Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
21.05.2019

ҲИМОЯГА МУҲТОЖ АДВОКАТ

ёки сурхондарёлик Сайдулло Жанаевнинг ўн йиллик сарсонгарчиликлари ҳақида

Яқин беш-ўн йил аввалида Сурхондарё вилоятида суд-ҳуқуқ тизимига ўтказилган босим туфайли бегуноҳ инсонларга нисбатан жиноий иш очилиб, улар сохта айблар билан турли йилларга озодликдан маҳрум қилингани кўпчиликка маълум. Бугун ана шундай жиноий ишлар ўрганилиб, Олий суд томонидан оқлов ҳукмлари чиқарилмоқда, адолатсизликларга барҳам берилмоқда. Адолатсизликларга учраганлар эса оз эмас.

Сурхондарёлик Сайдулло Жанаев ҳозир 62 ёшда, пенсияда. Термиз тумани «Тинчлик» маҳалласида яшайди. 1991 йил Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ҳуқуқшунослик факультетини сиртдан битирган. 1986 йилда Музработ туман суд мажлиси котиби, кейин Термиз туман суди девонхона мудири, суд ижрочиси вазифаларида ишлаган., 1990-91 йилларда Сурхондарё вилоят адлия бошқармасида суд ишлари бўйича катта мутахассис вазифасида фаолият кўрсатган.

1999-2007 йиллар вилоят адвокатлар коллегиясида, кейинчалик «Машъал» адвокатлик фирмасида адвокат бўлган. 2009-2012 йилларда «Сурхон баркамол имкон» адвокатлар ҳайъатида раис вазифасида ишлаган.

Айтиш керакки, Сайдулло Жанаев адвокатлик фаолияти даврида ўз ҳимоясида бўлган кўп инсонларнинг бегуноҳлигини исботлаб, суд залидан озод қилишга эришган. Ўзига босим ўтказмоқчи бўлган, «ундай қилма, бундай қил», деб кўрсатма берган маҳкама мансабдорлари билан келиша олмаган. Лекин айнан ана шу қайсарлиги унинг бошига бало бўлди...

2009 йилнинг май ойида вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари, адвокатлар палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси ҳудудий малака комиссияси раиси П.Бобоёров, Адвокатлар палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси раиси, малака комиссияси аъзоси Аҳмад Қаюмов, малака комиссияси аъзоси Гулнора Сулаймоновалар адвокатларни малака имтиҳонидан ўтказишади. Комиссия Сайдулло Жанаевнинг шахсий варақасига «имтиҳондан ўтмади», деб хулоса беради.

Бундан норози бўлган Сайдулло Жанаев апелляция тартибида республика Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссиясига шикоят билан мурожаат қилади. Комиссия шикоятни ўрганиб, ундан қайта малака имтиҳони олиш ҳақида қарор қабул қилади. Бу сафар ҳам имтиҳонни ўша «учлик» қабул қилади ва «Қанча шикоят қилганинг билан барибир ўзимизга келар экансан-ку», деб устидан кулишади. Сайдулло Жанаевнинг айтишича, барча саволларга тўлиқ жавоб берса-да, малака имтиҳонидан ўтказишмайди.

Шундан кейин у малака комиссиясининг бу қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш учун Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судига мурожаат қилади. 2009 йил 23 декабрда бу иш судья М.Норпўлатов раислигида кўриб чиқилади ва малака комиссиясининг Сайдулло Жанаевга нисбатан адвокатлик лицензиясини бекор қилиш ҳақидаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилади.

Уни севган касбидан маҳрум қилиш мақсадида уюштирилган ҳийла-найранглар иш бермагач, Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, «Сурхон ҳақиқат маскани» адвокатлик ҳайъати Сайдулло Жанаевнинг адвокатлик лицензиясини бекор қилиш ва эгаллаб турган вазифасидан бўшатиш ҳаракатига тушади. Улар мақсадларига эришади.

Бундай тазйиқ ва бўҳтонлардан сабри тугаган Сайдулло Жанаев уларнинг номаъқул ишлари жамоага ва адвокатлик номига иснод келтираётгани ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга, Адвокатлар палатасига шикоят хати ёзади, бундай қонунбузилишларга чек қўйишни сўрайди. Бу ҳақда собиқ МХХ Сурхондарё вилоят бошқармаси ходими, Адлия бошқармаси фаолиятига куратор бўлган Улуғбек Шодиевни огоҳлантиради.

Махсус хизмат ходими унга Аҳмад Қаюмов устидан шикоят қилишни тўхтатишни, акс ҳолда ўзига ёмон бўлишини очиқдан-очиқ айтади. Чунки Аҳмад Қаюмов ўша пайтлари кўплаб бегуноҳ инсонларни очиқ-ойдин бадном қилиб, улар устидан жиноий иш қўзғатиб қаматиб юборган, аҳоли ўртасида «донг» таратган собиқ МХХ тергов бўлими бошлиғи Нодир Тўрақулов билан апоқ-чапоқ эди. Сабаби, Нодир Тўрақулов томонидан ўтказилган тергов ҳаракатларида Аҳмад Қаюмов ҳимоячи сифатида қатнашарди. Ҳатто айрим жиноят ишлари бўйича айбланган шахсларни қўрмаган бўлса-да, шу иш бўйича тузилган ҳужжатларга имзо чекиб келган. Шундай бўлганидан кейин Аҳмад Қаюмов келиб-келиб қандайдир бир адвокатдан қўрқиб ўтирсинми?

Зўрники тегирмон юргизади, деганларидек, Сайдулло Жанаев ўз шикояти натижасини билиш учун прокуратурага борганида мазкур ишга тааллуқли барча ҳужжатларни ҳеч қандай расмий хат бермасдан МХХ ходими Улуғбек Шодиев олиб кетгани маълум бўлади.

Орадан вақт ўтиб, 2012 йилнинг 22 декабрь санаси билан Сайдулло Жанаевга нисбатан Термиз шаҳар прокуратураси томонидан Ўз.Р.МЖтКнинг 40-моддаси билан маъмурий иш қўзғатилиб, мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судига юборилади. Сайдулло Жанаевнинг адвокатлик лицензияси бекор қилинади. Суд 2013 йилнинг 14 январида маъмурий ишни кўриб, иш бўйича суриштирув-текшириш ишлари тўлиқ ва холисона ўтказилмаганлиги сабабли вилоят прокуратураси орқали қўшимча суриштирув ўтказилиши лозимлиги ҳақида қарор чиқаради.

Сурхондарё вилоят прокуратураси Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди қарорини ижро этиш ўрнига 2013 йилнинг 31 январида Сайдулло Жанаевни Ўз.Р.ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари билан шахсга нисбатан асоссиз туҳмат қилганликда айблаб, жиноят иши қўзғатади. Жиноят иши дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориш учун Термиз шаҳар прокуратурасига юборилади.

Маълум сабабларга кўра, Сайдулло Жанаев ишни Термиз шаҳар прокурори Ж.Қўзиев кўриб чиқишини рад этади ва бу жиноят ишини 2013 йил 23 март куни Жарқўрғон туман прокуратураси терговчиси Б.Ҳайдаров ўз иш юритувига қабул қилади.

Сайдулло Жанаев 2013 йилнинг 15 апрелида гумонланувчи тариқасида, 30 апрелда айбланувчи тариқасида сўроқ килинади ва Ўз.Р.ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари билан шахсларга нисбатан асоссиз туҳмат қилганликда айбланади. Чунки унинг шикоят хатида Аҳмад Қаюмов ва Гулнора Сулаймонова қаторида Ф.Абдуллаева, А.Жабборов ва М.Қобилов сингари шахслар ҳам қайд қилинган эди.

Сайдулло Жанаевга тегишли жиноят иши 2013 йил 22 апрелга қадар терговчи Б.Ҳайдаров иш юритувида бўлган ва Ф.Абдуллаева, А.Қаюмов, Г.Сулаймонова, А.Жабборов ва М.Қобиловлар жабрланувчи, деб топилган. 2013 йил 22 апрелдан бу жиноят ишини Жарқўрғон туман прокуратураси терговчиси Ж.Ҳайитбоев ўз иш юритувига олганлиги ҳақида қарор қабул қилинган. Айнан ўша сана билан Сайдулло Жанаевни мажбурий тартибда прокуратурага келтириш, унга нисбатан қидирув эълон қилиш бўйича қарор қабул қилинган.

Бунга қадар Сайдулло Жанаев терговга келмай, сўроқ бермай, яшириниб юрганмиди, деган ҳақли савол туғилади. Йўқ, бу ерда айнан ўша «машҳур» Нодир Тўрақулов томонидан босим ва зулм машинаси ҳаракатга келтирилган. Мақсад — қандай қилиб бўлса-да, уни айбдор қилиш, қаматиб юбориш бўлган. Ўзининг чексиз ваколатга эгалигини кўрсатиб келаётган бу шоввозни жиловлаб қўйишга на вилоят прокуратураси, на суд-ҳуқуқ идоралари ўзида куч топа олмаган, инсон шаъни, амалдаги қонунлар поймол этилган.

Ўз.Р.ЖПКнинг 262-моддаси талабига кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг аниқ яшаш манзили бўлмаган ва у суддан яшириниб юрган тақдирдагина мажбурий тартибда келтириш ҳақида тергов органи ёки суд ажрим чиқариши мумкин. Мазкур модда талабига кўра, аниқ яшаш манзили бўлган судланувчини олдиндан чақирувсиз ва унинг келмаслик сабабларини билмасдан туриб мажбурий келтиришга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.

Сайдулло Жанаев 2013 йил 23 майда Жарқўрғон туман прокуратурасига келиб, жиноят иши материаллари билан танишиш ҳақида баённомани имзолаб, бир нусхасини ўзига олади. Кейинчалик суд жараёнида негадир жиноят иши билан таништириш баённомасидаги 23 май санаси 20 май кунига, 2013 йил 30 апрель кунидаги сўроқ баённомаси 1 май қилиб ўзгартирилганини пайқаб қолади.

Гап шундаки, Сайдулло Жанаевга тегишли жиноят иши бўйича айблов хулосаси 2013 йил 20 май санаси билан эгаллаб турган вазифасидан озод қилинган Жарқўрғон туман прокурори Фарҳод Қурбонов томонидан ўша куни тасдиқланган. Савол туғилади: ҳали тергов ҳаракатлари тугамасдан туриб, Жарқўрғон туман прокурори қандай қилиб уч кун олдин Сайдулло Жанаевга нисбатан айблов хулосасини тасдиқлаши мумкин? Ваколати бўлмаган шахс қандай қилиб айблов хулосани тасдиқлаб берган?

Жиноят иши материалларида ана шундай аралаш-қуралаш, бир-бирини инкор қиладиган ҳолатлар жуда кўп бўлса-да, суд Сайдулло Жанаевга ҳукм чиқаришда ана шу сохта ҳужжатларни асос қилиб олади.

2013 йилнинг 7 август куни Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари, судья О.Тошев раислигида навбатдаги суд жараёни бошланади. Иш бўйича жабрланувчи деб кўрсатилган А.Қаюмов ва Г.Сулаймоновалар, ишонасизми, Сайдулло Жанаевни вилоятнинг бирорта адвокати ҳимоя қилмаслиги ҳақида судьяга тушунтириш беради ва у фақат жамоат ҳимоячиси олиши мумкинлигини билдиради. Сайдулло Жанаев судьядан жамоат ҳимоячиларининг судда иштирок этиши ҳақида ажрим чиқариб беришни сўрайди, лекин унинг илтимоси рад этилади. Суд ниҳоясида Сайдулло Жанаев О.Тошевдан кейинги суд процессига чақирув хати беришни сўрайди. Судья унга суд котиби қўл телефони орқали чақиришини билдиради. Лекин 2013 йил 12 август куни Сайдулло Жанаевни «мажбурий тартибда судга келтириш» ҳақида ғайриқонуний ажрим чиқаради ва шу куннинг ўзида соат 19.29 да факс орқали Термиз тумани ИИБга юборади.

Суд ажримига кўра, гўёки Сайдулло Жанаев 2013 йил 8 август ва 12 август куни суд мажлисига бир неча бор чақирилганига қарамай, суд жараёнига етиб келмаган. Ана шу баҳона билан уни 13 август куни судга гўёки мажбурий тарзда олиб келишади. Судда прокурор вакили С.Рамазонов суд терговини тугатиб, музокарага ўтишни таклиф этади. Сайдулло Жанаев судланувчи сифатида эътироз билдириб, иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун асосий гувоҳлар сўроқ қилинмагани, тегишли маълумотлар олинмагани, қарама-қарши кўрсатмалар бўйича юзлаштириш, тегишли экспертизалар ўтказилмаганини билдиради ва суд терговини давом эттиришни илтимос қилади. Суд унинг илтимосини инобатга олмайди. Давлат айбловчиси С.Рамазонов судьядан Сайдулло Жанаевга нисбатан 2,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни ва суд залидан қамоққа олишни сўрайди.

Сайдулло Жанаев судга ўз эътирозини билдирганида, судья О.Тошев «суд шуни лозим топди», деб, қисқагина жавоб беради. 2013 йил 14 август куни судья унга охирги сўзни бермасдан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси тайинлаш ҳақидаги ҳукмни ўқиб эшиттиради. Сайдулло Жанаевга нисбатан қўзғатилган жиноят ишида унинг қонун билан белгиланган ҳуқуқлари очиқдан-очиқ, қўпол равишда поймол этилади.

Ҳукмдан норози бўлган Сайдулло Жанаев апелляция босқичига шикоят қилади. Иккинчи босқич суди шикоятда кўрсатилган бирорта важни текширмайди ва 2013 йил 19 сентябрда биринчи босқич суд ҳукмини ўз кучида қолдириш ҳақида ажрим чиқаради.

Ўз.Р. ЖКнинг 139-моддасига берилган шарҳларда, инсон қадр-қиммати, шаънини камситувчи, лекин ҳақиқатга тўғри бўлган фактлар туҳмат деб тан олинмаслиги кўрсатилган. Лекин Сайдулло Жанаев ишини кўриб чиққан суд идоралари унга бир ёқлама ёндашиб, фақат унинг айбини топиш ёки асосланмаган айбловлар қўйиш ҳаракатида бўлганга ўхшайди.

Сайдулло Жанаев ўзи адвокат бўлатуриб, ана шундай кўргиликларга дучор бўлди, айрим мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли ўз ҳуқуқини тиклашга ҳам ожизлик қилди. У 2013 йилдан то ҳозиргача адолатни тиклаш мақсадида юқори органларга бир неча марта шикоят билан мурожаат қилди. Лекин унда кўрсатилган важлар қайта текширилмасдан, илгари чиқарилган суд ажримлари асосида такрорий бир хил жавоблар билан айланиб ўзига қайтиб келмоқда.

Сайдулло Жанаев куйиниб бир гапни такрорлайди: ўзим юристман, адвокат бўлганман ахир. Айбдор бўлганимда, биламан, курашишнинг фойдаси йўқ. Лекин мен айбдор эмасман...

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: