янги судьялар ва кўп йиллик тажрибага эга судьялар ўртасида “кўприк” вазифасини ўтайди. Жумладан, аёл судьялар клуби фаолияти ҳам йўлга қўйилади.

Ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадиган яна бир янги тузилма – бу судьяликка номзодларнинг Судьялар олий мактабига кириш ва якунлаш имтиҳонлари натижаларидан норози бўлиб берилган мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича имтиҳон комиссияси бўлиб, унинг қарорлари устидан Судьялар Олий Кенгашига шикоят қилиш тартиби белгиланади. Имтиҳон комиссиясининг жамоатчилик асосида ташкил этилиши Судьялар Олий Кенгаши ва жамоатчилик ўртасида ишончли алоқаларни мустаҳкамлаш, бу борада шаффоф фаолиятни йўлга қўйишга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида йўл қўйилган ҳар қандай коррупция ҳолати одил судловга бўлган жамоатчилик ишончига жиддий путур етказадиган хавф ҳисобланади. Фармон ана шундай салбий иллатларга қарши муросасиз курашни йўлга қўйишда муҳим ҳуқуқий заминни яратиб берганлиги билан аҳамиятлидир. Олдимизга қўйилган мақсадларга судьяларнинг касбий малакасини ҳамда маънавияти ва масъулиятини оширмай туриб эришиб бўлмайди, албатта. 

Матбуот анжумани Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси орқали тўғридан-тўғри трансляция қилинди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: