05.08.2020

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ

Сўнгги уч йилда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланди.

Жумладан, мамлакатимизда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш чоралари, хусусан, қурилиш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари амалга оширилиб келинмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини рўёбга чиқариш ишлари изчил олиб борилмоқда. Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 29 июнь кунидаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ — 6013-сон Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Агентликнинг махсус вазифалари этиб, қуйидагилар белгиланди:

биринчидан, мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлаш, шунингдек, коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган соҳалар ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш;

иккинчидан, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш;

учинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига оид ахборотларни тарқатиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитишни ташкил этиш орқали жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш;

тўртинчидан, вазирлик ва идораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг ушбу масалалар бўйича биргаликдаги самарали фаолиятини ташкил этиш;

бешинчидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, жумладан, банкларда коррупцияга қарши ички назорат тизими ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг бошқа халқаро воситаларини жорий этиш ва самарали фаолият кўрсатишини ташкиллаштириш, замонавий усуллар ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида коррупцияга қарши мониторинг олиб бориш, шунингдек, уларнинг мазкур соҳадаги фаолияти бўйича рейтингини тузиш;

олтинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва илғор хорижий амалиётни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

еттинчидан, давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ва самарали фаолият кўрсатишини ҳамда декларацияларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил этиш, шунингдек, ушбу жараёнда аниқланган коррупция ҳолатларига ўз вақтида таъсир чоралари кўрилишини таъминлаш;

саккизинчидан, давлат хизматига ҳалоллик стандарти (“ҳалоллик вакцинаси”) ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шунингдек, уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

тўққизинчидан, бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш, шунингдек, уни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

ўнинчидан, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг имижини мустаҳкамлаш ва унинг халқаро рейтинглардаги ўрнини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

ўн биринчидан, коррупциянинг ҳолати, тенденциялари ва сабаблари ҳамда коррупцияга қарши чоралар кўришнинг самарадорлиги юзасидан социологик, илмий ва бошқа тадқиқотларни ташкил этиш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчанлигини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

ўн иккинчидан, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шу мақсадда оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакиллари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш.

Таъкидлаш жоизки, юқоридаги Фармон асосида Агентлик томонидан давлат харидлари соҳасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида давлат буюртмачиси ISO 37001 коррупцияга қарши стандартини қўллашни кўзда тутувчи талабни ўрнатиш тартиби белгилаб берилди.

Бунинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, ISO 37001 — бу давлат харидлари соҳасида тизимли бошқарувнинг коррупцияга қарши халқаро стандарти ҳисобланади. Мазкур халқаро стандарт порахўрлик ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш билан боғлиқ бир қатор амалий чора-тадбирлар мажмуини белгилаб беради.

Ушбу чора-тадбирлар коррупцияга қарши курашиш йўналишларини ишлаб чиқиш, коррупцияга қарши курашиш фаолияти билан шуғулланувчи ташкилий механизмларни шакллантириш, лойиҳаларни ҳуқуқий жиҳатдан баҳолаш, тизимда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш ва молиявий назоратни амалга ошириш каби вазифаларни ўз ичига қамраб олади.

Шу ўринда алоҳида эътиборга молик жиҳат шундан иборатки, Агентликни юқори малакали кадрлар билан, биринчи навбатда, коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалий иш тажрибасига эга ва Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир шахслар орасидан тўлдирилишини ҳамда Агентликни ходимлар билан тўлдириш конкурс асосида халқ­аро стандартларга мувофиқ белгиланадиган тартибда Агентлик томонидан амалга оширилиши ушбу идоранинг самарали ва профессионал фаолият юритиши учун мустаҳкам пойдевор ҳисобланади.

Яна бир муҳим масала, Агентлик Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилишини ҳамда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашига киритилишида иштирок этади ҳамда Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига имплементация қилишни давом эттириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилишини ҳамда кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Миллий кенгашга киритилишини таъминлайди.

Ушбу вазифаларнинг Фармонда назарда тутилиши Агентликнинг коррупцияга қарши курашиш соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланганлиги билан изоҳланади.

Шу ўринда Агентликнинг истиқболдаги фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан айрим фикр-мулоҳазалар ҳам мавжуд.

Хусусан, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ушбу фармон қабул қилинишига муносабат билдириб, Kun.uz нашрига берган интервьюсида қуйидаги муҳим фикрларни илгари сурди:

“Янги агентликни етарли имкониятлар билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Кўплаб мамлакатларда коррупцияга қарши идоралар жуда катта умидлар ва дастурлар билан ташкил этилган, аммо тегишли ваколатларга эга бўлмаслиги сабабли уларнинг истиқболи ноаниқ бўлиб қолаяпти.

Биринчидан, Агентликнинг мустақиллигини таъминлаш лозим. Мунтазам фаол бўлган ва самарали иш олиб борувчи Антикоррупция агентлиги коррупцияга қарши курашда жуда катта кучга эга бўлиши ва ҳукуматдан мустақил равишда иш олиб борган ҳолда жамиятдаги энг юқори мартабали одамларни ҳам жавобгарликка тортиши мумкин.

Бунда аввало агентлик раҳбарияти ва ходимларини аниқ белгиланган мезонлар, ошкоралик тамойиллари асосида иқтидоридан келиб чиққан ҳолда танлаб олиш зарур. Агентлик раҳбариятининг ваколати хавфсизлиги ҳам жуда муҳимдир. Бундан ташқари, аксарият мамлакатларда коррупцияга қарши кураш агентлиги ички тартиб-қоидаларга асосланган ҳолда ўз ходимларини ўзи танлайди.

Иккинчидан, вазифаларнинг аниқлиги ва Агентликнинг етарли имкониятлар билан таъминланиши муҳимлиги. Кўплаб мамлакатларда коррупцияга қарши идоралар жуда катта умидлар ва дастурлар билан ташкил этилган, аммо тегишли ваколатларга, техник имкониятларга, молиявий ресурсларга ва операцион мустақилликка эга бўлмасдан туриб, уларнинг истиқболи ноаниқ.

Шу сабабли, Коррупцияга қарши кураш агентлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида функцияларни аниқ белгилаш, ваколатлар ва мажбуриятларни тақсимлаш муҳим ҳисобланади.

Фармонда Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун жавобгар бўлиши қайд этилган. Юқорида келтирилган жиҳатларни янада чуқурроқ муҳокама қилиш орқали тегишли вазифаларни, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари функцияларини аниқ белгилаб олиш мумкин. Шунингдек, мамлакатда коррупцияга қарши биргаликда ҳаракат қилиш учун самарали мувофиқлаштириш ва алоқа механизмларини яратиш зарур.

БМТ Тараққиёт дастури коррупциянинг олдини олиш – коррупция ҳолатларини тергов қилиш ва судга тортиш билан баравар муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Коррупциянинг олдини олишда фаол хизмат кўрсатувчи органни яратиш ҳукумат, бизнес ва жамиятнинг жипслашишида ҳамда ҳалоллик маданиятининг шаклланишида муҳим роль ўйнайди.”

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска хонимнинг фикрларини умумлаштирган ҳолда Агентлик фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида айрим таклифларни билдириб ўтсак.

Биринчидан, яқин фурсат ичида Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар кесимидаги ҳудудий бошқарма ва бўлинмаларини тузиш мақсадга мувофиқ. Чунки, коррупция маҳаллий даражада урчиб кетган иллатдир. Ушбу иллат бўйича фуқароларимиз томонидан берилаётган жуда кўплаб ариза ва шикоятлар айнан ҳудудий (маҳаллий) даражадаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга йўналтирилган.

Иккинчидан, давлат хизматига ҳалоллик стандарти (“ҳалоллик вакцинаси”) ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шунингдек, уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда оммавий ахборот воситаларига янада кенгроқ ваколатларни беришимиз ўринлидир.

Учинчидан, Агентликка биринчи марта ишга қабул қилинадиган ходимларни коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг назарий ва амалий масалалари, хорижий тажриба ва халқаро стандартларни ўрганишни қамраб олувчи махсус ўқув дастурлари бўйича таҳсил олишларини Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси билан бир қаторда Халқ­аро коррупцияга қарши курашиш Академияси (IACA)да амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Мазкур халқаро Академияда бугунги давр талабларига тўлиқ жавоб берадиган, замонавий ахборот-коммуникацион технологиялари ва халқаро стандартларга мувофиқ келадиган ўқув дастурлари ишлаб чиқилган.

Хулоса қилиб айтганда, агентликнинг ташкил этилиши жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга хизмат қилади.

 

Далер Валижонов,

ТДЮУ ўқитувчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: