04.11.2020

РАҚАМЛАШТИРИШ ТИЗИМИ СУДЛАР ФАОЛИЯТИГА ТАТБИҚ ЭТИЛАДИ

Ҳаёт шиддат билан ўзгараётган бугунги кунда мамлакатимизда замонавий ахборот теҳнологияларидан тобора кенг фойдаланилмоқда. Жумладан, судлар фаолиятида ҳам очиқлик ва шаффофликни таъминлашда ахборот тизимлари жорий этилмоқда. Президентимизнинг шу йил 3 сентябрдагиСуд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ана шу мақсадга қаратилганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.

Қарорда қайд этилганидек, сўнгги йилларда рақамли технологияларни суд органлари фаолиятига жорий этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди.

Қарорга асосан амалдаги қонунчиликка суд органлари фаолиятига рақамли технологияларни жорий қилишга қаратилган бир қатор ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш билан боғлиқ нормалар белгиланди.

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турлари кенгайтирилади. Ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилиши таъминланади. Суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилади. Судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш мақсадида вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинуви янада кенгайтирилади. Махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади. Суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имконияти кенгайтирилади. Шунингдек, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имконияти яратилади.

Мазкур қарор билан 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури ҳамда судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйичайўл харитаситасдиқланди.

Дастурда 2021-2023 йилларда барча судларда суд мажлислари иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш кўрсатилди. Унга кўра, суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш, апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш белгиланди. Бундан ташқари, барча иштирокчиларга суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали маълум қилинади. Суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этилади. Суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади. Шунингдек, суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш, судларнинг ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш каби чора-тадбирлар белгиланди.

Қарор билан тасдиқланган, “йўл харитасиасосида бир қатор вазифалар белгиланди. Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимлари Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич уланади. Судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотлар электрон шаклда юборилади. Муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатлар фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олинади. Судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишдаИжтимоий ҳимоя ягона реестрива бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишилади. Шунингдек, судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш каби вазифалар белгиланди.

Эндиликда Олий суд ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги мавжуд маълумотлар судларнинг электрон сўрови бўйича бепул асосда тақдим этилади.

Қарорга асосан, 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятигаАдолатахборот тизимлари комплекси жорий этилиши назарда тутилган. Мазкур тизим орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятлар фақат электрон шаклда тақдим этилади. Манфаатдор шахслар даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб боради.

Қарорда жорий йил якунига қадар суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобиль дастурни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш белгиланган. Шунингдек, қарорда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда жазони ижро этиш муассасаларида махсус хоналарни маҳбусларнинг суд мажлисларида ва суд раҳбарияти қабулларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этишлари имконини берувчи ускуналар билан жиҳозлаш чораларини кўриш назарда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, қарорда белгиланган вазифалар ижроси судларда ишларни ўз вақтида ва сифатли кўришга шароит яратади. Шу билан бирга фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш орқали уларнинг суд органларига бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

 

Абдуллажон МУҲИДДИНОВ,

Чилонзор туман маъмурий судининг раиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: