Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
21.05.2020

Жасоратга тўла умр қақида қикоялар

Юридик фанлари доктори, полковник Абдуғофур Сатторов ва журналист Садриддин Шамсиддиновнинг «NISO POLIGRAF» нашриётида «Зокиржон Алматов – Бир умрлик жасорат» китобини зўр қизиқиш билан ўқиб чиқдик. Ички ишлар соҳасида катта ҳаёт йўлини босиб ўтган, мустақилликнинг мураккаб йилларида шу тизимнинг биринчи раҳбари бўлган инсоннинг болалиги, ёшлиги қандай ўтганлиги кўпчиликни қизиқтиради, албатта.

Китобда қарийб ярим аср давомида қандай оламшумул ишларга дохил бўлингани аниқ ҳаётий мисоллар асосида батафсил ҳикоя қилинади. Табиийки, китобхон онгу шуурида шундай одам ҳам ёш, навниҳол йигит бўлганми, оддий ишларда фаолият юритганми, деган савол туғилади. Тўғри, одам бир юмалаб ички ишлар вазири бўлиб қолмайди. Бунинг учун ҳаётнинг паст-баланд йўлларидан ўтиши, кўп синовли дамларни бошдан кечириши керак бўлади. Асарни ўқиш асносида билдикки, мактабда тенгдошлари ичида пешқадам бўлган, ҳатто Фидель Кастродек жаҳон таниган зотнинг бўйнига галстук таққан йигитча ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг юридик факультетига биринчи уринишда киролмаган. Ҳарбий хизмат ўтаб қайтганидан сўнг Зокиржон ниятига етади ва ўзи орзу қилган ўқишга киради.

Зокиржон Алматов оддий одамлар ҳаётини қадрлаши, ҳамиша қадоқ қўлли инсонлар тарафдори бўлишига нима сабаб, деб ўйлардик. Маълум бўлишича, у киши аввал «Ташавтомаш» заводида ишчи, кейинчалик Тошкент шаҳар қурилиш бошқармасининг 6-трестида бетон қуювчи вазифаларида ишлаган экан. Демак, шундан яхши биладики, бир бурда нон қандай меҳнат эвазига топилишини, оддий одамлар ҳаётини...

Зокиржон Алматов ички ишлар тизимидаги меҳнат фаолиятини Тошкент вилоятидан бошлайди. Китобда ёзилишича, «Бўй-басти келишган, нигоҳларидан ўт чақнаб турган навқирон йигитнинг юз ифодасида қатъият, ўзига нисбатан ишонч, ўзгача бир ўктамлик намоён бўлиб турарди». Ёш мутахассис Тошкент вилояти ИИБ паспорт бўлимига инспектор вазифасига қабул қилинади.

Бу йўналишдаги ишларни қунт билан ўрганади. Устозлари топшириқларини бекаму кўст бажаришга ҳаракат қилади. Янги ташкил этилган Тошкент тумани ИИБ паспорт бўлими тамал тошини қўйиш Зокиржон Алматовга ишониб топширилди. Орадан кўп ўтмай туман ИИБ бошлиғи ўринбосари бўлганидан сўнг унинг тезкор қидирув ишларидаги қобилияти ҳам раҳбарият томонидан пухта таҳлил қилиниб, аниқ йўл-йўриқлар бериларди. Зокиржон Алматов тажрибали устозлари фикрларини диққат билан тинглар, воқеа рўй берган жойга тезлик билан етиб борар эди. Энг муҳими, ақл-идрок билан ҳаракат қиларди.

Мустақиллик йилларида Ички ишлар вазирлигининг нуфузи муттасил юксалиб боргани кенг жамоатчиликка маълум. 1991 йилда вазир лавозимида иш бошлаган Зокиржон Алматовнинг унвони полковник бўлган эди, ўн йил ораси у генерал-полковник даражасига кўтарилди. Бу унвонлар замирида Зокиржон Алматовнинг бевосита хизматлари мужассам, албатта.

Истиқлолнинг дастлабки йилларида уюшган жиноятчиликни тор-мор этиш, автомашина ўғрилари фаолиятига чек қўйишда асосий юк ички ишлар ходимлари зиммасига тушди.

Китобни ўқир экансиз, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида содир этилган оғир жиноятларни очишда Зокиржон Алматовнинг шахсий намунаси, ўз касбининг билимдони экани таъсирли ҳикоя қилинади. Тўғри, бу қонун бузилишлар ўша пайтлари эл-юрт ичида овоза бўлган, улар ҳақида кўча-кўйда эшитган эдик. Китобда эса ўша жиноятлар қай тарзда фош этилгани далил ва ҳужжатлар асосида ҳикоя қилинади. Бўка туманидаги Ачамайли воқеасини содир этган жиноятчиларни, Янгийўлдаги автомашина ўғрилари, бир неча нафар деҳқонларни ўлдириб, Келес каналига чўктирган, мол-мулкини ўзлаштирган жиноий тўданинг фош этилишида Зокиржон Алматовнинг бой тажрибаси, воқеаларни олдиндан кўра билиш қобилияти аниқ мисоллар орқали баён этилади.

Ички ишлар вазирининг халқаро миқёсдаги самарали фаолиятига китобда махсус боблар бағишланган. Ўзбекистоннинг мамлакат хавфсизлиги борасидаги тажрибалари Германия, Хитой, Корея Республикаси, Туркия давлатлари ички ишлар вазирликлари томонидан кенг эътироф этилган. Ўзбекистон «Интерпол»га тўлақонли аъзо бўлишида ҳам Зокиржон Алматовнинг хизматлари алоҳида эканлиги ҳикоя қилинади.

Тошкент шаҳрида тинчлик-осойишталикни сақлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларига замонавий талаблар асосида шароит яратиш вазирнинг асосий мақсадларидан эди. Зокиржон Алматов саъй-ҳаракати билан Тошкент шаҳар ИИББ Давлат автомобиль назорати бошқармасининг янги биноси барпо этилди.

Ички ишлар вазирлиги таркибида Ахборот маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳам раҳбарнинг диққат марказида бўлди.

Қорақамишда Ички ишлар вазирлиги госпитали қандай бунёд этилгани, бу ерда бошқа соҳа ходимлари ҳавас қиладиган шароит яратилгани ҳам Зокиржон Алматовнинг номи билан боғлиқ. Бу ҳақда китобда муфассал баён этилган.

«Зокиржон Алматов — Бир умрлик жасорат» кўпчиликда катта қизиқиш уйғотишига ишонамиз. Зеро, бу китобдаги воқеалар Ўзбекистоннинг мустақиллик йиллари тарихи ҳақида бизга қўшимча маълумотлар беради.

 

Шуҳрат Жабборов,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: