Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
24 25 26 27 28 29 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
04.02.2020

Холмўмин ЁДГОРОВ: «СУДЬЯ ЎЗ ХАЛҚИ ОЛДИДА ЖАВОБГАР ВА МАСЪУЛДИР»

Судьяларнинг вазифаси ва масъулияти, жамиятда адолатни қарор топтиришдаги ўрни, судья бўлиб ишлаш учун қандай талабларга жавоб бериш лозим, деган масала кишилик тараққиётининг барча даврида кенг жамоатчилик эътиборида бўлиб келган. Шунингдек, судьяларни танлашга ҳам ўта муҳим масала сифатида қаралган.

Жамиятда кимлар судья бўлиб ишлаши, уларнинг дунёқараши ва билим даражаси – жамият тинчлиги ва осойишталигига бевосита таъсир этувчи, қонун устуворлиги, адолатнинг таъминланишида ўта муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, судьялик – бу  улкан масъулият деганидир.

Президентимиз  Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда фаолият юритаётган судьялар билан учрашувда, “Судьянинг онгида – адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик бўлиши керак”, деган талабни бежиз қўймади.

Дарҳақиқат, судьянинг иш бўйича қабул қиладиган қарори одамлар, инсон тақдири билан боғлиқ бўлиб, тўғри ва адолат нуқтаи назаридан қабул қилинган қарор жамият тинчлиги, осойишталигини таъминлашга хизмат қилса, аксинча адолатдан чекинган ҳолда қабул қилинган қарор нафақат иши судда кўрилган тарафлар тақдирига, балки бутун жамиятга салбий таъсир этади. Одамларнинг судга ва алал оқибат мавжуд тузумга нисбатан ишончсизлиги ва норозилигини келтириб чиқаради.

Қайд этиш жоизки, кейинги йилларда жамиятда адолатни қарор топтириш, инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш борасида ­амалга оширилган ислоҳотлар, хусусан судлар мустақиллигини таъминлаш, суд ишларига ҳар қандай аралашувларга барҳам бериш борасида қабул қилинган қонун ва қарорлар бугун ўз самарасини бермоқда.

Буни бузилган ҳақ-ҳуқуқини тиклаш борасида судларга мурожаатлар кўпайганлигида ва уларнинг судлар томонидан қонуний ҳал этилаётганида кўриш мумкин.

Биргина 2019 йилда 188. 282  фуқаролик ишлари, 28.845  жиноят иши, 412.807  маъмурий иш ва 187.254  иқтисодий ишлар қонуний кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этганидек, 2019 йилда 858 нафар ноҳақ айбланган фуқаролар оқланди.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2.623  ҳолатда тергов органи томонидан қўйилган ортиқча айбловлар олиб ташланди, 3.081 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилиниб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган, 26.396 нафар жазо ўтаётган шахслар муддатидан олдин жазони ўташдан озод қилинди. 7.328  жиноят иши тарафлар ярашганлиги сабабли тугатилди.

Судлар биргина ишларни кўриш билан чекланиб қолмасдан, жамоат ташкилотлари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ҳамда маҳалла кенгашлари билан биргаликда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг ҳамда фуқаролар ўртасидаги турли фуқаролик низоларининг олдини олиш ­борасида ҳам кенг қамровли ишларни олиб бормоқда.

 Хусусан, Олий суд ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида “Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида”имзоланган Меморандум асосида жорий йилда никоҳдан ажратиш ишлари кўрилишида Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари иштироки тўлиқ таъминланди ва биргаликда олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида туман ва вилоят судлари томонидан эр-хотинлар яраштирилиб, 1 538 оила сақлаб қолинди:

– Олий суд ташаббуси билан суратга олинган “Фарзанд – омонат” ва “Ота” номли қисқа метражли фильмлар ҳамда аёллар жазони ижро этиш муассасасидан олинган видео лавҳалар фуқароларга намойиш этилди;

– жорий йилда Олий суд судьялари ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан жойларда ўтказилган ажрашиш арафасидаги ҳамда турли сабабларга кўра вояга етмаган фарзандларини меҳрибонлик уйларига жойлаштирган эр-хотинлар билан ўтказилган очиқ мулоқотлар натижасида 610 нафар фарзанди бўлган 511  оила яраштирилди;

– меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган ота-онаси бор 400 дан зиёд бола оилаларига қайтарилди;

– турли жиноят содир этган 2 минг нафар аёлга нисбатан жойлардаги хотин-қизлар қўмиталарининг кафиллиги асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди, шундан 156 нафари суд залидан қамоқдан озод қилинди;

– озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган (ахлоқ тузатиш иши, озодликдан чеклаш ва манзил колонияларида) жазо ўтаётган 2 158 нафар аёл муддатидан олдин шартли озод қилинди;

– узоқ муддатдан буён жазо ўтаётган 66 нафар аёлнинг иши қайта кўриб чиқилиб, тайинланган жазолар камайтирилиб, оиласи бағрига қайтарилди.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида “жамиятимизда коррупцияга қарши курашиш, жамиятимизнинг барча аъзоларини, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш” борасида фикр юритди. Шунингдек, “тинимсиз ўқиб-ўрганиш” тўғрисида, “чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак”лиги, “ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси қилиб тарбиялаш” масалаларига тўхталиб ўтди.

Мурожаатномада “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак... Ўзбекистонда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим”, деб таъкидланди.

Бу судьялар зиммасига улкан масъулият юклайди.

Табиийки, судья ўзига юкланган масъулиятли ва шарафли вазифани талаб даражасида амалга ошириши учун аввало у қандай инсон бўлиши керак, деган савол туғилади.

Судьянинг биргина қонунларни мукаммал билишининг ўзи етарли эмас, гап судьянинг ўз ички туйғу, маънавий дунёқарашидан келиб чиқиб, қонунларни қандай қўллашидадир.

Судья ҳам одам, бошқалардан фарқли жиҳати, одамлар тақдирини ҳал қилишдек ўта масъулиятли ваколат берилганидадир. Ҳар қандай судьялик вазифасига тайинланган шахс-судья, ана шу берилган ваколат масъулиятини тўла англамоғи лозим. Унинг ҳар қандай ҳаракати қонунга асосланган ва адолатли бўлиши шарт. Таниқли ҳуқуқшунос Убайдулло Минбоев айтганидек “Судьялик касб, лавозимгина бўлиб қолмай, аввало, инсонийлик”, “Одил судловнинг мақсади-инсонпарварликдир”, “Судьялик — қонун ва адолатни қарор топтириш ваколати” эканлигини судья қалбан ҳис этиши лозим.

Бу фикрлар  судья одил судловни амалга оширишда, қонунларни инсон манфаати юзасидан талқин этиши лозимлигини, яъни судья қабул қиладиган қарорлар энг аввало инсон манфаатларига хизмат қилиши лозимлигини билдиради.

Судьянинг фаолияти инсон тақдири билан боғлиқ экан, судья “ишни бугун бўлмаса эртага кўрарман, мен хато қилсам, юқори суд хатони тузатар, ишим кўп, хатоликка сабаб бор, баҳоли қудрат вазифамни бажаряпман-ку”, деб фикр юритишга, ўйлашга ҳаққи йўқ. Бу ўта масъулиятсизликдан, бошқалар тақдирига бефарқликдан далолат беради. Судья ўзи кўрадиган ишга ўта масъулият билан ёндошиши, ишни ҳар томонлама холис ўрганиши ва мушоҳада этиши, керак бўлса, ўзини судланувчи, жабрланувчи ёки даъвогар ва жавобгар ёинки ҳуқуқбузарлик содир этган ёки унинг жабрланувчисига айланган шахс ўрнига қўйиб кўриши лозим бўлиб, бу билан йўл қўйилиши мумкин бўлган хатолик ва адолатсизликнинг олди олинади.

Шунингдек, судья ўз билимини, соғлом фикр ва ақлий салоҳиятини ошириб бориш устида мунтазам ўқиб-изланиши шарт. Шунингдек, қонунларни мукаммал билиш билан бир вақтда уни тўғри қўллаш бўйича амалий кўникма-тажриба орттириб бориши лозим.

Дарҳақиқат, судьянинг ўзига юкланган жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, адолатни қарор топтиришдек улкан вазифани амалга ошириши — унинг маънавий дунёқарашига ҳам боғлиқдир.

Шунинг учун ҳам судья ўз маънавиятини бойитиш, яъни кундан-кун руҳан покланиш, маънавий юксалиш ҳамда виждон ва иродани тоблаш, иймон-эътиқодни бутлаш, бир сўз билан айтганда комилликка эришиш борасида ҳам ўз устида доимий ишлаши талаб этилади.

Мухтасар айтганда, судья ўз халқи олдида жавобгар ва масъулдир.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: