29.07.2020

КАРАНТИН ҚОИДАЛАРИ ҚОНУНИЙМИ?

Ўзбекистон Республикасида коронавирус тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш бўйича Махсус республика комиссияси 2020 йил январь ойида ташкил этилган. Комиссияга мамлакат Бош вазири раҳбарлик қилади.

Комиссия томонидан қабул қилинган қарорлар баённомалар шаклида тузилади ва уларни зудлик билан бажариш талаб этилади. Шу сабабли, бу қарорлар ҳар куни барча алоқа каналлари орқали тарқатилади. Худди шу сабабга кўра, улар ҳар доим ҳам тўлиқ нашр этилмайди.

Республика комиссияси томонидан карантин чоралари жорий этилиши қонуний асосларга эга бўлиб, унинг қарорларига идоравий мансублигидан ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар бўйсуниши шарт. Қоидабузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексининг тегишли нормалари асосида жавобгарлик белгиланган.

Нима учун фавқулодда ҳолат эълон қилинмади?

Фавқулодда вазият – бу маълум бир ҳудудда юзага келган, одамлар қурбон бўлиши, инсон саломатлиги ёки атроф-муҳитга зарар етказилиши, жиддий моддий йўқотишлар ва одамларнинг яшаш шароитларининг бузилиши билан боғлиқ вазият.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан фавқулодда вазиятларда фавқулодда ҳолат жорий этилади. Президент қарори уч кун ичида парламент палаталарига тасдиқлаш учун юборилади. Қоида тариқасида, фавқулодда ҳолат режими жорий этилиши билан транспорт воситаларининг ҳаракатланиши янада қаттиқроқ чекланади, уларнинг назорати кучайтирилади, асосий озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш, сотиб олиш ва тарқатишнинг махсус тартиби жорий этилади, жамоат тартибини ҳимоя қилиш кучайтирилади ва ҳоказо.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда барча режимларнинг энг юмшоғи – карантин жорий қилинган ва унинг доирасида барча зарур ва етарли даражада эпидемияга қарши қуйидаги чоралар кўрилган:

–мамлакат ҳудудининг санитария муҳофазаси – санитария-карантин назорати ва чеклов чораларини қўллаш орқали таъминланади:

–юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида кўрилаётган чоралар, дезинфекциялаш чоралари – коронавирус билан касалланганликда гумон қилинган шахсларни аниқлаш, изоляция қилиш ва касалхонага ётқизиш, шунингдек, алоқада бўлганларни лаборатория текшируви ва тиббий кўрикдан ўтказиш: мажбурий тиббий кўриклар ва бошқалар.

Ўз-ўзини изоляция қилиш режими ҳуқуқийми?

Ўз-ўзини изоляция қилиш – юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган чеклов чораларидан биридир (карантин). Мазкур режим бошқа одамлар билан алоқани чеклаш, ёки минималлаштиришни – ташқарига чиқмаслик ва ижтимоий масофани сақлаб туриш учун ниқоб кийишни назарда тутади.

Ўз-ўзини изоляция қилиш режими эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини чеклайди, аммо бу Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларга ва мамлакат Конституциясига, шунингдек, КОВИД-19 тарқалиши билан боғлиқ бўлган муаммоларга мутлақо мос келади.

Ўз-ўзини изоляция қилиш режимининг жорий этилиши қонуний асосга эга бўлганлиги сабабли, Ички ишлар органлари фуқаролардан унга риоя қилинишини, ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг тўхтатилишини талаб қилишга, ушбу талаблар бажарилмаса, мажбурлаш чораларини кўришга ҳақлидир.

Вирусолог олимларининг таъкидлашича, телефонлар ва бошқа пластмасса қурилмалар ўзларида (5 кунгача) инфекцияни сақлайди ва тарқатади. Шу муносабат билан уларнинг карантин зонасига киритилиши санитария қоидаларига зиддир. Шу сабабли, карантиндаги коронавирус инфекциясини юқтирган ёки ушбу инфекцияни юқтирганликда гумон қилинган шахсларга тегишли бўлган уяли телефонлар, аудио ва видео ёзувлар, кредит карталари ва бошқа воситаларни вақтинча олиб қўйиш бўйича қоида жорий этилган. Олиб қўйилган нарсалар эгасининг ўзига тиббий муассасадан чиқариб юборилгандан сўнг ёки унинг яқин қариндошлари ёки вакилларига қайтарилади.

Даволаш ёки карантин кўринишидаги мажбурий тиббий чоралар комиссия томонидан белгиланади. Бундай мажбурий тиббий чоралар юқумли касалликларга қарши курашиш қоидаларини бузувчиларга тайинланиши мумкин.

Карантин чораларини бузганлик учун маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорга рози бўлмаганлар судга шикоят қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Олий суд ҳужжатларни фақат электрон ёки почта орқали топширишни тавсия қилади. Санитария қонунлари ва эпидемияга қарши курашиш қоидаларига риоя қилган ҳолда сиз адвокат хизматларидан фойдаланишингиз мумкин.

 

Иззат ПОЛВОНОВ,

Тошкент давлат юридик университетининг

 ихтисослаштирилган филиали катта ўқитувчиси.

(“НОРМА” ҳуқуқий-ахборот портали материаллари асосида тайёрланди.)


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: