19.08.2020

СУД ҲОКИМИЯТИ НУФУЗИ ОШАДИ

у ўтмишдаги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилувчи мустақил институтга айланади. Бугунги ислоҳотлар бунга асос бўлади

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Хусусан, қисқа давр ичида ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин киши оқланди, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, улар ўз оилалари бағрида қолдирилди, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузган 60 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходими жиноий жавобгарликка тортилди.

Шу билан бирга, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётгани, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ кайта кўриб чиқишни тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш назарда тутилган.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонни мамлакатимизда одил судлов самарадорлигини оширишга доир ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида эътироф этишимиз мумкин.

Ушбу Фармонга мувофиқ, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш;

маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қоракалпогистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши;

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини бериш белгиланмоқда.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

а) суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;

б) жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш;

в) қуйидаги тартибларни жорий этиш;

туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;

давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;

прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;

қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш тартиби жорий қилинмоқда.

Бундан ташқари, ушбу Фармон билан Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби тузилиб, унга инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар (кейинги ўринларда – йирик инвесторлар) ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати бериш белгиланмоқда.

Бундан ташқари, ушбу Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида ҳам янги бошқарма ва хизматлар ташкил қилинди. Яъни Олий суд бошқармалари фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиклаштириш вазифаси юклатилган, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига ҳисобдор бўлган, Олий суд раисининг тақдимномасига асосан Олий суд Пленуми томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати раҳбари лавозими, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида матбуот хизматлари жорий қилинмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармони мамлакатимизда одил судлов самарадорлигини оширишга доир кенг қамровли ислоҳотларни изчил давом эттиришга ҳамда суднинг ҳақиқий адолат қарор топадиган масканига айланишига хизмат қилади.

 

Акмал АЛИМОВ,

Ургут туман маъмурий суди раиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: