Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
03.03.2020

УМУММИЛЛИЙ БОЙЛИГИМИЗ — ОНА ЕРНИ АСРАШГА

барча бирдай бурчлидир

Кейинги уч йил мобайнида фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш, уларнинг яшаш шароитини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, хусусан, минг-минглаб уй-жойлар барпо этилиб, имтиёзли нарх ва шартлар асосида муҳтож фуқароларга берилаётгани барчага аён.

Шунингдек, 2018 йилда давлатчилигимиз тарихида илк маротаба Президентимиз томонидан фуқаролар манфаатини ўйлаб бир марталик акция эълон қилиниб,  қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга ҳам  фуқароларнинг  эгалик ҳуқуқи белгилаб берилганлигидан ҳам ҳамма хабардор. Айни пайтда қайд этиш жоизки, йиллар мобайнида айрим фуқароларимиз томонидан қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар ҳам ўзбошимчалик билан, ҳужжатсиз эгаллаб олиниб, уй-жой ва бошқа нотурар жойлар: молхона ва бошқа турли ёрдамчи бинолар барпо этиш орқали қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган-ҳосилдор ерлар талон-тарожлигига йўл қўйилган.

Буни судлар томонидан кўрилаётган ерни асл ҳолатига келтириш, ўзбошимчалик билан қурилган бино-иморатларни бузиш ва эгаллаб олинган ер майдонларини қайтариш ҳақидаги ишлар мисолида, хусусан, биргина шу йилнинг январь ва февраль ойларида 830 та ана шу тоифадаги кўрилган ишларнинг 720 таси қаноатлантирилганида кўриш мумкин.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриб олган аксарият фуқаролар қонун талабини билмаганлигини важ қилиб, суддан қурган иморатини бузмасликни, аксинча қонунийлаштириб олишда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилаётган ҳолатлар кўплаб учрайди.

Ваҳоланки, амалдаги қонунчилик талабини билмаслик - қонунни бузган фуқарога бирон-бир имтиёз келтириб чиқармайди. Иморат қуришдан олдин албатта тегишли тартибда рухсат олиш, шу ер майдонида иморат қуриш ҳуқуқини қўлга киритиш лозим (Ер участкасини олиш, иморат барпо этиш тартиб-тамойиллари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Ер кодексида ўз аксини топган). Шуни, алоҳида қайд этиш лозимки, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдонида ноқонуний равишда қурилган иморатларга мулк ҳуқуқини белгилашга қонунчилик йўл қўймайди.

Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ҳосилдор ерларнинг талон тарож қилинишига айрим фермерлар, ёки айрим маҳаллий мутасаддилар сабаб бўлган ҳолатлар ҳам мавжуд бўлиб, бу амалдаги ер қонунчилиги талабини кўр-кўрона бузиш ва нафс балосига учрашдан иборат  ачинарли ҳолатдир.

Судга даъво ариза киритган ҳокимлик ёки прокуратурадан, қарор чиқарган суддан ҳам норози бўлиб, «адолатсизлик бўлди» деб,  турли йўллар билан жамоатчилик эътиборини жалб қилиш орқали ўзбошимча қурган иморатини сақлаб қолишга уринаётганлар ҳам бор. Айрим ҳолатларда оилавий аҳволини ҳисобга олган ҳолда жойдаги мутасаддилар томонидан бошқа жойдан уй ёки ер майдони таклиф этилаётган ҳолатларда ҳам улар томонидан рад этилаётгани  ўта номаъқул ҳаракатдир. Буни ўз манфаатини амалдаги қонунлар ва бошқалар манфаатидан устун қўйиш деб тушуниш мумкин. Ана шу фуқароларимиз тарозининг бир палласида ўзининг ноқонуний ҳаракати ва шахсий манфаати, тарозининг иккинчи палласида эса  бутун элнинг манфаати турганлигини тушунишлари лозим.

Шу ўринда, юртдошларимизга эслатиш жоизки, Асосий Қонунимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларнинг ўзбошимчалик билан эгалланиши – жамиятимиз аъзолари, ёшу-қари  барчанинг манфаатига зид – ноқонуний ҳаракат эканлигини;

барчамизнинг ризқи-насибамиз, шу ер орқасидан эканлигини;

шунингдек, экин экиб ҳосил олиш мумкин бўлган ерларда келажак авлоднинг ҳам ҳаққи борлигини;

уни авайлаб асрашга барчамиз бирдай бурчли эканлигимизни унутмаслигимиз лозим.

 

Холмўмин Ёдгоров,

 Олий суд раисининг ўринбосари.

 

ТАҲРИРИЯТДАН:

Бугун ноқонуний қурилган уйлар ва уларни бузиш масаласи атрофидаги баҳс-мунозаралар кучайгандан-кучайиб бормоқда, турли хил фикрлар, таклифлар билдирилмоқда.

Тўғри, мақолада айтилганидек, ер — авлодлардан-авлодларга қоладиган миллий бойлигимиз. Уни талон-тарож қилишга, қонун-қоидани бузишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Афсуски, ўтган йиллар давомида кўп қишлоқ жойларида рухсатсиз  иморат ёки молхона  қуриб олганлар бўлди. Ҳатто суғориладиган ёки фермерларга тегишли ерларда ҳам ўзбошимчалик билан уй-жойлар қурилди.

Хўш, бугунги муаммо ёки норозиликлар сабаби нимада?

Биринчидан, айримлар қонунни, жавобгарликни билиб-билмай иморатлар қурган. Лекин қонунни билмаслик мақолада айтилганидек, жавобгарликдан озод қилолмайди. Бироқ  бошқа савол кўндаланг бўлади: маҳалла фуқаролар йиғини, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳокимлик масъуллари нега томошабин бўлиб туришган? Ёки улар кабинетдан чиқмай ўтиришадими?

Иккинчидан, фермер хўжаликлари ерларида одамлар қандай қилиб уй-жой қуриб олишди? Фермер кўрмай қолганми, билмай қолганми? Уйлар бир кечада қурилмайдику.

Йўқ, фермерлар ерларни сотишган. Ўтган йили Қашқадарёда бир неча кишига ер сотган фермер тўғрисида мақола эълон қилган эдик. Жиноят иши қўғатилиб, фермер жавобгарликка тортилди, одамлардан олган пулларини қайтариб берди. Аммо одамлар фермер гапига ишониб, моддий зарар кўришди. Чунки қурилган уйлар  бузиб ташланди, пешона тери билан топган пуллари ҳавога совурилди.

Бу каби ҳолатларда уй-жойларга сарфланган харажатни ҳам фермер ҳисобидан қопланса, адолатли бўлмасмиди?

Шунингдек, ер ҳоким қарори билан берилган бўлса ёки ҳокимият вакилларидан кимдир «қураверинг, ҳужжатларини тўғирлаб берамиз, деб ваъда қилгани исботланса, одамларнинг бузилган уйи харажатларини ҳоким ёки унинг вакили ҳисобидан ундирилса, тўғри бўлади ва бундай ечим коррупциянинг олдини ҳам олган бўларди. Бу нафақат уй-жой, балки ҳар қандай қурилишга тегишли. Ҳоким, архитектор ва бошқа масъуллар хатоси учун одамлар жабрланмаслиги керак. Одамлар эса қонунни ҳурмат қилиши, белгиланган тартиб-қоидага амал қилишлари шарт, деб ўйлаймиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: