10.06.2020

АСОСЛАР ТОПИЛМАДИМИ ЁКИ УЛАРДАН КЎЗ ЮМИЛДИМИ?

«Ўзбекистон овози» газетасининг 2020 йил 18 февраль сонида Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи фуқаро Холида Сулаймонова ҳамда унинг ишончли вакили Тўрабой Жўрабоевнинг шикояти бўйича “ХЎРЛАНГАН ҚИЗ Ғаллаорол ва Бахмал туман ИИБ катта терговчилари А.Исроилов ва Р.Усановларнинг жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қароридан кейин у ўз жонига қасд қилди, лекин тирик қолди” деб номланган танқидий мақола чоп этилган эди.

Ғаллаорол туман ИИБ катта терговчиси А.Исроиловнинг ушбу ҳолат юзасидан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш бўйича 2018 йил 31 октябрда қабул қилган қарори Ғалла­орол туман прокуратураси томонидан бекор қилиниб, қўшимча текширув ўтказиш учун ўзига қайтариб юборилган. А.Исроилов 2018 йилнинг 30 ноябрида жиноят иши қўзғатишга асос йўқлигини таъкидлаб қарор чиқаради. Бу қарор 2018 йилнинг 19 декабрида Жиззах вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Б.Сайипов томонидан бекор қилиниб, яна айнан А.Исроиловга учинчи маротаба терговга қадар суриштирув ўтказиш юклатилган. Натижада жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги аввалги қарор матни учинчи марта қайта кўчирилиб, иш ёпилган.

Жиззах вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Б.Сайиповнинг имзоси билан таҳририятга йўлланган жавоб хатида ушбу иш юзасидан Ғаллаорол прокуратураси томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилган ва Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш бўйича қарор чиқарилгани тўғри деб топилган.

Холида Сулаймонованинг оиласи камбағаллиги, ночорроқлиги тўғри. Адолат тополмай, аламидан ўз жонига бир неча бор қасд қилишга урингани ҳам тўғри. Лекин бу масалада жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор қай даражада тўғри?

Воқеа тафсилоти аниқ, қизнинг номусига ким теккани ҳам аниқ. Айбдор кечирим сўраётгани, қизни алдаб, ҳеч кимга айтма, сенга уйланаман, дегани, боланинг отаси бу ишдан хабардорлиги тўғрисида етарли маълумотлар бор. Аммо жиноят ишини қўзғатишга асос топилмабди...

Асос йўқми ёки бу асосни бир гуруҳ кишилар манфаати босиб кетаяптими? Кўп нарсаларнинг босди-босди қилинишига чидаш мумкиндир. Аммо кимдир бир қизнинг номусига зўрлаб тегса, бунинг учун жиноят иши қўзғатилмаса, бунинг оқибати ўйлаб кўрилдими? Ўша қизнинг руҳий ҳолати, кейинги тақдири тасаввур қилиб кўрилдими? Бундай ҳолатга бефарқ қараш гуноҳ эмасми, ноинсофлик эмасми? Ахир қиз бола ҳар бир хонадоннинг номуси, иффати ҳисобланади. Ҳар бир оила умид билан қиз катта қилаяпти-ку... Назаримизда, бу иш бошида таниш-билишчилик, ён босишлар бўлган. Дастлабки суриштирув талаб даражасида бўлмаган.

Ғаллаорол туман, Маржонбулоқ шаҳарча фуқаролар йиғинида 2019 йилнинг 10 мартида ана шу масала бўйича бўлиб ўтган йиғилишда сўзга чиққанлар томонидан қиз боланинг номусига тегиш ва зўрлаш каби шармандали ҳолатни ҳеч қандай баҳона билан оқлаб бўлмаслиги, энди А.Маҳмудов номусини топтаган қизни ўз никоҳига олиши лозимлиги ҳақида фикрлар билдирилган эди.

Абдувоҳид Маҳмудовнинг отаси А.Тилавов ўғли ўта уятли иш қилганини, фарзанди ҳам, ўзи ҳам бундан қаттиқ пушаймон эканини тан олиб турган бўлса-да, бу ишни уч марта қайта-қайта ёпган катта терговчи А.Исроиловнинг хулосасида қизнинг зўрлангани тўғрисидаги важ ва далиллар инобатга олинмагани қанчалик тўғри?

Холида Сулаймонова ўша куни воқеани йиғлаб онасига айтган. Она шўрлик руҳий зарбага чидай олмай инсульт бўлиб қолган. Бунинг устига, Абдувоҳид унга уйланишга ваъда бериб, алдаб келган. Шу боис, 15 кундан кейин Ғаллаорол туман Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилгани тўғри. Жиззах вилоят суд-тиббий экспертизаси қизнинг бокиралиги бузилгани, лекин орадан анча вақт ўтгани учун бу иш ким томонидан қилинганини аниқлашнинг имкони бўлмагани ҳақида расмий хулоса бергани ҳам тўғри.

Ғаллаорол туман Хонимқўрғон қишлоқ фуқаролар йиғини фаоллари Холида Сулаймонованинг оиласини обрў-эътиборли хонадон сифатида яхши билишларини, қизнинг номусига тажовуз қилиниши бу оилага жуда қаттиқ таъсир қилгани, ота-онаси шунинг дардида касал бўлиб, ётиб қолгани ҳақида ҳамдардлик билан ўз фикрларини билдиргани ҳам тўғри.

Воқеа содир бўлганидан кейин орадан 17-18 кун ўтиб, жабрланувчига суд-тиббий экспертизаси тайинланишига ойдинлик киритилмаган. А.Маҳмудовнинг жабрланувчи билан жинсий яқинликда бўлган куни аниқланмаган, воқеа содир бўлган автомашинадаги буюмлар жойига бориб кўздан кечирилмаган. А.Маҳмудов машинанинг эски ғилофларини ёқиб юборгани сабаблари ўрганилмагани ва тегишли экспертиза тайинланмагани ҳам рост. Туман ИИБ жиноят қидирув бўлими ходими Зоҳид Мелибоевнинг жабрланувчи иштирокида А.Маҳмудовдан олган дастлабки тушунтириш хати ишга қўшилмагани ҳам тўғри.

Жабрланувчи томонидан тақдим этилган, гумонланувчидан унинг телефонига келган 26 та СМС мулоқот ёзуви тергов-суриштирув ишига қўшилмаган. Аслида бу маълумотлар мазмунан ўрганилиб, уларга ҳуқуқий баҳо берилиши керак эди. Бу ишлар қилинмагани ҳам ҳақиқат.

Аммо асослар етарли бўлишига қарамай, жиноят иши қўзғатилмаганини тушуниш қийин. Ҳар қандай масала тақдири унга бўлган муносабатга боғлиқлиги ҳаёт тажрибасидан маълум. Мақсад жиноятни очиш бўлса, очилади, ёпиш бўлса, шунга яраша ҳаракатлар бўлади.

Бу мавзуга қайтишимиз кимларгадир ёқмас, гўё муҳим масала эмасдек қаралар. Тўғри, жабрланган қиз юқорида айтганимиздек, камбағал бир оила фарзанди. Уларнинг ортида ҳимоя қиладиган кучлироқ одами йўқ. Аммо уларни ҳимоя қиладиган давлат бор. Қонунлар бор, жамият бор. Бизнинг ёрдамимиз, айниқса, ана шундай оддий одамларга керак. Республика Бош прокуратураси бу ишни назоратга олади, деб умид қиламиз.

 

Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий тарғибот бўлими.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: