Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
10.12.2019

ТУМАН МИҚЁСИДА ҚАНДАЙ ЖАВОБ ТАЙЁРЛАНГАН БЎЛСА,

юқори турувчи органлар томонидан ҳам бир хил жавоб бериш ҳолатларига изоҳ берилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ички ишлар вазирлиги томонидан «Ички ишлар органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш фаолияти тўғрисида» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда вазирликнинг Ташкилий департаменти мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирок этди.

– Жорий йилнинг 10 ойи давомида вазирлик таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали жами 79 минг 775 мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 76 фоизи қаноатлантирилди, яъни 19 минг 21 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланишига эришилди, — дейди Ички ишлар вазирлиги Ташкилий департаментининг мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Озодбек Жўрабоев. — Аҳолининг мавжуд долзарб муаммоларини ўрганиш мақсадида мамлакатимизнинг энг олис, чекка, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси паст бўлган, тоғли ҳамда чегара ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктларида вазирлик раҳбарияти томонидан сайёр қабуллар ўтказилди. Мазкур тадбирларда фуқаролардан 7 минг 296 та мурожаат қабул қилинган. Уларнинг 38,2 фоизи ижобий ҳал этилган бўлиб, 17,5 фоизи қонуний ҳал этиш чораларини кўриш учун тегишли вазирлик ва идораларга юборилган.

Шунингдек, ушбу тадбирда журналистларнинг қуйидаги саволларига ҳам батафсил жавоблар олинди.

— Жорий йилнинг 10 ойи давомида мурожаатларнинг 76 фоизи қаноатлантирилган, деб айтдингиз, ушбу мурожаатларда қандай муаммоли масалалар кўтарилган?

— Мазкур мурожаатлар асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш, суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатлари ҳамда ички ишлар органларига хизматга қабул қилиниши тартибига доир. Масалан, фуқароликни қабул қилиш борасидаги мурожаатлар юзасидан фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш бўйича ҳужжатлари расмийлаштирилиб, тегишли идораларга юбориш тартибида ҳал этилади, фуқаролик паспортлари расмийлаштирилади. Шунингдек, суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатлари масалаларига доир мурожаатлар бўйича тергов ҳаракатлари қайта тикланиб, процессуал қарорлар қабул қилинади.

— Мурожаатлар бўйича туман миқёсида қандай жавоб тайёрланган бўлса, юқори турувчи органлар томонидан ҳам бир хил жавоб бериш ҳолатлари кузатилмоқда. Ушбу бир хилликдан қочиш ва фуқаронинг мурожаати бўйича уларни тўлиқ қаноатлантириш борасида қандай ишлар қилиняпти?

— Вазирлик тизимида фақат бевосита туман, шаҳарларда ҳал этилиши лозим бўлган мурожаатларгина кўриб чиқиш учун қуйи тизимга юборилиши мумкин. Тартибга кўра, юқори турувчи ички ишлар органлари томонидан мавжуд ҳужжатлар билан биргаликда ариза муаллифи иштирокида эътибор қаратилган масала ўрганилиб, фуқарога ҳудудий ички ишлар органлари томонидан қабул қилинган қарорнинг мазмун-моҳияти амалдаги қонун ҳужжатларидан ҳаволалар келтирилган ҳолда тушунтирилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

— Туман даражасида ҳал қилинмаган мурожаатлар бўйича вазирлик марказий аппаратига такроран мурожаат қилиш ҳолатлари кузатиладими?

— Ҳақиқатан ҳам, туман даражасида ҳал қилинмаган мурожаатлар бўйича вазирлик марказий аппаратига такрорий мурожаатлар келиб тушиши кузатилмоқда. Мазкур ҳолатларда такрорий мурожаатлар вазирлик марказий аппарати ходимлари томонидан ҳам кўриб чиқилиши йўлга қўйилган. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вазирлик таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига келиб тушган мурожаатларнинг 14 фоизи айнан вазирлик таркибий бўлинмалари томонидан кўриб чиқилиши таъминланган.

— Ноҳақ ишдан бўшатилган ёки бошқа сабабларга кўра собиқ ички ишлар органлари ходимлари мурожаат қилганда қандай йўл тутилади? Айбсиз вазифасидан четлатилганлар хизматга тикланиши мумкинми?

— Собиқ ички ишлар органлари сафида хизмат қилган ходимларнинг ички ишлар органлари хизматига қайта тиклаш масаласидаги мурожаатларини ўрганиш тартиби мавжуд. Уларни хизматдан бўшатилишига сабаб бўлган ҳолатлар батафсил ўрганиб борилиши амалиёти йўлга қўйилган. Шу билан бирга, ҳозиргача турли сабаблар билан асоссиз жавобгарликка тортилган, деб топилиб, улар бўйича оқлов ҳукмлари чиқарилган ва ҳозирги вақтда ички ишлар органлари олдига қўйилган вазифаларни бажара олиши мумкин деб ҳисобланган собиқ ходимларнинг 200 нафарга яқини ички ишлар органлари хизматига қайта тикланди.

— «Ашаддий мурожаатчилар»га қандай муносабатда бўлинади? Улар тоифага ажратилганми ва ушбу турдаги мурожаатчиларнинг мурожаатлари қандай тартибда ҳал этилади?

— Ички ишлар органларида фуқаролар мурожаатларининг кўриб чиқилишида мурожаат этган фуқаролар ҳеч қандай тоифага ажратилмайди, уларнинг барча мурожаатлари кўриб чиқилиши таъминланади. Чунки, ҳар бир такрорий мурожаатда янги важлар келтирилган бўлиши мумкин. Шу боис барча турдаги мурожаатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, қонуний ҳал қилинади.

— Ички ишлар органлари ходимлари томонидан вояга етмаган шахсларни сўроқ қилинишига йўл қўйиладими?

— Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ, ички ишлар органларининг терговчи ва суриштирувчиларига жиноят ишини юритиш давомида вояга етмаганларни процесс иштирокчиси сифатида сўроқ қилиш ваколати берилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 121-моддасига асосан, ўн олти ёшгача бўлган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилиш қонуний вакили ёки катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ёки жабрланувчининг вакили иштирокида уларнинг розилиги билан ўтказилади. Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 554-моддасига мувофиқ, вояга етмаган айбланувчини сўроқ қилишда суриштирувчи ёки терговчининг ихтиёрига кўра, педагог ёки психолог ҳам иштирок этиши мумкин. Бундан ташқари, вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишни юритишда қонуний вакилнинг қатнашиши шартлиги белгиланган.

— Тергов ҳаракатлари жараёнида камчиликларга йўл қўйилгани аниқланса, ходимларга нисбатан қандай процессуал ҳаракатлар амалга оширилади?

— Ички ишлар органлари ходимлари томонидан хизмат вазифасини лозим даражада бажарилмаганлиги ҳолатлари тергов давомида аниқланган тақдирда, ушбу юзасидан тегишли хизмат текширувлари ўтказилиб, ҳар бир ходимнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилиши таъминланади.

Шунингдек, матбуот анжумани давомида яна қатор саволларга жавоб олинди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: