Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
05.08.2020

ОДИЛ СУДЛОВ

Ҳаёт талаб қилаётган асосий вазифалардан бири

Мамлакатимизда сўнгги уч йил мобайнида суд ҳокимияти нуфузини ошириш, уни ўтмишдаги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилувчи мустақил институтга айлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва кўрилган амалий тадбирлар мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамиятини тубдан оширди.

Шу йил 24 июлда Президентимизнинг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мухбиримиз ушбу фармоннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази профессори Баҳром АҲРОРОВ билан суҳбатлашди.

– Аввало, мазкур фармоннинг қабул қилинишига қандай зарурат борлиги тўғрисида тўхталсангиз.

– Бугунги ўзбек давлатчилиги ва жамияти ўз тараққиёти тарихида сифат жиҳатидан янги давр – инновацион ривожланиш босқичига кирди. Ана шу жараёнда аҳолининг суд тизими тартиблари юзасидан бўлаётган кўплаб эътирозлари ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишини тақозо этди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йил бошида янги шаклланган Парламентга Мурожаатида “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”, деган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда ушбу фармоннинг қабул қилиниши билан инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қила оладиган адолатли суд тизими яратиладиган бўлди.

Фармонда қайд этилганидек, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этди.

– Ушбу фармонга мувофиқ суд тузилмасида қандай ўзгаришлар назарда тутилган?

– Фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари, жиноят ишлари бўйича судлар ҳамда иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умум­юрисдикция судлари ташкил этилади. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади.

– Бу ўзгаришлар фуқароларга нима беради?

– Президентимизнинг ушбу фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мантиқий давоми бўлди. Суд тизимидаги ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар одамларнинг сарсонгарчиликларига чек қўяди, уларнинг мурожаатини қисқа даврда кўрилишини таъминлайди, судларга бўлган ишончини оширади. Энди фуқароларнинг қайси судга мурожаат қилиши кераклигини умумюрисдикция судлари ҳал қилади. Бу билан фуқароларнинг вақти тежалади. Уларни қайси судга мурожаат қилиши керак, деган саволдан халос этади. Амалиётда мавжуд бўлган бир-биридан фарқ қилувчи қарорлар чиқишига чек қўйилиб, ягона суд амалиёти тизими шаклланади. Шу ўринда бир гапни айтиб ўтай. Судларнинг умумюрисдикция судларига бирлаштирилиши судларнинг ихтисосликларини ўзгартирмайди. Суд идораларида фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, раис бошқарувида ишлар ихтисосликларига кўра тақсимланади.

Судларнинг қабул қиладиган ҳужжатлари давлат номидан чиқарилиши давлатнинг нуфузини, одамларнинг давлатга нисбатан муносабатини намоён қилади. Давлат судлар орқали инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

– Айтингчи, суд ишларини назорат тартибида кўриш институтининг тугатилишига сабаб нима?

– Дарҳақиқат, фармонда суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш белгиланди. Бунинг натижасида ишларни апелляция ёки кассация тартибида кўришнинг ишончлилиги ошади. Энди апелляция ёки кассация тартибида кўрилиб, қабул қилинган қарорлар назорат тартибида бекор қилинмайди. Ишларни апелляция ёки кассация тартибида кўриш Олий суднинг судлов ҳайъатларида ҳам кўрилиши мумкин. Хорижий тажрибага кўра, ишларнинг иккинчи инстанцияси фақат апелляция ёки кассация тартибида кўрилади. Назорат тартибидаги ишларни кўриш тартиби собиқ шўролар тузимининг нотўғри амалиёти меросидир.

Ишларни апелляция ёки кассация тартибида кўриш томонлар тортишувига асосланади. Томонлар фақат биринчи инстанцияда йўл қўйилган хатоларни келтириш билан чекланмай, янги асослар ёки далилларни ҳам келтириши мумкин. Ишларни назорат тартибида кўриш томонларнинг иштирокисиз бўлар эди. Ишларни назорат тартибида кўриш коррупциявий вазиятларни ҳам юзага келтириб, мансабни суиистеъмол қилиш, порахўрлик каби салбий ҳолатларни келтириб чиқарар эди.

Фармонга кўра, суд тергови жараёнида тарафларнинг тортишувчанлиги тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят судларида дастлабки эшитув босқичи жорий этилмоқда. Судлар томонидан ишларни кўришда дастлабки эшитувнинг жорий этилиши чиқариладиган ҳужжатларнинг сифат кўрсаткичларини оширади, томонларнинг ўзаро ҳақ эканликларига ишонч уйғотади ва бунинг натижасида инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси оширилади. Судлардаги бундай тажриба Россия Федерацияси, Қозоғистон, Германия, Франция ва бошқа кўплаб давлатларда мавжуд бўлиб, самарали қўллаб келинмоқда.

Фармонда прокурор томонидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан ишни ўрганиш учун чақириб олиш мумкинлиги белгиланмоқда. Бунинг натижасида судлар прокурор назоратидан халос этилиб, мустақиллиги оширилади. Фақат тарафлар (жабрланувчи ёки айбланувчи, даъвогар ва жавобгар) томонидан суднинг қарори юзасидан прокурорга мурожаати бўлганидагина ишни чақириб олиб, қайта ўрганиши мумкин бўлади.

Мазкур ҳужжатга кўра, судлар очиқлиги, ошкоралиги, ҳисобдорлигини таъминлаш мақсадида Олий суд ҳузурида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида матбуот хизматлари ташкил этилиши белгиланди. Бу судларнинг масъулиятини ва қабул қиладиган ҳужжатларига нисбатан фақат қонунга бўйсуниш ҳиссини оширади.

Шунингдек, фармонда бошқа бир қатор муҳим масалалар ҳам ўрин олган ва улар суд тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган. Фармонда кўзда тутилган ўзгаришлар натижасида мамлакатимизда судларга бўлган ишонч ортади, қонун устуворлиги таъминланади. Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинадиган тизим яратилади. Мазкур вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши одил судловни амалга оширишга хизмат қилади. Суд обрўси давлат обрўси, обрўли давлатда суд адолат қўрғонига айланмоғи лозим. Фармондан кўзланган бош мақсад ҳам шунга қаратилган.

Равшан ШОДИЕВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: