02.07.2019

3 ҲУЖЖАТГА ҚОНУНИЙ БАҲО БЕРИШ КЕРАК

ёки жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанциясининг бир ажрими ҳақида баъзи мулоҳазалар

«Ўзбекистон овози» газетасининг 2018 йил 12 июнь сонида «Айблов хулосаси бор, далил-ашё-чи? ҳужжатларнинг «гапиришича», жиноят иши асоссиз қўзғатилган» сарлавҳали мақола чоп этилган эди.

Унда Янгийўл тумани ИИБ ҲООБ озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини назорат қилиш бўлинмаси бошлиғи, майор Шарифжон Каримовга қўйилган айблов хусусида мулоҳазалар билдирилганди. 2013 йил 14 ноябрда Янгийўл туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 208-моддаси билан унга нисбатан жиноят иш қўзғатилган бўлиб, ЖКнинг 208-моддасига кўра, Шарифжон Каримов ҳокимият ҳаракатсизлиги, яъни мансабдор шахснинг ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши шарт ва мумкин бўлган ҳаракатларни қасддан бажармасликда айбланган.

2014 йил 30 январда ЖИБ Янгийўл туман суди судьяси Р.Лутфуллаев Шарифжон Каримовга оид жиноят ишини амнистия тўғрисидаги қарорга асосан тугатган.

2017 йил 12 декабрда ЖИБ Тошкент вилоят суди кассация инстанцияси (раислик қилувчи С.Аширматов, ҳайъат судьялари М.Ходжаева ва Х.Шермуҳамедов) қуйи суд ажримини ўзгаришсиз қолдирган.

Шарифжон Каримов ўзининг айбсиз эканлиги хусусида кўп жойларга мурожаат қилди. Поймол этилган ҳуқуқини тиклашларини сўраб, шикоятлар ёзди, даста-даста ҳужжатларни тақдим қилди. 2019 йил 19 мартда Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати: раислик қилувчи Ш.Ражабов, судьялар Ҳ.Бердикличев ва Н.Ражабов Шарифжон Каримов шикоятини ҳар томонлама, холис ва адолатли кўриб чиқди ва ЖИБ Тошкент вилоят суди кассация инстанциясининг 2017 йил 12 декабрдаги ажримини бекор қилди.

Судлов ҳайъати ажримида қайд этилгандек, Олий суд Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги қарори 21-бандида ҳимоячининг иштироки шарт бўлган иш ҳимоячининг иштирокисиз тергов қилинган ёки судда кўрилган бўлса, бу ҳолат судланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид жиноят-процессуал қонун нормаларининг жиддий бузилиши, деб баҳоланиши ва бундай ҳолатнинг аниқланиши суд қарорининг бекор қилинишига асос бўлиши хусусида тушунтириш берилган.

Шунингдек, биринчи инстанция суди томонидан қонун талаблари ҳамда Пленум қарорлари тушунтиришларига риоя қилинмаган. Бундай ҳолатда иш бўйича чиқарилган кассация инстанцияси судининг ажримини қонуний ва асосли деб бўлмайди.

Олий суд судлов ҳайъати Шарифжон Каримов ёки бошқа шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлиги ҳақидаги қарорнинг мавжуд эмаслигига ҳам эътибор қаратган.

Шарифжон Каримов 2013 йил 1 ноябрда раҳбарият имзоси билан тасдиқланган хат билан судга мурожаат қилган. Жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман суди 2013 йил 6 ноябрда ушбу хатга асосан 6 нафар маҳкумга нисбатан қидирув эълон қилади, улар ушлангандан сўнг ИИВ ЖИЭББ 1-сонли Тергов ҳибсхонасига жойлаштириш ҳақида ажрим чиқаради. Олий суд судлов ҳайъатининг ажримига кўра, бундай ҳолатда Шарифжон Каримовга нисбатан юритилган жиноят ишини амнистия актига мувофиқ тугатиш тўғрисидаги илтимоснома прокурорнинг розилиги билан судга юборилмаслиги керак. Чунки Шарифжон Каримов суднинг ажрими чиқарилмасдан туриб, 6 нафар маҳкум жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётганлиги сабабли уларнинг жазосини шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштириш чораларини кўрган ва бу ҳақда суднинг ажрими бор.

Олий суд судлов ҳайъати ана шуларга асосан Шарифжон Каримовга нисбатан чиқарилган ЖИБ Тошкент вилоят суди кассация инстанциясининг 2017 йил 12 декабрдаги ажримини бекор қилди ва жиноят ишини янгидан кассация инстанцияси судида кўриш учун юборди.

 2019 йил 23 апрелда ЖИБ Тошкент вилояти суди кассация инстанцияси: раислик қилувчи Ю.Ильхамов, ҳайъат судьялари Р.Мадумаров ва Б.Розиқов Олий суд судлов ҳайъатининг ажрими бўйича Шарифжон Каримов ишини қайтадан кўриб чиқди ва ЖИБ Янгийўл туман судининг 2014 йил 30 январдаги ажримини бекор қилди.

Қизиқ томони, судга раислик қилган Ю.Ильхамов Шарифжон Каримовга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари юритиш учун «иш»ни Тошкент вилоят прокурори орқали тегишли тергов органига юбориш ҳақида ажрим чиқарди!?

ЖИБ Янгийўл туман судининг 2013 йил 6 ноябрда 6 нафар маҳкумга нисбатан қидирув тўғрисидаги ажрими бўлса-да Янгийўл тумани собиқ прокурори З.Йўлдошев томонидан 2013 йил 14 ноябрда Шарифжон Каримовга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлигини асосли, деб бўладими?

Терговчи Б.Каримов эса ЖПК 22-моддаси талабларига зид равишда тергов ҳаракатларини олиб борганлигини қандай тушуниш мумкин?

– Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 23 апрелдаги Шарифжон Каримов «иши»ни дастлабки тергов ҳаракатлари юритиш учун прокуратурага юборганлиги мутлақо тушунарсиз ҳамда мантиқсиздир, —дейди «Мухтор Шапсанов» адвокатлик фирмаси адвокати Зокир Шапсанов. — Сабаби, Шарифжон Каримовга нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорнинг ўзи йўқ. Шундай бўлса-да, тергов ҳаракатлари ноқонуний ва асоссиз олиб борилган. Олий суд судлов ҳайъати ажримида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб, қонуний тўхтамга келиш ўрнига ЖИБ Тошкент вилоят суди кассация инстанцияси масъулиятни ўзидан соқит қилди. Сизга айтсам, учта ҳужжатга баҳо бериш учун ҳуқуқшунос бўлиш шарт эмас. Нега суд 2013 йил 1 ноябрь, 6 ноябрь ва 14 ноябрь саналарига эътибор бермаяпти? Яна бир гап. Шарифжон Каримов «иши» бўйича гувоҳ ҳам, эксперт ҳам керак эмас. Шарифжон Каримов 2013 йил 1 ноябрда хат тайёрлаб, судга мурожаат қилган. Суд эса 6 ноябрда 6 нафар маҳкумга қидирув эълон қилиш ҳамда ушланганларидан сўнг шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ажрим чиқарган. Янгийўл туман прокуратураси ана шу ҳужжатлардан кўз юмиб, 2013 йил 14 ноябрда Шарифжон Каримовга нисбатан жиноят иши қўзғатган. Атиги 3 та ҳужжатга қонуний баҳо бериш ЖИБ Тошкент вилоят судига оғирлик қиляптими?..

 

Равшан ШОДИЕВ,

 «Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: