19.08.2020

ШАХС ДАХЛСИЗЛИГИ КАФОЛАТИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИЛДИ

Юртимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ишончли ҳимоя қила оладиган институтга айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳамда кўрилган амалий чоралар мазкур соҳадаги давлат сиёсатини янги босқичга кўтарди.

Президентимизнинг шу йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, балки бутун халқимиз катта мамнуният билан кутиб олди. Ушбу ҳужжатда қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, суд ишларини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув тамойили қўлланилишини янада кенгайтириш ҳамда ушбу соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Бироқ суд-тергов амалиётини таҳлил қилиш ва фуқаролар мурожаатларини ўрганиш натижалари жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлигини кўрсатди. Шунингдек, қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ваколатларини аниқ белгилаш билан боғлиқ бўшлиқлар мавжуд эди. Фармонга асосан суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, процессуал ҳаракатларнинг сифатини ошириш, жиноят процессида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизимини илғор хорижий тажрибада кенг қўлланиладиган исботлаш стандартларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш белгиланди. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, содир этилган ҳар бир жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини ҳамда шахс, жамият ва давлатга етказилган зарар тўлиқ қопланишини таъминлаш чоралари кўрилади.

Фармонга кўра, шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали механизмлар жорий қилиниб, бундай қилмишлар учун жавобгарлик кучайтирилади.

Жиноят ишларини тергов қилиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини ошириш асосий вазифалардан бири этиб белгиланди. Жиноятчиликнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва уларда қонунга итоатгўйлик руҳини шакллантириш механизми жорий қилинади.

Энди тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олиш мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга оширилади.

Фармонга кўра, жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддати у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисобланади. Шахс амалда ушланган ёки уни жиноят устида ушлаш билан боғлиқ тезкор тадбир амалда якунланган ёхуд гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги ҳақидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни ўтказишдан олдин унинг адвокат билан холи учрашиши таъминланиши шартлиги белгиланди.

Ушбу ҳужжатнинг яна бир жиҳатига тўхталиб ўтсак. Айбига иқрорлик бўйича келишув институти жорий қилинадиган бўлди. Бунда, айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган ҳолларда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилиши ҳамда унга нисбатан суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ёки муддатигача жазо тайинланади.

Шунингдек, жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурати туфайли кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувларини гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тартиби жорий қилинади. Ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги белгиланди. Агар суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқи иш бўйича барча тарафларга берилади. Суд тергови вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ушбу шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун асосларни аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқи барча тарафларга бериладиган бўлди. Фармондаги яна бир янгиликка кўра, шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъи назар, ярашув институти доирасига тушадиган Жиноят кодекси Махсус қисмига тегишли ўзгартириш киритилган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартиби жорий қилинади. Судланувчининг жиноят содир этилишига дахли бўлмаганлиги асоси билан оқлов ҳукми чиқарилган ҳолларда жиноятни ҳақиқатда содир этган шахсни аниқлаш ва айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиш учун жиноят ишини прокурорга юбориш тартиби ўрнатилади.

Энди шахсни жиноят ишида гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда (экспертиза ёки тафтиш ўтказиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно), уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, шунингдек, унга гумон қилинувчи ёки айбланувчининг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар ундан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш мумкин эмас. Ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш тақиқланади.

Ушбу ҳужжатнинг яна бир инсонпарварлик жиҳатига асосан вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари ҳамда пенсия ёшига етган шахсларга нисбатан уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.

Фармонда шунингдек, қатор вазифалар ҳам белгиланган. Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимизда шахс дахлсизлигини таъминлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Шерзод ЭШМАТОВ,

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг судьяси.

Алишер КЕРИМОВ,

халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши депутати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: