21.01.2020

ЭКСПОРТ-ИМПОРТ ОПЕРАЦИЯЛАРИ

амалиёти янада соддалаштирилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат божхона қўмитаси томонидан «Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш  ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор асосида жорий қилинган «Ягона дарча» божхона ахборот тизими ва ундан кутилаётган натижалар мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда бугунги кунда мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш, экспорт салоҳиятини кучайтириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

— Ушбу қарорга асосан 2020 йилнинг 1 февралидан экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштириш назарда тутилган бўлиб, амалда 2020 йилнинг 1 январидан эътиборан мазкур тизим — www.singlewindow.uz манзилида ишга туширилди, — дейди Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Бахтиёр Раҳимов. — Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига Божхона қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Ўздавкарантин» инспекцияси каби ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари мужассамлашган.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди. Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди. Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Хусусан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган «Бизнес юритиш — 2020» ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди.

Шу билан бирга, тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашувларда маълум бўлишича жойлардаги ижрочилар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан тўлиқ хабардор эмас. Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши сезиларли даражада ортда қолмоқда. Айрим лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштиришда ортиқча бюрократик тўсиқлар мавжуд.

Хусусан, фитосанитария, санитар-эпидемиологик, ветеринария, экологик назорат органлари ва сертифи­катлаш органлари фаолиятини ўрганиш натижалари уларнинг Ўзбекистон ­Республикаси Давлат чегараси орқали ўтувчи товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан назорат функцияларини амалга ошириш самарадорлиги ва тезкорлигини ошириш, шу жумладан идоралараро электрон ҳамкорликни жадал жорий қилиш орқали такомиллаштириш заруратини юзага келтирди. Шу мақсадда 2019 йил 23 апрелда  Президентимизнинг «Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан 2021 йил 1 январга қадар БМТнинг Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва электрон иш амалиётлари бўйича маркази томонидан ишлаб чиқилган «ягона дарча» механизмини яратиш бўйича тавсиялар ва йўл-йўриқ тамойиллари мезонларига жавоб берадиган «Ягона дарча» божхона ахборот тизимини жорий этиш белгиланганди.

Шу боис, ўтган қисқа муддат давомида мазкур йўналишдаги ишлар жадал суратларда олиб борилди-ки, 2019 йилнинг якунига келиб, мазкур ахборот тизими ишлаб чиқилди ва синов тарзида ишга туширилди.

Яъни, «Ягона дарча» божхона ахборот тизими ташқи иқтисодий фаолият субъектларига қуйидаги имкониятларни яратади:

импорт, экспорт ва транзитга тааллуқли барча тартибга солиш талабларини бажариш мақсадида стандартлаштирилган маълумотлар ва ҳужжатлар ягона ўтказиш каналидан фойдаланган ҳолда тақдим этилади;

ахборот алмашинувнинг махфийлиги ва хавфсизлигини таъминловчи норматив-ҳуқуқий база билан мустаҳкамлаган ҳолда, ташқи савдо битимларига доир барча ахборотларни алмашиш имконияти юзага келади;

давлат божхона хизмати, ваколатли органлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсат этувчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг босқичларини масофадан кузатиш мумкин бўлади;

барча учун очиқ бўлган электрон шаклдаги рухсат этувчи ҳужжатлар реестрларини юритишга тўлиқ ўтилади;

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлардаги эпизоотик, карантин ва фитосанитария ҳолатлари тўғрисидаги очиқ маълумотларни энг сўнгги кўрсаткичлар ҳолатида ушлаб турилади;

дастлабки маълумотлар асосида товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига амалда етиб келишига қадар рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни бериш йўлга қўйилди.

Содда қилиб айтганда, «Ягона дарча» божхона ахборот тизимини энди тадбиркорларимиз ўз идораларидан  чиқмасдан туриб, интернетдаги www.singlewindow.uz манзилида жойлашган «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун ариза юборишса, бўлди. Аризага жавобан берилган ҳужжатлар ва сертификатлар мазкур портал орқали бир вақтнинг ўзида ҳам тадбиркорга, ҳам божхона органларига божхона расмийлаштируви учун тақдим этилади.

Шунингдек, тадбиркорлар портал орқали рухсатнома ва сертификатларнинг ҳақиқийлигини текшириш, ҳужжатларнинг шакллари, божхона тарифлари ва режимлари, экспорт ва импорт кўрсаткичларига доир фойдали маълумотларни ҳам олишлари мумкин.

Порталдаги хавфларни таҳлил қилиш тизими эса тадбиркорларга товарлар импорти ва экспортига доир фаолиятини тўғри режалаштиришга имкон беради. «Ягона дарча» божхона ахборот тизими билан эндиликда божхона тартиботлари янада енгил, шаффоф ва тезкор амалга ошади.

Энг муҳими, буларнинг бари мамлакатимизда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кенг эркинлик бериш борасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш ҳамда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг жойларда тўғри татбиқ этилишини таъминлашга хизмат қилади. Ҳозирда 4,7 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари «Ягона дарча» божхона ахборот тизимидан фойдаланмоқда.

Шунингдек, анжуман сўнггида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам атрофлича жавоб олишди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: