02.12.2020

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги умумбашарий ташаббуслар

Бугунги кунда дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси анъанавий тарзда амалга оширишга кўникиб қолганимиз давлат ва жамият бошқаруви, инсонларнинг ҳаёт тарзи, меҳнат фаолияти ва ҳатто давлатларнинг халқаро ҳамкорлигига ўзининг таъсирини ўтказмасдан қолмади. Унинг салбий оқибатлари инсонларнинг саломатлигидан тортиб, ишлаб чиқариш жараёнларигача етиб борди. Бошқача қилиб айтганда, бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди. Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканлигини, улар ўртасида мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади.

Давлатлар ўртасидаги халқаро ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиши XX асрда, айниқса, БМТ ташкил этилгандан сўнг ўтган 75 йилликда яққол кўзга ташланган бўлса-да, бугунга қадар қабул қилинган халқаро ҳужжатларда халқаро ҳуқуқнинг асосий субъектлари бўлган давлатларнинг глобал пандемия шароитида қандай йўл тутишлари лозимлигини назарда тутувчи қоидалар қабул қилинмаган. Сўнгги юз йилликда бундай фалокатнинг кузатилмаганлиги бу каби халқаро нормаларга зарурият туғдирмаган. Давлатимиз раҳбари мазкур ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш ҳамда ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш мақсадини кўзлаган ҳолда, БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этди.

Мазкур ҳужжат икки муҳим йўналишдаги масалаларни тартибга солишга қаратилади:

биринчидан, миллий даражада амалга ошириладиган вазифалардан иборат бўлиб, унда давлатларнинг ўз фуқаролари олдидаги Конституция ва қонунлар билан белгиланган мажбуриятларини пандемия шароитида бажариш назарда тутилса;

иккинчидан, халқаро даражада амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўлиб, ҳар бир давлатнинг халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятларини акс эттиради. Қолаверса, халқаро мажбуриятларни мураккаб глобал вазиятда амалга ошириш қоидаларининг ишлаб чиқилиши, халқаро ҳуқуқнинг машҳур “мажбуриятларни виждонан бажариш” тамойилини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини таъминлашда парламентлар муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, давлатлардаги бошқарув тизими қандайлигидан қатъий унинг марказида парламент туради. Парламент нафақат инсон ҳуқуқларини назарда тутувчи қонун ҳужжатларини қабул қилади, балки унинг таъминланишида ҳам таъсирчан салоҳиятга эга бўлиши лозимлиги замон талабидир.

Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги ҳар бир демократик давлатнинг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб, уларни таъминлашда параламентлар ҳамкорлиги муҳим ҳисобланади. Парламент томонидан қонун ижроси доимий мониторингининг олиб борилиши инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган ҳуқуқларнинг амалда таъминланишига хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг яшаш шароитларини, ижтимоий аҳволини яхшилашни кўзда тутувчи БМТ томонидан эълон қилинган Барқарор тараққиёт мақсадларини амалга ошириш давлатлардан катта сафарбарлик ва ўзаро ҳамкорликни талаб этади. Албатта ҳар бир давлат мустақил тарзда ўз ҳудуди доирасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича турли чора-тадбирларни амалга ошириши мумкин. Бироқ бугунги глобаллашув шароитида, тобора долзарб аҳамият касб этаётган муаммоларни биргаликдаги саъйи-ҳаракатларсиз бартараф этишнинг имкони йўқ.

Президентимиз томонидан таклиф этилган Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш фикри жаҳон давлатлари парламентларини ўзаро ҳамкорликка чорлаш, уларни ягона мақсад йўлида бирлашган ҳолда ҳаракат қилиш ва шу орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш даражасини оширишга хизмат қилади.

Бу борада Давлатимиз раҳбари бошчилигида бутун халқимиз янги Ўзбекистонни бунёд этиш учун шиддатли ва қамровли ислоҳотларни амалга ошираётганига эътибор қаратиши лозим. Ана шу тизимли ислоҳотлар талаби, жумладан, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш масаласини кун тартибига қўйди. Натижада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони, Вазирлар Маҳкамасининг “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Инсон ҳуқуқларини таъминлашда гендер тенглик масаласи ҳам ҳар доим жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказда туради. Шу боис эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлилиги Ўзбекистон сиёсатида устувор масалага айланганлиги Президентимиз томонидан ҳам таъкидланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора ортиб бораётганлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайганлиги қайд этилди. Албатта мазкур ютуқлар ўзининг ҳуқуқий асосларига эга бўлиб, бу борада қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатлар доирасини кенгайтиради.

Инсонларнинг ўз ҳуқуқларини амалга оширишда тўсқинлик қилувчи салбий ҳолатлардан бири бу қашшоқликдир. Қашшоқлик – барқарор равишда кун кўриш учун нафақат даромаднинг, балки ресурсларнинг ҳам етишмаслигидир. У очликда ва тўйиб овқатланмасликда, таълим ва бошқа асосий хизматлардан фойдаланишда чекланганлик, ижтимоий камситилиш ва алоҳида бўлиш, шунингдек, қарорлар қабул қилишда иштирок эта олмасликда намоён бўлади.

БМТ маълумотларига кўра, қашшоқлик кўрсаткичлари йигирма йил олдинги кўрсаткичга нисбатан икки баробар камайган бўлсада, ҳали ҳам 700 миллиондан ортиқ инсон қашшоқликда яшамоқда. Агарда шу жараён давом этадиган бўлса, 2030 йилга келиб 160 миллион бола қашшоқликда кун кўради.

Давлатимиз раҳбари томонидан жаҳоннинг турли нуқталарида нотинчлик сақланиб қолаётгани, зиддият ва зўравонликлар ортиб бораётгани, экологик офатлар ва бошқа замонавий хатарлар қашшоқлик ва камбағалликнинг глобал муаммоларини кучайтираётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Бу муаммолар айниқса, пандемия шароитида ишсизликнинг ортиши ҳисобига кескин тус олаётганлигига дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратиб, Бош Ассамблеянинг келгуси сессияси кун тартибига қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклиф этди.

Юртимизда ҳам қашшоқлик даражасини камайтириш, инсон ҳуқуқларини тўла амалга оширишга кенг имкониятлар яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш, бўш ва квоталанадиган иш ўринларига ишга жойлаштириш механизмларини такомиллаштириш, ўзини ўзи банд қилишнинг самарали шаклларини ривожлантириш борасида таъсирчан чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бунда нафақат юртимизда балки хорижда ишлаётган фуқароларимизнинг муносиб меҳнат шароитларида ишлаши, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга эътибор кучайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларнинг реинтеграциясини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессияси доирасида Ўзбекистон илк бор 2021-2023-йилларга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланди. Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланишини 193 давлатдан 169 нафари ёқлаб овоз берди.

Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли органга сайланиши сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани, шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ Устави ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бу соҳадаги халқаро мажбуриятларига қатъий риоя этилаётганининг яққол тасдиғидир. Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, унга риоя этиш ва ҳимоя қилиш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо мамлакатлар Ўзбекистоннинг болалар меҳнатини, айниқса, пахта йиғим-терим мавсумида тугатиш борасида эришилган ютуқлари, мажбурий меҳнатни бартараф этиш йўлидаги аниқ қадамлар, бу соҳаларда Халқаро меҳнат ташкилоти билан яқин ҳамкорликни ижобий баҳолаган. Ўзбекистоннинг БМТ инсон ҳуқуқлари тузилмалари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватланди. Сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини тарғиб қилиш, фуқаролик жамияти институтларини рўйхатга олиш ва фаолиятини соддалаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича узлуксиз таълим тизимини йўлга қўйиш, коррупция, қийноқлар, одам савдосига қарши курашиш ва жабрланганларни реабилитация қилиш чора-тадбирлари самарали, деб топилди.

Албатта, инсон ҳуқуқлар ва эркинликларини таъминлашга бир томонлама ҳаракат билан эришиб бўлмайди. Халқаро миқёсда давлатлар ҳамкорлиги орқали амалга оширилаётган чора-тадбирлар муваффақияти жамиятнинг ҳар бир бўғинидан фаол бўлишни талаб этади. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижадорлиги ва унинг тўлиқ амалга оширилиши ҳам биз жамият ҳаётидаги янгиланишларни қанчалик қўллаб-қувватлашимиз, давлат томонидан яратилаётган имкониятлардан қандай фойдаланишимизга боғлиқ.

Маҳмуд МАХАМАТОВ,

ТДЮУ “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси катта ўқитувчиси, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: