28.05.2019

ЎЛИМ, ТЕРГОВ ВА ГУМОН

Ёки уч йилдан бери қайта-қайта очилиб-ёпилаётган жиноят иши ҳақида

Тўғрисини айтиш керак, таҳририятимизга келган бу мурожаат ҳақида мақола тайёрлаш-тайёрламаслик ҳақида анча баҳслашдик. Мурожаатчилар муаммоли ҳолат ҳақида кўплаб республика ташкилотларига қайта-қайта шикоят хати ёзишган. Биридан бўлмаса, биридан ёрдам кутиб, умид қилиб келишяпти. Сўнгги икки ой ичида улар таҳририятимиздан бир неча марта ёрдам сўрашди. Биз масалани имкон қадар ўрганишга ҳаракат қилдик.

Бу мудҳиш воқеа Самарқанд вилояти Пахтачи туманида уч йил аввал, 2016 йил январь ойида рўй берган. Зиёвуддин қўрғони маҳалласи, М.Улуғбек кўчаси, 90-уйда яшаган Азиза Жўраева (ҳужжатда Джураева, 1974 йил туғилган) 6 январь куни уйига қайтиб келмайди. Қариндош-уруғлари, яқинлари қидириб тополмагач, 9 январь куни Л.Жўраев (ҳужжатда Джураев) туман прокуратурасига синглиси йўқолганини маълум қилиб, уни топишда ёрдам сўрайди.

11 январь куни кечаси Пахтачи тумани билан Хатирчи тумани (Навоий вилояти) ҳудудларини туташтирувчи кўприк остидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси бўйидан А.Жўраеванинг жонсиз танаси топилади.

Суд тиббий экспертизасининг 2016 йил февраль ойидаги хулосасида марҳума А.Жўраеванинг ўлими токсик энцефалопатия, токсик кардиомиопатия, жигарнинг ёғли гепатози ва стеатози, қандли диабет асосида ривожланган организмнинг совуқ қотишидан келиб чиққанлиги, ўлим тўрт-беш кун олдин бўлганлиги, марҳуманинг танасида ҳаётлигида қаттиқ тўмтоқ жисм билан етказилган тан жароҳати мавжудлиги кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан (қарийб 5 ойдан сўнг) май ойида Пахтачи туман ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисми (ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган, ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган ёки хавфли аҳволга солиб қўйилган шахсга ёрдам кўрсатмаслик ўлимга сабаб бўлган ҳолат) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ўша йили 30 июль куни Жиноят процессуал кодексининг 364-моддаси 1-қисми 1-бандига мувофиқ, (яъни, иш бўйича айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши лозим бўлган шахс аниқланмади, деган асос билан) мазкур жиноят ишини ҳаракатдан тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Тушуниб турганингиздек, тергов жараёнида марҳума А.Жўраеванинг ўлимида айбланиши мумкин бўлган кимсалар аниқланмаган ва иш ёпилган.

— Уч йилдан бери мана шундай қарорлардан норозилигимизни билдириб келамиз, — дейди марҳуманинг акаси Л.Жўраев. — Синглинг аллақандай кўприкнинг тагида ўлик ҳолда топилса, дунё қоронғу бўлиб кетаркан. Бунинг устига «қасддан одам ўлдириш аломати бор, жиноят иши очинглар», деб идорама-идора тинимсиз югурганингдан кейин «ўзи шундай бўлган, бу ишда шубҳаланадиган шахслар йўқ», дегандай қарор чиқариб беришса, бир дардинг минг бўларкан, тутган мотаминг аламга айланаркан...

Синглим бедарак йўқолган куни оилавий жамғармамиздан қарзга берилган катта миқдордаги пулни қайтариб олиши керак бўлган. Мен ўша куни синглим билан бир-неча марта телефон орқали гаплашганман. У қарзни қайтариши керак бўлган кишилар ёлғон ишлатаётгани, гаплашишдан қочаётгани, қўл телефонини ўчириб қўяётганини айтганди. Кейин кечаси синглимнинг телефони ўчиб қолди. Бу гапларимнинг исботи бор.

Бизга алам қилгани шуки, синглим бедарак йўқолган куни қўл телефони орқали кимлар билан гаплашгани, қисқа хабарлар (смс) ёзишганига тергов жараёнида эътибор берилмади. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам бизнинг тинимсиз қистовимиз билан бир йилдан кейин олинди...

Марҳуманинг яқинлари жиноят иши ҳақидаги қарорлардан норози бўлиб, бир қатор республика ташкилотларига арз қилади. Қанча чопа-чоп, ёза-ёзлардан кейин тергов натижалари тўғрисидаги қарор бекор қилиниб, иш 2017 йил май ойида Навоий вилоят ИИБ Тергов бўлимига ўтказилади. Лекин яна (ЖПК) 364-модданинг 1-қисми 1-банди билан, яъни тергов жараёнида марҳуманинг ўлимида айбланиши мумкин бўлган кимсалар аниқланмагани сабабли жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилади.

— Жигаримизнинг хотираси олдидаги бурчимиз, оиламизнинг эл ичидаги номуси ўртада турибди, — дейди марҳуманинг тоғаси Бўри Отаёров. — Жияним билан бирга уч йилдан бери ҳаловатимизни ҳам йўқотдик. Номус, ғурур ҳақидаги ўй одамга тинчлик бермаскан. Шунинг учун ҳар йили Тошкентга камида ўн марта келамиз. Олий Мажлисга, Президент Халқ қабулхонасига, Бош прокуратурага, Ички ишлар вазирлигига ва бошқа кўплаб республика ташкилотларига шикоят хати ташлаб кетамиз. Ҳамма ёрдам беришини айтади. Лекин ҳар сафар орқамиздан бир хил ёки бир-бирига жуда яқин жавоблар боради. Ишонасизми, айрим ташкилотлардан қандай мазмунда жавоб боришини олдиндан биламиз. Шикоят хатларимизга юборилган деярли ҳамма жавоб хатлари «шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканлигингизни маълум қиламан», деган жумла билан якунланади. Бир хил мазмундаги хатлар одамни зада қилиб юбораркан.

Жиноят иши қайта-қайта бир хил модда билан ёпилавергач, тергов ҳаракатларидан натижа чиқмагач, ўтган йили сентябрь ойида Бош прокурор биринчи ўринбосари Э.А.Таджиевнинг қабулида бўлиб, вазиятни тушунтирдик. 13-сентябрь куни марҳуманинг ўлими билан боғлиқ жиноят ишини ўтказиш ҳақида Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари, адлия катта маслаҳатчисининг қарори чиқди. Унда Навоий вилоят ИИБ Тергов бўлимининг жиноят ишини ҳаракатдан тўхтатиш юзасидан чиқарилган қарорлари бекор қилингани қайд этилган.

Мазкур қарорда қуйидагича хулосага келинган:

«Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 345-моддаси талабларига кўра, терговнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона олиб борилишини таъминлаш мақсадида, терговнинг натижаларига ва иш бўйича қонуний қарор қабул қилинишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган тарзда қонун талаблари бузилганлигини, узоқ муддатдан буён қонуний тўхтамга келинмаганлигини, А.Джураеванинг ўлимида гумон қилинаётган Ш.Х... муқаддам ички ишлар органларида ишлаганлигини, ҳозирда ҳам уни қариндошлари ички ишлар органларида ишлаётганлигини инобатга олиб, терговга тегишлилик қоидаларидан қатьи назар, қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказишни Навоий вилоят прокуратурасига топшириш мақсадга мувофиқ бўлади».

Мазкур қарор ўша куннинг ўзида Бош прокуратуранинг Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи, адлия катта маслаҳатчиси Б.Б.Тоштемиров имзоси билан Навоий вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари, адлия маслаҳатчиси Т.Қ.Нурметовга, нусхаси Прокуратура органлари тергов тармоқлари фаолияти устидан назорат бошқармаси бошлиғи, адлия маслаҳатчиси А.Х.Имомназаровга жўнатилган...

Бунга ҳам яқинда саккиз ой бўларкан. Мурожаатчилар тергов ҳаракатлари аста-секин сусайиб, вақт ўтиши билан яна ёпилиб кетиши мумкин, деб хавотирланмоқда.

Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими билан боғланиб, жиноят иши бўйича тергов ҳолати тўғрисида маълумот олишда ёрдам сўрадик.

Жавоб топишимиз лозим бўлган савол аниқ эди. Яъни, жиноят иши Бош прокурор биринчи ўринбосари, адлия катта маслаҳатчиси Э.Таджиев қарори билан Навоий вилоят прокуратурасига ўтказилгандан кейин нима ўзгариш бўлди?

Орадан бир неча кун ўтиб, Бош прокуратурадан керакли маълумотни олдик. Унда Навоий вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан ўтказилган қўшимча тергов ҳаракатлари давомида Б.О, У.Д, Ҳ.Э, Б.А, Ш.Ф ва бошқалар гувоҳ тариқасида сўроқ қилиниб, иш ҳолатига ойдинлик киритилгани, шунингдек, А.Джураеванинг ёнидан топилган «Нокиа» русумли мобил телефонидаги смс-хабарлар ва бошқа маълумотларни қайта тиклаш мақсадида компъютер-техника экспертизаси тайинланиб, қарор ва тегишли ашёвий далиллар ижросини таъминлаш учун ДХХга қарашли ҳарбий қисм экспертларига юборилиб, хулосаси олингани, зарурат туғилгани сабабли жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг ажрими асосида А.Джураеванинг мурдаси эксгумация қилиниб, мутахассислар иштирокида кўздан кечирилгани, мурдадан экспертиза учун намуналар олингани қайд этилган.

Шу билан бирга, фуқаролар — М.Қ, Ю.Ф, Н.Қ, П.А, Э.И. гувоҳ тариқасида сўроқ қилингани, жиноят ишининг дастлабки тергови охирги марта 10.04.2019 йилда ЖПКнинг 364-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан тўхтатилгани маълум қилинган.

Охирги маълумот айниқса эътиборга молик, жиноят иши терговининг тўлақонлилигини таъминлаш учун 28.04.2019 йил санасида тегишли кўрсатма берилган ва шу куни Навоий вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан иш тикланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган экан.

Навоий вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Элёр Нарзуллаев билан ҳам телефон орқали суҳбатлашдик. У иш ёпилгани ва яна қайта очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини тасдиқлади. Бу иш Бош прокурор назоратида турганига алоҳида урғу берди.

— Тошкентга келиб, идорама-идора югурмасак, тинимсиз шикоят қилмасак, бу иш аллақачон ёпти-ёпти бўлиб кетарди, — дейди марҳуманинг яна бир тоғаси Рўзибой Отамуродов. — Айрим кишилар, баъзи ташкилотлардаги ходимлар бизни шикоятчи, деб ўйлаши мумкин. Лекин биз жияним қасддан ўлдирилган, деб ҳисоблаймиз ва оиламиз ор-номуси учун курашамиз. Ёшим етмишдан ошди, Худо қанча умр берган, билмайман, аммо кучим, умрим етганича ҳаракатдан тўхтамайман. Чунки жиянимнинг ўлими билан боғлиқ саволлар жуда кўп. Терговчилар ҳаммаси аниқлашиб қолганини айтишади, аммо бироз вақт ўтиб негадир жим бўлиб кетишади, кўнглим сезадики, бу ерда бир гап бор...

Маълум бўлишича, А.Жўраеванинг қўлидаги сумкаси унинг мурдаси топилган жойдан 11-12 километрча узоқроқ бошқа жойдан, Зарафшон дарёси бўйидан, бир ойча вақт ўтгандан сўнг топилган. Сумканинг ичида марҳумага тегишли паспорт ва пластик карта ҳам бўлган. Ажабланарлиси, бир ойча сувда ётган сумканинг ичидаги картага зарар етмаган, текшириб кўришганда у ишлаган. Марҳуманинг яқинлари жиноят изини яшириш учун сумка кейинчалик ташлаб кетилган, деб ҳисоблайди.

Суд тиббий экспертизасининг марҳуманинг ўлими совуқ қотишдан келиб чиққанлиги ҳақидаги хулосаси ҳам баҳсли, дейди мурожаатчилар. Самарқанд вилоят Гидрометеорология бошқармаси маълумотига кўра, 2016 йил 6-11 январь кунлари ўртача ҳаво ҳарорати 6-10 даража илиқ атрофида бўлган.

Мурожаатчиларнинг асосий гумони битта одамдан (исм-фамилияси прокуратурага маълум). Уларнинг айтишича, марҳума бедарак йўқолган куни ўша гумондор кимсадан катта миқдорда қарзга берилган пулни олиши керак бўлган. Орада бошқа қарз берувчилар ҳам бўлган, улар ҳам ўша куни пул келишини кутган.

Телефон сўзлашувлари тарихида акс этган маълумотларга кўра, марҳума воқеа рўй берган кун ва ундан бир кун аввал гумондор билан 30 мартага яқин қўнғироқлашган, қисқа хабарлар (смс) ёзишган. (Қисқа хабарлар тегишли тартибда очиб ўқилган, аммо уларнинг мазмуни мурожаатчиларга номаълум экан). Асосий гумондор 5 январь куни Тошкентдан Самарқандга борган, 6 январь куни марҳума билан бир неча марта телефон орқали гаплашган, ўртада қисқа хабар ёзишмалари бўлган, кечки соат 6 да марҳуманинг уйига яқин ҳудудга келган, марҳума билан телефон орқали гаплашган бўлиб чиқяпти.

6 январь куни марҳуманинг қўл телефони орқали қайд этилган сўнгги манзил Пахтачи тумани Қарнобота маҳалласи ҳудуди бўлган, асосий гумондорга тегишлилиги айтилган қўл телефони орқали ўша куни ярим тунгача айнан шу ҳудуддан алоқага чиқилган. Эртаси кунги сўзлашувлар тарихидаги маълумотларда гумондорга тегишли экани айтилган қўл телефони Тошкентга қайтариб кетилгани акс этган...

Гапимиз чўзилиб кетмаслиги учун уч йиллик воқеанинг асосий тафсилотларига тўхталдик, холос. Мақолани якунламоқчи бўлиб турганимизда марҳуманинг акаси яна қўнғироқ қилди, биз ҳам мурожаатни беэътибор қолдираётганимизни айтиб койинди. Сўнгра ишни Тошкент кўриши керак, бу ердагилар барибир очмайди, деб умидсизланди.

Жиноятнинг тури кўп, хавфлилик даражаси ҳар хил. Эҳтимол, қайсидир жиноят иши ёпилса, ҳеч кимга катта зиён етмас. Қайсидир жиноят иши томонлар ярашуви билан ёпилар... Лекин қотиллик содир этилгани гумон қилинаётган ҳолатдаги ишни ёпиб, ўтиб кетиш фуқаролар ҳуқуқини оёқ ости қилиш, қонунга ва бурчга хиёнат ҳисобланади. Давлатга, хусусан, прокуратурага нисбатан одамларда ишончсизлик туғдиради.

 

Тўлқин Тўрахонов,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: