30.07.2019

Қонунчиликдаги янгиликларга бағишланди

Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Лойиҳага кўра, давлат нотариал идораларини босқичма-босқич нотариатнинг нодавлат шаклига ўтказиш назарда тутилган. Шунингдек, барча нотариал идораларининг мажбурий аъзолигига асосан Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси ташкил этилади.

Мазкур ҳужжатга биноан айрим турдаги битимларни мажбурий нотариал тасдиқлаш тартибини  бекор қилиш ҳамда янги турдаги нотариал ҳаракатларни жорий этиш белгиланган.

Уй-жойни бошқа шахсга ўтказиш, мол-мулкларни ижарага (арендага), текин фойдаланишга беришда айрим талабларни бекор қилган ҳолда ушбу битимларни расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш кўзда тутилган.

Масофадан туриб, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали нотариал ҳаракатларни амалга ошириш механизмини жорий этиш ҳам лойиҳада ўз ифодасини топган.

Фуқароларни нотариус касбий мажбуриятларини бузиши натижасида етказиладиган зарардан муҳофаза қилиш мақсадида нодавлат нотариал идоралар нотариусларининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш, нотариусга электрон мурожаат қилиш механизмини такомиллаштириш орқали текзор нотариал хизматлар кўрсатиш ва бошқалар назарда тутилган.

Нотариатнинг фаол нодавлат шаклига ўтиши натижасида нотариуснинг моддий манфаатдорлигининг ошиши аҳолига тезкор ва сифатли нотариал хизмат кўрсатишини таъминлайди, низоларнинг олдини олувчи институт сифатида янада ривожланишига хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси барча нодавлат нотариал идоралари нотариусларини бирлаштирувчи, улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ягона ташкилот бўлади.

Бундан ташқари, матбуот анжумани давомида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган яна бир ҳужжат лойиҳаси — Ўзбекистон Республикаси «Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ҳақида ҳам  маълумот берилди.

Қонун лойиҳасига асосан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини бошқариш, мувофиқлаштириш ва тартибга солиш бўйича ягона тизим жорий этилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноий суд ишини юритиш билан бирга маъмурий ва фуқаролик ишларида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш ҳам белгиланаяпти. Бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган шахслар тоифалари ҳамда бундай ёрдамни кўрсатиш шартлари, давлат ҳисобидан жалб қилинган адвокатларнинг фаолияти натижадорлиги ва сифатини баҳолашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, лойиҳада давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатишни бошқариш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Адлия вазирлиги ҳузурида ташкил этиладиган Бепул юридик ёрдам марказига юклатилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига ҳуқуқий маслаҳат ва ҳуқуқий ахборот шаклида бирламчи бепул юридик ёрдам, адвокатлар томонидан фуқаролик, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича малакали юридик ёрдам кўрсатишнинг шаффоф механизмини яратиш белгиланмоқда. Лойиҳанинг қабул қилиниши амалиётда давлат ҳисобидан жалб этиладиган адвокатлар билан боғлиқ муаммоларни тўлиқ бартараф этишга ҳамда тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида фуқароларнинг юридик ёрдамга бўлган конституциявий ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.

Тадбирда журналистлар ушбу қонун ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: