15.07.2020

ГИЁҲВАНДЛИК ЎЛИМГА ЕТАКЛАЙДИ

Статистик маълумотларга кўра, дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Уларнинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Гиёҳвандлик оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.

Тўғри, ҳеч ким онадан гиёҳванд бўлиб туғилмайди. Аммо турли сабаблар билан бу балога йўлиқиб қолади.

Гиёҳвандлик кўчасига кириб қолиш ҳар кимда ҳар хил кечади. Баъзилар тўқликка шўхлик қилса, бошқалар ўзи билмаган ҳолда алдовлар қурбонига айланади. Эрта завол бўлган умрлар ҳисобига кимларнингдир ҳамёни қаппаяди. Ҳали ақли ва онги тўлиқ шаклланмаган ёшларни тузоққа илинтириш осон, ана шундай пайтда оиланинг, маҳалла-кўй ва атрофдаги яқинларнинг эътибори керак бўлади.

Ёшларнинг бу ажал гирдобига тушиб қолишида кўпинча оиладаги салбий муҳит ёки болалар тарбиясига эътиборсизлик ҳам сабаб бўлади. Оилада етарли меҳр, рағбат кўрмаган ўсмир ташқаридан тиргак излаб, боши берк кўчага кириб қолиши мумкин.

Фарзанднинг соғ-саломат дунёга келиши, униб-ўсиши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, энг аввало, оилага боғлиқ. Аниқроғи, ота-оналар зиммасига катта масъулият юкланади.

Афсуски, айрим ота-оналар фарзандларига беэътибор бўлса, бошқалари, болаларини ортиқча эркалатишади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, гиёҳванд ёшлар, кўпроқ ўзига тўқ оилалар фарзандлари экан.

Мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар туфайли ўсмирлар ва ёшлар ўртасида гиёҳвандлик кўрсаткичлари йилдан-йилга камайиб бормоқда. Мисол учун, республика наркология маркази беморлари орасида ёшлар деярли йўқ. Аммо бундан хотиржамликка берилиш ноўрин, албатта. Ҳар бир маҳаллада ёки туманда битта гиёҳванд бор экан, демак, фарзандларимиз учун хавф-хатар бор. Шунинг учун бу офатга бефарқ қарашга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

 

Жамолиддин МУСАЕВ,

ДБҚ Божхона институти

махсус ҳуқуқий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: