Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
03.12.2019

АСОСИЙ ҚОМУС ВА ЮКСАК ЭЪТИБОР ҲИМОЯСИДА

Мамлакатнинг  адолат  мезони, обрў-эътиборини белгилайдиган,  давлат ва миллат қиёфасини дунёга танитадиган ҳам Асосий қомусимиз саналади. Конституцияга халқ тафаккури ва ижод маҳсули, дея таъриф берилган. Унда  белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан юртимизда истиқомат қиладиган барча халқлар тенг фойдаланиб келмоқда. Зеро, ҳурмат, меҳр-эътибор, эъзоз топган, ардоқланган инсон узоқ умр кўриши табиийдир.

Асосий қомусимизда келажагимиз таянчи ва ишончи бўлган ёш авлод, хусусан, болалар ҳуқуқ ва эркинликларига алоҳида эътибор қаратилган.  Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бола ҳуқуқлари конвенцияси қабул қилинган санага  30 йил тўлди.  Мазкур конвенция  республикамизда 1992 йилда ҳам ратификация қилинган. 

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик ҳужжатларида болаларни, жумладан,  ногирон, етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимининг самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда.  Жумладан, Республикамиз Президентининг 2019 йил 23 августда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Қарори ҳам  бу борадаги муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Шуниси қувонарлики, болалар ҳуқуқ ва эркинликлари, саломатлигини муҳофаза қилиш, она ва бола соғлигини сақлашда давлат органлари билан бирга нодавлат ташкилотларининг роли ва амалий иштирокига катта эътибор қаратилган.

Болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги олий мақсад йўлида ҳукуматимизнинг  юқори органлари, вазирликлар, ташкилотлар билан бирга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам  фаол иширок этиб келмоқда. Фонд  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий  ривожланиш”га оид Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида кўплаб хорижий  ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келади.

Жумладан, Фонд томонидан 2019 йилда  Ҳаракатлар стратегиясининг тўрт йўналиши бўйича, яъни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Келинг,  амалий мисолларни келтириб ўтайлик. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва Германиянинг  “Peace Village Iternational” халқаро ташкилоти ўртасида уч томонлама шартнома тузилган. Мазкур шартнома доирасида ҳар йили икки марта 12 ёшгача бўлган ўнлаб бемор болалар Германиядаги нуфузли клиникаларда бепул даволаниб келмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оила фарзандларига кўрсатилаётган ёрдам туфайли кўплаб болалар соғлом ҳаётга қайтмоқда.

2002-2019 йиллар давомида ўзбекистонлик 390 нафар бемор бола  тананинг куйиш асоратлари, туғма ошқозон-ичак, сийдик ва нафас йўллари ҳамда таянч-ҳаракат тизими туғма ва орттирилган нуқсонлар ҳамда бошқа ташхислар бўйича Германиянинг нуфузли клиникаларида  даволаниб қайтди.

2019 йилда жами 26 нафар  бола Германия клиникаларига даволанишга юборилди.  Шу даврда илгари даволанишга юборилган 16 нафар бемор бола ота-оналари бағрига қайтиб келди. Бугунги кунда 19 нафар бола даволанишни давом эттирмоқда.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 декабрдаги “2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат Дастури тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш бўйича “Соғлом авлод учун”  фонди томонидан кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Мазкур Дастур доирасида 2017−2019 йилларда 600 нафардан ортиқ юрак туғма нуқсони билан оғриган бемор болаларда бепул операциялар муваффақиятли  амалга оширилди.

Жумладан, жорий йилда юрак туғма нуқсони бўлган болалар республикамиз клиникалари, жумладан, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам операция қилинди.

Шунингдек, “Эзгу ният” кўп тармоқли тиббиёт марказида 15 нафар, Жанубий Корея клиникаларида 12 нафар, Ҳиндистон Республикасида 5 нафар, “Эра мед” МЧЖ хусусий клиникасида юрак туғма нуқсони бўлган беморлар  республикамиз клиникаларида Германиянинг “Peace Village Iternational” халқаро ташкилоти грант маблағлари доирасида ва 32 нафар бемор болалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ижтимоий буюртмаси грант маблағлари доирасида операция қилиниб, соғломлаштирилди.  Бугунги кунда фонд кўмаги билан 215 нафар юрак туғма нуқсони билан бемор болалар операция орқали соғломлаштирилди ва ушбу жараён давом эттирилмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Германиянинг “Peace Village Iternational” халқаро ташкилоти ҳамкорлиги доирасида  ажратилган грант маблағлари ҳисобига республикамиз клиникаларида (Тошкент стоматология институти клиникаси, Андижон, Фарғона, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳамда Андижон травматология касалхонаси) лаб-танглай туғма нуқсони, ортопедик оёқ нуқсони ва куйишдан кейинги контрактура ташхиси қўйилган 180 нафар бола муваффақиятли операция қилинди.

Халқаро кўламда хорижлик хамкорлар билан амалга оширилаётган бундай эзгу ишларга кўплаб мисолларни  келтириш мумкин. Энг асосий масала уларнинг сонида эмас, қанчадан-қанча бемор болаларга  кўрсатилаётган беғараз тиббий ёрдамда, кўрсатилаётган юксак инсоний фазилатдадир. Зеро, умуминсоний қадриятлар бутун башариятни улуғлайди, юксалтиради. Айниқса, соғлиги тикланган болаларнинг кўзларидаги қувонч, уларнинг ота-оналари қалбидаги хурсандчиликни илғаб кўнглингиз тоғдек юксалади. Ана шундай улуғ ва эзгу йўлга меҳрини бераётган, умрини бахшида этган инсонларга таъзим бажо айлайсиз.

Аҳолини соғломлаштиришда малакали шифокорлар асосий ўрин тутади. Айни пайтда сифатли тиббий хизмат кўрсатишда моддий-техник базанинг етарли бўлиши, тиббий асбоб-ускуна, дори-дармон учун моддий таъминотнинг таъминланиши ҳам биринчи галдаги омил саналади. Шунга қарамай нодавлат ташкилотларнинг ёш авлод вакилларининг соғлигини асраб-авайлаш, муҳтож болаларни беғараз, бепул операцияларини ташкил қилиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлари баралла овозда айтиш лозим бўлган воқеалардир.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонднинг инсонпарварлик мақсади, аввало, ҳукуматимиз, халқимиз томонидан доим қўллаб-қувватланиб келинаётир. Дунёдаги барча халқлар миллати, ёши, эътиқодидан қатъи назар, ўз бахтини, аввало, оиласи, яқинларининг тинчлиги, саломатлиги, хавфсизлиги билан боғлайди. Оиланинг мустаҳкамлиги, барқарорлиги эса жамият, давлатнинг тараққиётини белгилайди. Шу боис Конституциямизда, у асосида қабул қилинган бошқа қонун ва қонуности ҳужжатларида ҳам оила, инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатлари олий қадрият сифатида эътироф этилади.

Халқаро “Эл Виста” тадқиқотлар маркази таҳлили натижаларига кўра, Ўзбекистон дунёда узоқ умр кўрувчилар сони бўйича Япония, Хитой, АҚШ, Буюк Британия ва Италиядан сўнг 6-ўринни эгаллагани бежиз эмас. Зеро,  Асосий Қонунимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, аввало болалар ҳуқуқ ва эркинликларининг мустаҳкамлаб қўйилиши  ва амалдаги ижроси намоён бўлаётгани фикримизнинг тасдиғидир.

Шу маънода  халқимизнинг олий мақсади, иродасини ўзида мужассам этган Конституциямиз билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди. Чунки айнан Асосий қомусимиз, Республикамиз фуқароларининг, жумладан, ёш авлод  ҳуқуқлари, эркинлигини тўлиқ рўёбга чиқаришга, уларни ижтимоий ҳимоялашни тўлиқ амалга оширишга мустаҳкам замин яратди.

Ота-онаси ҳимояси ва ғамхўрлигида бўлган болалар ҳеч қачон чўчимайди. Чунки улар ишончли қўлларда эканини ич-ичидан ҳис этади ва ўз навбатида юртига, ота-онасига муносиб фарзанд бўлиб вояга етишга интилади. Юрт фарзандларига  бўлган бундай эъзоз ва эътибор натижаси уларнинг ёрқин келажагида намоён бўлиши шубҳасиз.

 

Светлана  ИНАМОВА,

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия

фонди бошқаруви раиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: