Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
28.05.2019

ШАХСНИ ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИШ

ёки жиноят содир этган фуқарони бошқа давлатга ушлаб беришнинг процессуал тартиби ҳақида

Ўзбекистон Республикаси жиноятчиликка қарши курашишда кўплаб давлатлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жиноят ишлари бўйича халқаро ҳамкорлик давлатлар ўртасида имзоланган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Улар орасида 1993 йил 22 январда Минскда имзоланган Фуқаролик, оила ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенция (Минск конвенцияси) эса уни имзолаган ва кейинчалик унга қўшилган (Ўзбекистон 1993 йил 6 майда ратификация қилган) давлатлар ўртасидаги муносабатларни жумладан, жиноят ишларини юритишдаги ҳамкорликни тартибга солади.

Давлатлар ўртасида жиноятчиликка доир ишларни юритишдаги ҳамкорлик турли йўналишларда амалга оширилади, улардан бири шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун бошқа (сўраётган) давлатга ушлаб бериш (экстрадиция) — бу халқаро шартнома ва умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқнинг меъёрлари ҳамда қоидалари, халқаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тамойилларига асосланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукмни ижро этиш учун ушлаб бериш (экстрадиция қилиш) тўғрисида сўров Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ёки ўзаро келишув асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан кўриб чиқилади. Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органидан ушлаб берилиши сўралаётган шахс айбланувчи, судланувчи ёки маҳкум мақомида бўлиши керак.

Шахсни жиноий жавобгарликка тортиш, яъни жиноятни тергов қилиш ва судда кўриш иштирокини таъминлаш учун ушлаб беришнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган шахсни жиноят содир этганлик учун жавобгарликка тортиш мақсадида ушлаб бериш сўралаётганда ўша жиноят учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида бир йилдан кам бўлмаган муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган бўлиши керак.

Ҳукм ижросини таъминлаш учун ушлаб берилиши сўралаётган шахс олти ойдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазога ёки оғирроқ жазога ҳукм қилинган бўлиши керак. Сўровни юборган хорижий давлат ўзига нисбатан сўров юборилган шахснинг фақат сўровда кўрсатилган жинояти учун жиноий жавобгарликка тортилишини ҳамда суд муҳокамаси тугаганидан, жазо тайинланган ҳолларда жазони ўтаганидан кейин мазкур давлат ҳудудини эркин тарк эта олишини таъминлаши керак. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг розилигисиз учинчи давлатга чиқариб юборилмаслиги, топширилмаслиги ёки ушлаб берилмаслигини, худди шунингдек, қийноқларга, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги муомалага дучор этилмаслигини ва унга нисбатан ўлим жазоси қўлланилмаслигини кафолатлаши шарт.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган шахсни ушлаб бериш тўғрисидаги сўровни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг кўрсатмаси билан ўринбосари кўриб чиқиб, қарор қабул қилади. Агар бир шахсни ушлаб бериш тўғрисида бир неча хорижий давлатдан сўровлар келиб тушган бўлса, шахсни қайси давлатга ушлаб бериш кераклиги тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори қабул қилади. Шикоят берилган тақдирда, суд томонидан 10 сутка ичида кўриб чиқилади, мазкур суд ажрими устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига апелляция тартибида шикоят билдириш ёки протест келтириш тартиби тушунтирилади. Белгиланган муддат ўтганидан кейин ёки апелляция тартибида шикоят билдирилган ёки протест келтирилган тақдирда, суднинг апелляция ажрими эълон қилинган куни кучга киради. Ушбу жараёнлар амалга оширилганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қабул қилинган қарорни, суднинг ажримини ижро этиш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига юборади.

Шикоят қилишга ушбу шахснинг ўзи ҳақли ҳисобланади. Агар шахсга нисбатан жиноят иши юритилаётган, жумладан у қамокда сақланаётган бўлса, унинг ҳимоячиси томонидан ҳам шикоят берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган шахсни хорижий давлатга ушлаб бериш мумкин бўлмаган ҳолатлар ўрганилади, шундай ҳолатлар аниқланган тақдирда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хорижий давлатнинг ваколатли органини рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда ёзма равишда хабардор қилади.

Ўзига нисбатан ушлаб бериш тўғрисида сўров келиб тушган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бошқа жиноят учун жиноий жавобгарликка тортилаётган (яъни унга нисбатан суриштирув, дастлабки тергов ёки суд ишлари юритилаётган) бўлса, жиноят иши тугатилгунга қадар уни ушлаб бериш кечиктирилиши мумкин.

Ўзбекистон ҳудудида бўлган шахсни ушлаб беришни сўраётган давлат қонунчилигида жавобгарликка тортиш муддатларининг белгиланган ёки белгиланмаганлигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси қонунларига кўра, жиноят учун белгиланган жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги уни ушлаб бермасликка асос бўлади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жазони ўтаётган шахсни хорижий давлатга вақтинчалик ушлаб бериш масаласи ҳам Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари томонидан ҳал қилинади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жазони ўтаётган шахсни вақтинчалик ушлаб беришда хорижий давлат белгиланган муддатда қайтариш мажбуриятини тан олган бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикаси томонидан вақтинча ушлаб берилган шахс жиноят иши бўйича қайси процессуал ҳаракатлар бажарилиши учун ушлаб берилган бўлса, хорижий мамлакатда ўша процессуал ҳаракатлар бажарилганидан кейин, бироқ шахс топширилган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай қайтариб берилиши керак. Вақтинчалик ушлаб бериш муддатини узайтиришга ҳар иккала давлат ваколатли органларининг ўзаро аҳдлашувига кўра йўл қўйилади. Ўзбекистон Республикасида бундай ваколатга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари эга.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, башарти бошқа давлат ҳудудида содир этган жинояти учун ўша давлат судининг ҳукми билан жазоланган бўлмасалар, Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилиги бўйича жавобгарликка тортиладилар. Бундай шахслар ушлаб берилиши мумкин эмас.

Хорижий мамлакатдан келиб тушган сўров ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган шахс қамоққа олинган бўлса, бу ҳақда сўров юборган хорижий давлатнинг ваколатли органи дарҳол ёзма равишда хабардор қилинади.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда суд тақдим этилган материалларнинг асослилигини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалари талабларига риоя этилганлигини ҳисобга олади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ушлаб бериладиган шахсни топшириш жойи, санаси ва вақти ҳақида хорижий давлатнинг ваколатли органини ёзма равишда хабардор қилади. Агар мазкур шахс топшириш учун белгиланган кундан эътиборан ўн беш сутка ичида қабул қилиб олинмаса, у қамоқдан озод қилинади.

Шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун бошқа (сўраётган) давлатга ушлаб бериш жараёни мураккаб ва ўта масъулиятлидир. Энг муҳими, давлатларнинг ички ва халқаро ҳуқуқий актларида шахс дахлсизлигининг кафолатлари ва асосий мезонлари, айбланувчи ва маҳкумни ушлаб беришни сўраётган давлатда инсон ҳуқуқлари таъминланиши меъёрлари, айбсизлик презумпцияси принципи мустаҳкамлаб қўйилган бўлиши керак.

 

Шаҳло САФАРОВА,

ИИВ Академияси 3-босқич курсанти.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: